“СЎНГГИ КУН”НИНГ ДАВОМИ БОРМИ?


    Юртимизда мистика-фантастика жанрида ижод қиладиган адиблар саноқли. Ижоднинг бу жанри реалистик прозадан кўра анча мураккаб. Чунки бу жанр ўқувчиларни улар билмаган, кўрмаган дунё сари етаклайди. Ҳаётимизда ўзимиз илғамайдиган илоҳий белгиларга нисбатан беэътибор бўлмасликни ўргатади.
    Ёзувчи Нигина Ниёз асарлари ана шу жиҳати билан китобхонларни ўзига жалб этади.
    Биз адиба билан мистика жанри сирлари, бу жанрдаги ғоялар қандай туғилиши, ҳаётнинг биз билмайдиган сарҳадлари ҳақида суҳбатлашдик.

“КОСА ТАГИДА, НИМА КОСА!”

– Мистика, фантастика жанрида кўплаб китоблар ёздингиз. Кейинги йилларда ҳажвияларни ҳам ёзяпсиз. Сатира ва юмор ҳаётдаги иллатларни кулги орқали очиб беради. СИЗни ҳажвий асарлар ёзишга қайси омиллар ундади?
   Ғояларни қаердан оласиз ва нима учун айнан шу жанрлар ижодингизнинг асосий йўналишига айланганини тушунтирсангиз.
– Мен аслида ижодимни кичик-кичик ҳажвиялар ёзишдан бошлаганман. Биринчи ҳажвиям мактабда ўқиётган давримда “Ленин учқуни”, ҳозирги “Тонг юлдузи” газетасида босилиб чиққан. Уни ҳатто радиопостановка ҳам қилишган. Аслида мен болалигимдан ҳазил-мутойибани яхши кўраман. Чехов, Зошченко, Азиз Несин асарларини мириқиб ўқир эдим. Бу икки жанрда доим ижод қилганман.
    Сатира – менимча, энг мураккаб ва энг ўқимишли жанр. Бунда ижодкор айрим айтиб бўлмайдиган, тақиқ қўйилган фикрларни ҳам усталик билан айтиб кета олади. “Коса тагида, нима коса” деганларидай, ҳажвияда катта-катта муаммоларга “нозиккина” ишоралар қилинади. Ана шу нарса одамга завқ беради. Чехов, Зошченко асарларидаги нозик ишораларни эсланг. “Калишимга ачинаман. Уни орқаси аллақачон йиртилиб тушган бўлса ҳам, ёнлари ҳали бус-бутун эди. Эссиз тумонат ичида калишимни тушириб қўйдим...” деб ёзади Зошченко. Бу ўринда ёзувчи халқнинг ночор аҳволига ишора қиляпти. Унинг қаҳрамони йиртиқ калишини йўқотиб қўйганига ачиняпти. Эътибор қилинг, қандай ажойиб топилма!
    Мистик асарни тугатганимдан кейин, албатта, бирон ҳажвий асар ёзишга қўл ураман. Ҳажвий қисса ва ҳикояларимни тўплаб, “Бир кунлик куёв” номи билан нашр қилганман. Аслида ҳажвий асарларимни дам олиш учун ёзаман. Чунки мистика жанри анча оғир жанр. Аммо иккисидан ҳам завқ олиб ёзаман.
    Ҳажвия ёзаётган бўлсам, кулиб маза қиламан. Мистика жанри эса менга дунёни, тирикликни англашга ёрдам беради ва уни ёзаётган чоғимда инсондан яширилган, парда ортидаги қайси бир сирларни билиб олаётганга ўхшайман.
    Ғояларнинг туғилиши энг жумбоқли масала бўлса керак. Баъзида у мияда ўз-ўзидан пайдо бўлади. Баъзида ва ҳатто кўп ҳолларда тушларимизда аён беради. Кимлардир, номаълум хилқатлар шуни ёзишга ундаётгандай. Ёзаётган асаримнинг айрим лавҳаларини тушларимда кўраман. Аслида ғоялар қаердандир олинмайди, ғоялар ижодкорнинг юрагида туғилади, деб ўйлайман. Чунки ижодкорнинг табиати шунақа. У бошқа одамларга нисбатан таъсирчан ва кузатувчан бўлади. У бирон иллатга, ижтимоий адолатсизликка гувоҳ бўлса, индамай кетолмайди. Бу ҳолат унинг юрагини ларзага солади. Шундай ҳолатлардан бири бу ўлим ҳодисаси деб ўйлайман мен. Бу ҳолатга бефарқ қарайдиган одамнинг ўзи бўлмаса керак. Баъзида у инсон ҳаётидаги энг катта сир ва энг катта адолатсизликка ўхшаб туюлади. Айниқса, ота-оналаримиз билан боғланган ришталар ҳеч қачон узилмайди. Шу вақтгача вафот этган отаси ёки онасини ёинки боласини кўзига ёш олмай, йиғламай туриб, эслаган одамни кўрмадим...Бу айрилиқ яраси ҳеч қачон битмайди. “Сўнгги кун” мистик романи айнан шу мавзуга бағишланган. Бу асарни яқинидан айрилганлар учун бир юпанч бўлсин, деб ёзишни бошладим. Ишлаш жараёнида ўлим ҳодисасини ҳам диний, ҳам илмий томондан ўрганишга ҳаракат қилдим.
   Фантастика жанрининг имкониятлари кенг. Сиз бу жанр орқали коинотларни кезишингиз, қаҳрамонингизни ноодатий вазиятларга тушириб, унинг руҳиятини очиб беришингиз мумкин. Шунингдек, фантастика жанри жамиятдаги ижтимоий адолатсизликларни ёритиш учун жуда қўл келади.
    Америкалик фантаст ёзувчи Урсула Ле Гуин “Ўрмон учун, тинчлик учун бир сўз” (“Слово для леса и мира одно”) асарида АҚШ ҳарбий қўмондонлигининг Вьетнамда олиб борган урушини бошқа сайёрага кўчириш орқали юрагидаги бор гапларни, Вьетнам халқига адолатсизлик қилинаётганини тасвирлаган. Кейинчалик унинг асарларидаги воқеалар дунёга машҳур бўлган “Аватар” фильмига ҳам асос бўлди. Урсула Ле Гуиннинг инсоннинг табиат билан уйғун яшаши кераклиги ғояси бу фильмнинг асосини ташкил қилади. Яъни, фантастика жанрида ҳар қандай муаммони кўтариб чиқса бўлади ва буни балки ҳамма эмас, керакли одамларнинг ўзлари илғаб олишади.

