«СЎНГГИ КУН 3» ҚАНДАЙ ЁЗИЛДИ?


   Ўтган йилнинг куз ойидан бошлаб, «Бекажон» газетаси саҳифаларида адиба Нигина Ниёзнинг «Сўнгги кун 3» асари чоп этила бошлади. Ундаги сирли воқеалар, ўлимдан кейинги ҳаёт билан боғлиқ ҳодиса ва мулоҳазалар кўплаб мухлисларимизни қизиқтириб қўйди.
    Албатта, асарни сонма-сон кузатиб борган мухлисларимизда бир қанча саволлар туғилиши табиий. Шу боис, асар якунида адибанинг ўзи билан суҳбатлашишни жоиз деб топдик ва унга муштарийларимизни қизиқтирган саволлар билан мурожаат қилдик.

«БЕМОРЛИК ҲАҚИДА АСАР ЁЗИЛМАГАН!»

— Нима учун яна шу мавзуга қўл урдингиз? «Сўнгги кун»нинг иккинчи китоби чиққанига ҳам анча вақт бўлди. Яна ўлимдан кейинги ҳаёт мавзусига қайтишингизга нима туртки бўлди?
— Тўғриси, мен бу асарни давом эттираман, деб ўйламагандим. Аслида, асарни давом эттириш, уни бир неча жилдли қилиб чиқариш унчалик яхши фикр эмас, деб ҳисоблардим. Аммо машҳур ёзувчи Жожо Мойеснинг туркум асарларини ўқиб чиққач, бу услуб менга ҳам ёқиб қолди. У Лу Кларк исмли қизнинг ҳаёти ҳақидаги ҳикояларни учта китобга жойлаган. «Сен билан учрашгунча» (2012), «Сендан кейин» (2015), «Мен ўша қизман» (2018) номли асарларида Лу Кларкнинг севгиси, изтироблари ва бошидан ўтган воқеалар ҳақида ҳикоя қилинади. Агар Жожо Мойес бу қиз ҳақидаги китобларини яна ёзганида, мен уларни ҳам албатта ўқиб чиққан бўлардим.
    Шунингдек, коронавирус пандемияси бошланган пайтда Жон Гриннинг яна бир ажойиб асари билан танишдим. У «Юлдузлар айбдор» деб номланади. Бу асар АҚШ ҳамда ҳинд кинематографчилари томонидан экранлаштирилган бўлиб, унда саратон касаллигига чалинган ўсмирлар тақдири ҳақида ҳикоя қилинади. Бу асар менга, очиғи, қаттиқ таъсир қилди. Ҳақиқатан ҳам, биз оғир касаллик билан курашаётганлар ҳақида етарлича асар ёзмаганмиз. Уларнинг нигоҳи билан ҳаётга, тирикликка баҳо бермаганмиз. Аслида узоқ давом этадиган дард билан курашаётган беморнинг ҳаёти, унинг атрофдагиларга ва борлиққа бўлган муносабати бизникидан фарқ қилади. Бу ҳам алоҳида бир давр эканлигини кейинчалик тушундим. Мен буни жуда оғир синов деб атаган бўлардим. Шу боис ҳам «беморлик — ибодатга тенг», деб бежиз айтишмаган!
    Чунки томоғингдан бир луқма ўтмаса ва ҳамиша оғриқ исканжасида бўлсанг, инсонга ҳаёт ҳам, тириклик ҳам татимайди. Шундай ҳолатда яшаб қолиш учун кураш инсондан катта матонатни талаб қилади. Дейдиларки, одамни касаллик эмас, қўрқув енгиб қўяркан! Зеро, ўлимнинг шарпасини яқиндан ҳис қилиш, унинг атрофингда изғиб юрганини билишнинг ўзи одамни тушкунликка солади. Шу боис «Сўнгги кун»нинг доимий асосий мавзуси — ўлим ҳодисаси, унинг қандай юз бериши ва бу ҳолатда одам нималарни ҳис қилишини тушунтириб бериш мен учун қизиқарли туюлди. Бу борада янгидан-янги воқеаларни изладим ва уларни сизга тақдим этгим келди.

«ДЎЗАХДА ЁНГАН ОТА ҲАҚИДА!»

