Суд харажатларини тўлаш тартиби ва миқдорлари
Маъмурий судларга ариза беришда суд харажатларини тўлаш тартиби ва миқдорлари
Ўзбекистон Республикасининг «Маъмурий суд ишларини юритиши тўғрисида”ги кодексига мувофиқ ҳар қандай манфаатдор шахс ўзининг бузилган ёки низолашилаётган ҳуқуқларини ёхуд қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилиш учун маъмурий судга мурожаат қилишга ҳақли.
Ўзбекистон Республикаси “Давлат божи тўғрисида”ги қонуннинг 10-моддаси 1-қисми 11-бандига кўра, жисмоний шахслар — ўз ҳуқуқларини ва қонуний манфаатларини бузаётган маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг, республика ижро этувчи ҳокимият органларининг, маъмурий-ҳуқуқий фаолиятни амалга оширишга ваколатли бўлган бошқа органларнинг, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг, улар мансабдор шахсларининг қарорлари, ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан судга мурожаат қилганда жисмоний шахслардан давлат божи ундирилмайди. Давлат божи ишнинг натижаси бўйича қаноатлантирилган талабга мутаносиб равишда тарафлардан ундирилади. Бордию ариза қаноатлантиришдан рад қилинса жисмоний шахслардан базавий ҳисоблаш миқдори (БҲМ)нинг 70 фоизи миқдорида ундирилади.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси “Давлат божи тўғрисида”ги қонунига асосан идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар юзасидан низолашиш тўғрисидаги аризалар бўйича Фуқаролардан БҲМнинг 5 баравари, юридик шахс ва якка тартибдаги тадбиркорлардан БҲМнинг 20 баравари, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг, республика ижро этувчи ҳокимият органларининг, маъмурий-ҳуқуқий фаолиятни амалга оширишга ваколатли бўлган бошқа органларнинг, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг қарорлари, улар мансабдор шахсларининг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан берилган аризалар (шикоятлар) бўйича фуқаролардан БҲМнинг 70 фоизи, юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорлардан БҲМнинг 10 баравари, нотариал ҳаракатни амалга ошириш, фуқаролик ҳолати далолатномалари ёзувини рўйхатга олиш рад этилганлиги ёхуд нотариуснинг ёки фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органи мансабдор шахсининг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) юзасидан низолашиш тўғрисидаги аризалардан (шикоятлардан) БҲМнинг 1 баравари, давлат рўйхатидан ўтказиш рад этилганлиги ёхуд белгиланган муддатда давлат рўйхатидан ўтказишдан бўйин товлаганлик устидан шикоят қилиш тўғрисидаги аризалар (шикоятлар) бўйича Фуқаролардан БҲМнинг 1 баравари, юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорлардан БҲМнинг 10 баравари, апелляция, кассация ва тафтиш тартибида берилган шикоятлардан аризалар (шикоятлар) берилганда тўланиши лозим бўлган ставканинг 50 фоизи ундирилади.
Абдуллаев Исломидин Муқимжонович –
Андижон туманлараро маъмурий суди судьяси.