“ҲАЁТДА ОТА-ОНАДАН ЎЗГА ДЎСТ БЎЛМАЙДИМИ?”

– Асарларингизда шахсий тажриба ёки таржимаи ҳолингизга оид унсурлар борми?
   Кўп ёзувчилар ўз асарларига шахсий кечинмаларини қўшадилар ва ҳақиқий воқеалар қанчалик тўқима воқеалар билан чатишиб кетганини билиш ўқувчиларга қизиқарли. СИЗ ҳам қайси асарларингизда таржимаи ҳолингиз, кўрган ва кечирганларингизни ифодалагансиз?
– Биз ёзувчиларда ҳам актёрларда бўлгани каби “агар унинг ўрнида мен бўлганимда-чи?” деган тушунча бор. Яъни, биз ўзимизни қаҳрамонларимиз ўрнига қўйиб, у ҳис қилган нарсаларни ҳис қилиб ёза олишимиз керак. Актёрлар буни ҳаракатлари ва ҳолат орқали кўрсатиб беришса, биз буни сўз, ўхшатишлар орқали қаҳрамоннинг ички ҳолатини ифодалаб берамиз. Яна буни шундай ифодалаш керакки, ўқувчи уни кўрсин, ўша ҳолатни кўз олдига келтира олсин!
    Билмадим, мен ўлим ҳолатида бўлган одамлар ҳақида кўп ёзганман. Бунинг учун албатта, шу ҳолатда бўлган, яъни клиник ўлим ҳолатида бўлган кишиларнинг хотираларини ўқиб ўрганганман.
    Мен ҳар бир асаримни у ўз ҳаётимда бўлгандай қилиб ёзганман, деб ўйлайман. Лекин кўпроқ “Қалтис қадам” асари мени таржимаи ҳолимга анча яқин. Ундаги қаҳрамонларнинг кўпи ҳаётда бор одамлар. Айниқса, асардаги дугонам Зумрад, синфдошим, унинг исми ҳам шундай. Аслида ҳаётимда муҳим роль ўйнаган, мен учун қадрли бўлган дугоналарим кўп. Улардан бири истеъдодли журналист, Шуҳрат медали соҳиби Маъпура Набиева, ёзувчи Меҳринисо Қурбонова, филолог Сумбула Ёқубова, Раъно Маҳмудова, ҳажвчи ёзувчи Туҳфа Назарова. Улар ҳаётимнинг бир қисми – менинг оила аъзоларимдир. Чунки улар ҳамиша менга мададкор бўлишган, доим мени қўллаб-қувватлаганлар, ёзганларимни завқ билан ўқиб чиққан ва яхши сўзлар билан кўнглимни кўтарганлар. Яхши-ёмон кунимда ёнимда бўлганлар. Мен бир чеккаси бу асарим орқали чин дўстликни ва у ҳаётда борлигини кўрсатгим келди. Айримлар ота-онадан ўзга дўст бўлмайди, деб ўйлашади. Лекин ҳаётда чин дўстлар бўлади. Ахир Эркин Воҳидов “Дўст билан обод уйинг, гар бўлса у вайрона ҳам!” деб бежизга ёзмаган. Шу дўстларим менинг оилам!
    Яна асарнинг менинг ҳаётимга яқин томони бефарзанд аёл қисматидир. Мени фарзандларим йўқ. Ахир ҳаётда мен каби қанчадан-қанча аёллар бор. Мен уларнинг дардларини ҳам олиб чиққим келди. Бошқалар бефарзанд аёллар изтиробларини тушунишларини истадим, ҳис қилиб кўришларини истадим. Бу асарнинг яна бир яхши жиҳати у одамларни тақдир ишораларига нисбатан эътиборли бўлишни ўргатади. Тақдир ишоралари бу бор нарса! “Ҳозирча, ўтган замонларга бориш ва қилган хатомизни тузатиш учун вақт қурилмаси йўқ, лекин бизда тақдир ишораларини пайқаш имконияти бор!” деб ёзилади асарда. Агар одам эътиборли бўлса, ҳаётда қалтис хатоларга йўл қўймас, балки...

