Ёқилғи-энергетика соҳасидаги қўшимча чора-тадбирлар


   Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 16 апрелдаги “Ёқилғи-энергетика соҳасида бозор механизмларини жорий этишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги 204-сонли Қарорига асосан аҳоли истеъмолига белгиланган тарифлар ва уларнинг нархлари қандай?
   Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан 2024 йил 16 апрель санасида “Ёқилғи-энергетика соҳасида бозор механизмларини жорий этишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги 204-сонли Қарори қабул қилинди.
   Юқоридаги қарорга кўра ёқилғи-энергетика соҳасини ислоҳ қилиш бўйича бир қатор чора тадбирлар белгиланди. Жумладан, табиий газ ва электр энергиясини ишлаб чиқариш, узатиш, тақсимлаш, сотиш ва иссиқлик энергиясини ишлаб чиқариш тарифлари, электр ва иссиқлик энергияси, шунингдек, табиий газ истеъмолчилари ва улгуржи қайта сотувчилардан тушадиган маблағларни тақсимлаш тартиби каби ҳолатлар ислоҳ қилиниши белгиланди. 
   Мазкур қарордан кўзланган мақсад ёқилғи-энергетика ресурсларидан мақсадли фойдаланиш, табиий газ ва электр энергиясининг манзилли етиб боришини таъминлашни кучайтириш, ҳудудларда тадбиркорлик соҳасида янги турдаги ишлаб чиқариш соҳаларини ривожлантириш, электр энергиясини барқарорлигини таъминлаш, ўзбошимчалик билан табиий газ ҳамда электр энергияси тармоқларига уланиш ҳолатларига чек қўйиш белгиланган.
   Ушбу қарорга кўра 2024 йил 1 май санасидан маиший истеъмолчилар учун бир ойдаги истеъмолдан келиб чиқиб:

- ойига 200 кВт соатгача – 450 сўмдан;
- ойига 201 кВт соатдан 1000 кВт соатгача – 900 сўмдан;
- ойига 1001 кВт соатдан 5000 кВт соатгача – 1350 сўмдан;
- ойига 5001 кВт соатдан 10000 кВт соатгача – 1575 сўмдан;
- ойига 10001 кВт соат ва ундан юқори куб метр учун – 2600 сўмдан тўлов қилиниши белгиланди.

   2024 йил 1 май санасидан коммунал-маиший эҳтиёжлар учун аҳолига (газни ҳисобга олиш приборлари мавжуд бўлганда):

- март– октабр ойлари давомида бир ойдаги истеъмолдан келиб чиқиб:

ойига 100 куб метргача – 650 сўмдан;
ойига 100 куб метрдан 2500 куб метргача – 1500 сўмдан;
ойига 2501 куб метрдан 5000 куб метргача – 1950 сўмдан
ойига 5001 куб метрдан 10000 куб метргача – 2275 сўмдан;
ойига 10001 куб метрдан ва ундан юқори куб метр учун – 2600 сўмдан тўлов қилиниши белгиланди.

- ноябрь – февраль ойлари давомида бир ойдаги истеъмолдан келиб чиқиб:

ойига 500 куб метргача – 650 сўмдан;
ойига 501 куб метрдан 2500 куб метргача – 1500 сўмдан;
ойига 2501 куб метрдан 5000 куб метргача – 1950 сўмдан;
ойига 5001 куб метрдан 10000 куб метргача – 2275 сўмдан;
ойига 10001 куб метрдан ва ундан юқори куб метр учун – 2600 сўмдан тўлов қилиниши белгиланди.

   Эҳтиёжманд оилаларга табиий газ ва электр энергиясидан фойдаланишда меъёрдан ошган нархлар ўртасидаги фарқ компенсация қилиб берилади, яъни табиий газ учун ойига меъёрдан ортиқ фойдаланилган 250 куб метргача; электр учун ойига меъёрдан ортиқ фойдаланилган 150 кВт соатгача компенсация қилиб берилади.
   Шунингдек, эҳтиёжманд оилаларга табиий газ ва электр энергиясидан фойдаланишда ноябрь ойида 270 000 сўм миқдорида бир марталик ёрдам берилиши белгиланди.
   Эҳтиёжманд сифатида “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри”га киритилган оилалар, шунингдек, реестрга киритилмаган эҳтиёжманд оилалар қўшимча рўйхати “Маҳалла еттилиги” томонидан шакллантирилади ҳамда туман (шаҳар) ҳокимликлари ҳам реестрга киритилган оилалар сонининг 15 фоизидан ошмаган ҳолда қўшимча эҳтиёжманд оилаларни аниқлаб киритади.
   Эҳтиёжманд оилалар ушбу имтиёзлардан фойдаланишда маҳаллалар кесимида “Маҳалла еттилиги”га мурожаат қилади. Маҳалла еттилиги томонидан берилган маълумотларга асосан туман (шаҳар)да жойлашган “Инсон” ижтимоий хизматлари орқали амалга оширилиши белгиланган.

Хайитбоев Шерали Камолидин ўғли -
Андижон вилоят, Булоқбоши тумани 
Адлия бўлими, Инсон ҳуқуқларини 
ҳимоя қилиш ва ҳуқуқни қўллаш амалиётини 
ўрганиш бўлинмаси бош маслаҳатчиси.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:



Маълумот