— «Сўнгги кун»нинг аввалги китобларида ҳикоя қилинган воқеалар реал ҳаётда бўлганини айтган эдингиз. Янги асарингиздаги воқеаларни ҳам одамлар айтиб беришдими?
– Чиндан ҳам, ундаги аксарият воқеалар ҳаётдан олинган. Биз у дунёдаги ҳаёт ҳақида жуда оз тушунчага эгамиз. Шунга қарамай, орамизда у дунё остонасидан қайтган кишиларни учратиш мумкин. «Сўнгги кун» асари ёзилганидан кейин жуда кўпчилик менга бошидан ўтган шу каби воқеаларни гапириб берадиган бўлди. Зираҳол ая билан мени парапсихолог Саида Мамадалиева таништирган эди.
     Зираҳол аянинг ўғли навқирон ёшида тўсатдан вафот этган, бундан куюнган она қаттиқ стресс ҳолатига тушиб қолган эди. Орадан ўн йил ўтса-да, бу дардни енга олмаганди. Онахон менга марҳум ўғиллари улар билан кўришгани келиб туришини, у билан худди тирикдек гаплашишларини айтиб берди. Фақат у онасидан бошқа ҳеч кимга кўринмас экан. Аянинг марҳум ўғли билан гаплашишлари, тортишишлари, қабрни тирноқлари билан ковлашлари, ўғлини бемор ҳолатда кўришлари ва унинг бошқа оламда ҳаётга қайтганини билгани — ҳаммасини Зираҳол ая сўзлаб берган. Биз унга озгина ўзгартириш киритдик, холос. Чунки воқеанинг хотимаси, марҳум нима сабабдан орадан ўн йил ўтса ҳам моддий дунёга келиб туриши, нега бақо оламига равона бўлмагани жумбоқ эди. 
    Аслида, марҳумнинг моддий дунёда бир битмаган, кўнгли узилмаган иши қолсагина, бу оламда ушланиб қолади. Мен шу сабабни излаб топишга ҳаракат қилдим. Зираҳол аянинг айтишича, марҳумлар биз билан ёнма-ён — ёндош оламда яшайдилар. Улар ёндош оламга ўтиб, ўғилларининг оилали бўлганини, уч-тўртта фарзанди борлигини ҳам кўрганлар. Лекин биз китобхонни чалғитмаслик учун бу воқеаларни асарга киритмадик. Чунки ёндош олам масаласи — бу алоҳида мавзу. Балки Зираҳол ая ботинда шундай бўлишини истаганлари учун ҳам ўша оламни кўргандирлар, ўғилларининг фарзандли бўлганига гувоҳ бўлгандирлар. Биз бу воқеаларни янада таъсирли чиқиши учун моддий оламга кўчирдик. Энди буёғи нима бўлганини, Зираҳол аянинг ўғлини бу дунёда қандай сир ушлаб турганини китобни ўқигач билиб оласиз. Воқеага бироз ўзгартириш киритганим учун ҳам қаҳрамонимнинг исмини ўзгартиришга тўғри келди. Бу мен эшитган энг ҳаяжонли воқеалардан бири. Асардаги Зубайда ая — Зираҳол аянинг прототипидир.
   «Сўнгги кун 3» ёзилишига яна бир сабаб танишимнинг қўнғироғи бўлди. Унинг яқин таниши вафот этган эди. Айтишига қараганда, марҳум ичкиликка ружу қўйган, шу сабабдан ишидан ва даромадидан айрилган экан. Етмаганига унинг ўғли қанд касалига чалиниб, кўзлари ожиз бўлиб қолган. Танишим ўша кишининг дўзахда ёнаётганини тушида кўрган. У дўзахда азобланиб ётиб: «Майли, ўзим ёнсам ҳам майли, лекин кўзларимни асраб қолинг, мен уларни ўғлимга бермоқчиман!» деб бақирар эмиш. Бу воқеада мени ҳайратга солган жиҳат — оталик мақоми ва оталик масъулияти бўлди. Ота дўзахда ёнаётиб ҳам боласини ўйлаяпти. У жаҳаннам азобидан оталик меҳрини устун қўймоқда. Мен оталик мақоми шунчалик мўътабар ва улуғ эканини таъкидламоқчи бўлдим.
    Бу воқеалардан чиқарган биринчи хулосам шуки, одам бақо оламига ўтгач, ўлганини дарров англамайди. «Танамдаман, тирикман!» деб ўйлайди.
     Асарда Жаҳонгирнинг отаси 44 ёшида тўсатдан вафот этади. Аммо у ўлганини тушунмайди. Уни кўмиб келишган бўлса-да, у ўғлининг тушига кириб: «Энди нима қиламан? Мени қутқар, ташлаб кетма!» деб ўғлига ёпишиб олади. Айниқса, шу воқеа билан танишгач, қаттиқ таъсирландим. Эркак ўлим ҳақида ўйламаган, унга тайёр ҳам эмас эди. Одамнинг тўсатдан вафот этиши бу дунёдагиларни эсанкиратиб қўйганидек, у дунёга рихлат этган кишининг ўзини ҳам довдиратиб қўяр экан, деган хулосага келдим.

