Судлар фаолиятида сунъий интеллектнинг аҳамияти
Кейинги йилларда мамлакатимизда барча соҳалар қатори суд-ҳуқуқ тизимида ҳам кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Суд соҳасидаги ислоҳотлар фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқларининг самарали ҳимоясини кафолатли таъминлаш, одил судлов самарадорлигини оширишга хизмат қилмоқда. Хусусан, Президентимизнинг 2025 йил 21 августда қабул қилинган “Судлар фаолиятига сунъий интеллект технологияларини жорий этиш орқали одил судловга эришиш даражасини ошириш ҳамда суд тизимининг моддий-техник таъминотини яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-140-сонли фармони бу борадаги ислоҳотларнинг изчил давоми сифатида эътироф этилаётгани бежиз эмас.
Мазкур фармонда иқтисодий судлар тузилмасини мақбуллаштириш бўйича аниқ шундай банд белгиланган. Яъни, “иқтисодий судлар тузилмасини оптималлаштириш орқали уларнинг фаолияти самарадорлигини ошириш ва ягона суд амалиётини шакллантириш” белгиланган бўлиб, бу банднинг мазмун-моҳияти:
• “Оптималлаштириш” деганда иқтисодий судлар таркиби, ташкил этилиши, лавозимлар ва суд ҳудудлари бўйича уларнинг тузилиши қайта кўриб чиқилиши назарда тутилган. Яъни, судлар сони, уларнинг ҳудудий таркиби, қайси турдаги иқтисодий ишлар қайси судда кўрилиши каби жиҳатлар яхшироқ мувофиқлаштирилиши лозим.
• Судлар фаолияти самарадорлигини ошириш учун мақсад қолдирилган вазифаларни тез ва муассир бажариш, ишларни кўриш вақти, оддийлаштирилган процессуал йўллар, ресурслардан самарали фойдаланиш каби чоралар кўришни ҳам талаб қилади.
• Ягона суд амалиётини шакллантириш деганда, суд қарорларининг стандартлашуви, принципларининг бир хил бўлиши, тартиб ва қоидаларнинг барча иқтисодий судларда бир хиллиги, низоларни ҳал этишдаги экспертизалар, техник ёрдам ва ҳужжатларни кўриш юзасидан амалиёт бир хил бўлиши кўзда тутилиши мумкин.
Мазкур банднинг амалиётини таъминлаш учун керак бўладиган ва муҳокама қилинадиган айрим жиҳатлари:
1. Норматив-ҳуқуқий базани такомиллаштириш — судлар ҳақидаги, иқтисодий процессуал қонунлар, маъмурий суд ва иқтисодий судлар ўртасидаги юрисдикция масалалари бўйича қонунчиликдаги носозликлар, қайси ишлар қайси тур судларда кўрилади, ваколатлар чегаралари аниқ бўлиши керак.
2. Техник ва моддий-маънавий ресурслар — судлар инфратузилмаси яратиш, зарур техника, ахборот тизимлари, электрон архивлар, судьялар ва суд аппарати ходимлари учун таълим ва малака ошириш.
3. Электрон хизматлар ва рақамлаштириш — “Рақамли суд” концепцияси, электрон аризалар қабул қилиш, суд ҳужжатларини автоматик тайёрлаш, виртуал маслаҳатчи, ахборот порталлари жорий этиш. Бунда иқтисодий судлар ҳам шуларга қўшилиши лозим.
4. Самарадорликни баҳолаш ва мониторинг — судлар фаолиятини таҳлил қилиш, статистик маълумотлар тўплаш (ишлар сони, муддатлари, бекор қилинган қарорлар), улар асосида суд амалиётини такомиллаштириш чораларини белгилаш.
Хулоса қилиб айтганда, давлатимиз раҳбари томонидан мазкур фармон қабул қилиниши орқали судлар фаолиятига сунъий интеллект технологияларини жорий этиш ҳамда рақамлаштириш жараёнларини жадаллаштириш, шунингдек, судларда фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари учун қулай шарт-шароитлар яратиб беришда муҳим омил бўлиб хизмат қилади.
Пардаев Бобуржон Мирзоевич –
Андижон туманлараро маъмурий суди судьяси.