Порахўрлик – оғир жиноят


АДОЛАТЛИ ЖАМИЯТ САРИ

Порахўрлик – оғир жиноят

  Бугунги тезкор замонда жаҳон ҳамжамиятидаги энг жирканч муаммолари негизида коррупция, яъни порахўрликка қарши курашиш муҳим ўрин эгаллайди.
   Маълумки, коррупция мамлакат тараққиётига тўсиқ бўлиб, адолат ва қонунийлик принципларига путур етказади, иқтисодий ривожланишни издан чиқариб, давлат маблағларининг самарасиз сарфланишига шароит яратади ва ўз навбатида тадбиркорлик муҳитини заифлаштиради. Бу эса албатта, жамиятда тенгсизлик, адолатсизлик ҳиссини кучайтириб, фуқароларнинг давлат идораларига бўлган ишончини сўндиради.
    Ҳозирги кунда давлат хизматлари соҳасига сунъий интеллект ва рақамлаштириш жараёнларини кириб келиши ўз-ўзидан инсон омили билан боғлиқ соҳаларни қисқаришига олиб келади. Ушбу давр билан боғлиқ ижтимоий-сиёсий омил эса очиқлик ва шаффофликни таъминлаб, коррупциявий тўсиқларга барҳам беришга замин яратади.
    Коррупциянинг зарарлари асосан уч турга бўлинади:
– Иқтисодий оқибатлар – мамлакатда инвестициялар оқимини камайтиради, тадбиркорлик муҳитини заифлаштиради, давлат маблағларининг самарасиз сарфланишига олиб келади.
– Ижтимоий оқибатлар – жамиятда тенгсизликни кучайтиради, фуқароларда “адолатсизлик ҳисси”ни уйғотади, маънавий таназзулга сабаб бўлади.
– Сиёсий оқибатлар – давлат бошқарувига ишончни йўқотади, демократик жараёнларни издан чиқаради.
Порахўрлик аслида нима? Порахўрлик – бу инсонларнинг харом ва ҳалолнинг фарқини англамаслиги деб ҳисоблайман. Зотан, жамиятнинг таназзули ҳам айнан ана шундай порахўрлик, давлат мулкига кўз олайтириш, қонунларни менсимаслик, лоқайдлик каби салбий иллатлар сабаб юзага келади.  
    Мамлакат тақдирини ҳалол ва харомнинг фарқини мукаммал таҳлил қила оладиган, халқ манфаатини шахсий манфаатидан устун қўядиган, диёнатли, виждонли, комил инсонларга топширилганда мақсадлар камол топади.
   Ҳақиқатни ҳимоя қилиб, хақ сўзни айтадиган судьялар тахсинга лойиқ. Бу борада судьялар мустақиллиги принципига раҳна соладиган нопок шахсларга нисбатан ҳар қандай вазиятда муросасизлик муҳитини яратишимиз шарт деб ҳисоблайман. Тизимда ҳар бир ходим порахўрлик иллатига қарши кураша олса, коррупциявий ҳолатларга барҳам беришда ўз ҳиссасини қўшса, қонунлар ижроси тизимли ва шаффоф тарзда ҳал қилиниб, айбдор шахсларга нисбатан жазо чораси муқаррарлиги таъминланса жамиятда соғлом муҳит шаклланади.
    Шу ўринда, Ўзбекистон Республикасининг амалдаги процессуал қонунларига қўшимчалар киритилишини мақсадга мувофиқ, деб биламан. Суриштирувчи, терговчи, прокурор ва судья томонидан тарафларга ва процесснинг бошқа иштирокчиларига пора олиш ва пора бериш жинояти оқибатлари ҳамда ҳар қандай коррупциявий ҳолатлар бўйича Республика Коррупция Агентлиги  ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга дарҳол хабар бериш мажбурияти юкланса мамлакатимизда коррупцияга қарши курашда албатта ўз самарасини беради ва манфаатли бўлади, деб ҳисоблайман. 

Моҳидил МАМАТБАЕВА,
Жиноят ишлари бўйича
Наманган шаҳар судининг судьяси.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:



Маълумот