«ЗИЛОЛАНИНГ ЎЛИМИ ҒОЯТ АЧИНАРЛИ...»

— Барибир, ўлим ҳақидаги воқеалар одамнинг этини жунжиктиради. Лекин бу сафар асарингиздаги воқеалар анча ҳаётий эканига ва унда даҳшатли тасвирларга кам ўрин берилганига эътибор қилдим. «Сўнгги кун 3» аввалги жилдларидан шу жиҳати билан анча фарқ қилади. Нега бу сафар услубингиздан «чекиндингиз»?
— Табиатан биз ҳар хилмиз. Кимгадир қўрқинчли туюлган воқеалар бошқа одамга у қадар таъсир қилмаслиги мумкин. Лекин «Сўнгги кун»нинг илк китобларини ўқиган китобхонларнинг айримлари ундаги воқеалардан чўчиганларини айтишди. Бу мен учун анча нохуш ҳолат бўлди. Гарчи китобхонларга бу фантастик асар эканини таъкидласам-да, одамлар уни ҳақиқий воқеалар сифатида қабул қилишди. Ҳатто уни ўқишдан чўчиб, четга суриб қўйганлар ҳам бўлди. Айниқса, кекса ёшдаги кишилар бундан анча хавотир олишди. Аслида бу асар яқинидан айрилганларга юпанч бўлсин, деб ёзилган эди. Яна «ўлим — энг яхши тарбиячи», дейдилар. Шу боис, унда ўғри-қотилларнинг дўзахда кўрган азоблари ҳақида ҳам ёзган эдим. Чунки улар бу дунёда жазодан қутулиб қолсалар ҳам, у дунёда жазодан қочиб қутулолмасликлари ҳақида ибрат бор эди. Албатта, бундан мақсад — одамларни яхшиликка чақириш эди. Учинчи асарда эса шу сабабдан қўрқинчли воқеаларга урғу берилмади.
— Икромжон билан Зилоланинг воқеаси ғоят ачинарли. Очиғи, биз, китобхонлар, Зилоланинг тақдири фожиа билан якунланишини истамаган эдик. Уни бошқача ёзса ҳам бўларди-ку?
— Тўғри, ўзим ҳам бундай бўлишини истамаганман. Баъзида асар воқеалари муаллифга бўйсунмайди. Асарнинг ўз ички қонунияти бўлади, агар унга риоя қилмасангиз, асар ишонарсиз чиқади.
   Икромжон билан Зилола воқеасини, асосан, чин муҳаббатнинг борлигига ишонтириш учун асарга киритганмиз. Бугунги кунда кўпчилик ёшлар севги-муҳаббат деганда бойликни, дабдабани, қулайликни тушуниб қолишяпти. «Сенга пул сарфласа, шоҳона шароит яратиб берса, демак, у севади; агар бундай бўлмаса, у севмайди ёки лапашанг», деган тамғани босишади. Лекин бойларнинг ўзига хос ҳурмача қилиқлари, феъл-атвори борлигини кўпчилик ёш қизлар тушунмайди. 
    Икромжон билан Саидакбар иккиси ҳам диндор, лекин икки хил одам. Мен Икромжон образи орқали ҳақиқий мўминнинг одоби, гўзал қалби ва хулқини кўрсатиб беришга ҳаракат қилдим. Саидакбар ҳам диндор, лекин у радикал, мутаассиб одам. Ана шу мутаассиблик ва худбинлик Зилоланинг бевақт ўлимига сабаб бўлди, деб ўйлайман.
     Мен Зилолани олиб қолишга ҳар қанақасига уриниб кўрдим, лекин иложини топа олмадим. Айнан ана шу воқеалар асарнинг тўртинчи жилдини ёзишга ундаяпти. Лекин билмадим, ҳозирча аниқ бир нарса деёлмайман, чунки бу асарда айтмоқчи бўлган ҳамма гапларимни айтиб улгурмадим.

«САРАТОНГА ЧАЛИНГАН КЕЛИН МЎЪЖИЗАКОР ДАВО ТОПГАН!»

