БОЛАЛАРНИНГ УВОЛИ ТУТМАСИН!


   Бу қутининг номи «Baby-box. «Baby-hutch», «Window of Life« ҳам дейилади. Бир сўз билан ифодалаганда, ота-онаси воз кечган гўдакларни аноним топшириш учун махсус жиҳозланган жой. Кўп хорижий мамлакатлардаги одатий ускуна. У давлат хизматлари ва органларининг ҳомийлигида тиббий муассасаларда (давлат ва хусусий), диний ташкилотларда жойлаштирилади. «Бейбибокс» ичидаги муҳит ташқарида қандай об-ҳаво бўлишига қарамай, гўдак ҳаёти учун хавф туғдирмайди. Қолаверса, ташландиқ бола у ерда кўп қолмайди. Чунки, она қутини очаётганда-ёқ керакли жойларга сигнал кетади. Атрофида камера қўйилмагани учун гўдагидан воз кечган онанинг кимлиги номаълум қолади. У беномус, фоҳишадир. Бироқ ҳеч ким унга ўз боласининг қотили деган тамғани босмайди. Пешонаси шўр нораста ит, мушук, каламушлар, қурт-қумурсқа, балиқларга ем бўлмайди. Совуқда музламайди, саратонда жизғанаги чиқмайди. Ахлат қутиларда чиримайди. Сув қоғозларда нафаси етмай, бўғилиб ўлмайди. Ҳожатхоналарда инсон нажосатидан заҳарланиб нобуд бўлмайди…Хуллас, тирик қолади ва балки келажакда жуда яхши инсон бўлиб камолга етади. «Бейбибокс»да қолдирилган гўдак аввал давлат қарамоғига олинади. Сўнг, тирноққа зор оилалар бағрига топширилади. Азалдан болажон миллат бўлганимиз учун бундай ускуналар бизга бегона, номининг ўзи ғашимизни келтирарди. Кимсан, уруш йиллари ўзининг етимларига қўшиб минглаб етимларни боққан ўзбек, тўққиз ой қорнида кўтариб юрган жигарпорасини бейбибоксда қолдирармиди? Аммо, минг афсус бундай шармандагарчиликни қабул қилишга аллақачон етиб келганмиз.Фақат буни тан олгимиз келмайди. Шахсан ўзим бундан йигирма тўрт йил аввал ҳожатхонада қуртлаган гўдак мурдасини кўрганимдан бери «бейбибокс»лар ўрнатилишини мантиқан тўғри деб биламан. Ўшанда ишхонадаги раҳбари билан ўйнашиб қўйган ўн саккиз ёш қотилнинг башараси бир умр ёдимда қолган. Гувоҳ сифатида чақирилган қўшнилар, шифокорлар майли, минг бир даҳшатга гувоҳ бўлган криминалистлар, гўдакни ахлат ичидан олган ИИВ вакиллари ҳам чидолмай ўкириб йиғлаган, она аталмиш жонзот эса саволларга бамайлихотир жавоб берганча, сақич чайнаб ўтирганди. Ундан сўнг тилла занжир учун гўдагини кўчадаги ўриндиққа қолдириб, дайди итларга тишлатган разил билан ҳам танишганман. Китоб варағидек йиртилиб ётган эт гўёки фарзандиники эмасдек, бир вақтлар эри ваъда қилиб олиб бермаган занжир ҳақида гапирганди... Кейин болалар уйида -10 даража совуқда кўприк остига ташлаб кетилган йигитча билан танишганман. Юпунроқ кийиниб юрганини кўрсам, дакки берардим. У эса: — Мени этимни онам ўлдириб бўлган. Қаҳратон қишда ўлмаганман, бу совуқлар нима бўлибди, - деб жавоб берарди. Бриллиант кўзли зирак учун ўласи қилиб урилган..., синдирилган битта чинни лаган учун юзи бир қарич кесилиб, бир умрга тиртиқ бўлиб қолган...., трос билан боғланиб уч кун ертўлада сақланган...., товуқхонада товуқ донини еган...., бенгал зотли арзанда мушукни бўктириб қўйгани учун онаси томондан автобекатда қолдирилиб, дайдилар томонидан зўрланган .... Бу мен билган ва қисман гувоҳи бўлган воқеалар. Бошқалари-чи?! Хуллас, ҳозир «бейбибокс» миллат шаънига тўғри келадими, йўқми, деб тортишиб ўтирадиган вақт эмас. Айниқса, уй йўлагига ташлаб кетилган эгизаклар воқеасидан сўнг. Яна бир гап. Болалар уйлари фаолияти қайта тикланиши шарт! Ҳарбий, мелиса ва бошқа давлат органлари хизматчиларига мажбуран қўйдек тарқатилган болалар зуғум ва миннат ичида ўсмасин! Давлатдан миллиардлаб қарз олиб, ўзини «суперота» қилиб кўрсатаётган қўштирноқ ичидаги миллионер балки меҳрибондир, бироқ дўппи тор келиб қолса «бир қучоқ етимим» бор деб, баҳона қилмаслигига ким кафолат беради? Мақсади шу бўлгандир демайману, лекин кўнглимнинг бир чети қоронғу-да. Бўлмаса бола учун минглаб навбат кутаётганлар турганида етти -саккизтасини битта, ўзининг бола-чақаси кўп оилага бериш мумкинми? Ўзим ҳам бир вақтлар «Меҳрибонлик уйида» ишлаганман (расмий эмас, кўнгилли ўлароқ) ва ўз кўзим билан кўрганман у ердаги муҳит, меҳр-оқибат, аҳилликни. Болалар катта жамоада бўлса-да бир-бирини қўллаб-қувватлаб улғайишарди. Ҳа, онда-сонда хунук воқеалар ҳам бўлиб турган. Лекин ҳар қалай вазият назорат остида эди. Ҳозир-чи? Ўзим таниган болалардан бири бир нечта ўғил болаларни асраб олган оиладан уч марта қочиб кетган. Охирги марта аранг топилди. Нега қочаётганини сўрадим. ИИВ тизимида ишлайдиган зўравон ота «давлат мажбурлаб бергани учун олганман санларни, етимчалар» деб бўлар-бўлмасга ураверар экан. — Давлат бизга пул ажратади ку. Лекин у еган бир тишлам нонимизгача миннат қилиб, дўппослайверади. Қариндош-уруғ даврасида ўсасизлар дейишганди. Бироқ қариндошлар йиғилса, биз фақат «саховатли» отамизнинг жонли экспонатлари сифатида кўрсатиламиз, холос. Кейин бир хонага қамаб қўйишади... Хоразмда бўлиб ўтган воқеалар ҳам болалар уйларини тикланиши долзарблигига ишорадир. Қизи тенги норасталарни зўрлаганлар муносиб жазоланмагандан сўнг кафолат борми бундай разилликлар қайталанмаслигига? Тўғри, фарзанд асраб олган меҳрибон инсонлар, бағри кенг оилалар ҳам йўқ эмас, уларга бошим ерга теккунча таъзимдаман. Бироқ, яна қанча ваҳшийликлар, разилликлардан эл бехабар, қанча зўравонлар, қанча педофиллар, қанча болакушлар жамиятда бемалол юрган экан? 

Муаззам Иброҳимова










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:



Маълумот