— Сиз бу сафар қабристондаги хилхоналар ва баъзи жодугарларнинг қилмишларини ҳам қаламга олгансиз. Булар ҳам ҳаётий воқеаларми? Кўкраги шишиб кетган, саратон ташхиси қўйилган келин ҳақидаги ҳикоянгизни назарда тутяпман...
— Мухлисларимдан бири айнан шу воқеани эслаб қолибди. Унда собиқ қайнона ўз ўғлини шумликка кўндиради. Сеҳр-жоду оқибатида ёш келинда саратон белгилари пайдо бўлади: бир кўкраги шишиб кетади, ўзи озиб, овқат емай қўяди. Гарчи ташқи белгилар саратондан далолат берса-да, тиббий таҳлилларда бу тасдиқланмайди. Икромжон (фармацевт ва табиб) уни бир кўришдаёқ саратон эмаслигини тушуниб етади. Аммо беморнинг онаси қизини табибга кўрсатишга қаршилик қилади. 
   Бу воқеани менга парапсихолог Саида Мамадалиева айтиб берганди. Улар хусусий клиника очиб, беморларни ноанъанавий усулда даволашади. Бир куни уларнинг олдига саратоннинг сўнгги босқичи ташхиси билан бир ёш жувонни олиб келишади. Саиданинг айтишича, қайнона келиннинг паспортидаги суратини қабрга кўмдириб, жоду қилдирган экан. Қайтариқ қилинганидан кейин ўша келин дори-дармонсиз, мўъжизавий тарзда тузалиб кетади. Афсуски, ҳаётда бундай воқеалар учраб туради ва орамизда пул эвазига ёмонликдан қайтмайдиган кимсалар бор.
    Хилхоналар билан боғлиқ ҳолатлар ҳам ўйлантиради. Инсон вафот этгач, барча гуноҳлари билан тупроққа қўйилади. Афсуски, бу билан у гуноҳларидан фориғ бўлмайди. Ҳатто унинг қилган гуноҳлари ёнида ётган майитларга ҳам таъсир қилиши мумкин экан. Ёзиш жараёнида бу ҳақиқатларни теранроқ англаб етдим. Менинг фикримча, хилхоналар инсонга ибрат бўлиши керак.

«ТЎЙГА ТЎЁНАСИЗ КЕЛГАНЛАР...»

— Ҳар сафар асар ёзганингизда ўзингиз учун ҳам янги бир кашфиёт қиласизми?
— Албатта. Асарнинг ғоявий йўналиши бўлмаса, уни ёзмаган маъқул. Кўпчилик билса-да, мен учун қуйидаги ҳақиқат янгилик бўлди: инсон фақат тирикликдагина синовлардан ўтиб, охират учун замин ярата олади. Вафот этгач, бу имкониятдан маҳрум бўлади. Унинг Охират уйига олиб ўтадиган бор бисоти — тириклигида қилган савоб ишлари, яхшиликлари ва ибодатларидир. Инсон вафот этгач, бу вазифани биз — яқинлари давом эттира олар эканмиз. Эл-юртга қилинган эҳсонлар, хатми Қуръонлар ва ўтганлар ҳақига қилинган дуолар уларнинг Охиратдаги қисматини енгиллаштиради. 
   Кўп ҳолларда марҳумлар тушга кириб, буни илтимос қиладилар. Сиз истакни бажарсангиз, уларнинг руҳи ором топади. Биз буни воқеалар мисолида таъсирли қилиб ёритишга жазм этдик. Асар бош қаҳрамонларидан бири тўсатдан вафот этади ва ўз ҳолатини: «Тўйга тўёнасиз, бўш қўл билан келгандек ҳис қилдим ўзимни!» дея изоҳлайди. Гап шу ҳақда. Агар бу ҳаётимизда савоб ишлар қилмасак, Аллоҳнинг синовларидан ўта олмасак, у дунёга ҳам худди шундай бўш қўл билан борамиз. Шундай экан, яхшиликни ва савоб ишни бугундан бошлаш керак.
Бу ҳаёт бизга берилган энг катта неъмат! Уни муносиб яшаб ўтиш ва эзгу ишлар қилиш барчамизга насиб қилсин! «Сўнгги кун 3»ни ёзишдан кўзланган пировард мақсад ҳам одамларга айнан шу ҳақиқатларни эслатиб қўйиш эди.
— Нигина опа, мароқли суҳбатингиз учун «Бекажон» мухлислари номидан сизга миннатдорлик билдирамиз ва асарнинг китоб ҳолида чоп этилишини интизорлик билан кутиб қоламиз.

Музаффар МУҲАММАДНАЗАР суҳбатлашди.
Манба: «Бекажон» газетасининг № 30 
23.07.2026 йилги сони.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:



Маълумот