“БИЗ БИЛМАГАН ҲАММА ҒАЙРИОДДИЙ ҲОЛАТ ҚЎРҚИНЧЛИ!”

– Мистикада қайси ғояларни энг муҳим деб ҳисоблайсиз?
    Жанрнинг қайси жиҳатлари СИЗга кўпроқ яқинроқ: қўрқув, жумбоқ, ғайритабиийлик ёки бошқа нарсами?
– Мистика жанри аслида энг оғир, юкли жанрлардан бири. Аввало мени ғайритабиий вазият ва ҳолатлар ўзига жалб қилади. Мақсадим, одамларни қўрқитиш эмас. Бир парапсихолог тадқиқотчи “инсон учун ўзи билмайдиган ҳар қандай ғайриоддий ҳолат унга қўрқинчли туюлади. Қўрқув билимсизлик оқибатидир!”, деб ёзган эди. Чиндан ҳам биз ғайб олами, параллель дунёлар, ўлимдан кейинги ҳаёт ҳақида жуда кам билимга эгамиз. Шунинг учун ғайб олами мавжудотлари ва марҳумлар мавзуси бизда қўрқув уйғотади. Чуни биз кўзимиз кўриб турган воқеликнигина қабул қила оламиз. Аслида ўлим парапсихологияда ва теософияда бир шаклдаги ҳаётнинг тугаши ва иккинчи шаклдаги ҳаётнинг бошланиши, деб эътироф қилинади. Шунингдек, Аллоҳ Таоло одамларни яратгани каби кўз илғамайдиган шарпа ҳолидаги махлуқларни ҳам яратган ва сиз билан биз яшаётган олам фақат уч ўлчамдан иборат эмас. Масалан, чумолини оладиган бўлсак, биолог олимларнинг таъкидлашича,  у икки ўлчамли оламда яшайди ва табиийки, бизни кўра олмайди. Шу каби биз ҳам уч ўлчамдан бошқа оламда яшовчи мавжудотларни кўра олмаймиз.
    Дунё жуда мураккаб тузилган, уни ўрганишга жазм этганингиз сари у янада мураккаблашиб бораверади. Менга ана шу - биз билмаган дунёни ўрганиш ва англаш, ундаги ўз ўрнимизни билиш ва ўлимдан кейинги қисматимизни билиш қизиқарли.
    Кўп ҳолларда жин-ажиналарни ва балки марҳумларни ҳам кинематографчилар нотўғри талқин қилишади. Аслида биз “жин-ажина” деб атайдиган мавжудотлар биздан-да мураккаб, биздан мутлақо фарқ қиладиган ёндош олам эгаларидир. Биз уларнинг ҳаёт тарзи ва кўникмаларини билмаймиз. Шу боис уларнинг ҳаётига аралашмаганимиз маъқул, деб ўйлайман. Биз улар ҳақида ҳеч нарса билмаганимиз учун, улар кўзимизга қўрқинчли бўлиб кўринади. Кўп ҳолларда улар табиатидан бехабарлигимиз туфайли ўзимиз билмаган ҳолда уларга зарар етказиб қўямиз. Улар ҳам ўз ўрнида бунга жавоб қайтарадилар.   
– Ижодий жараёнингизга чуқурроқ назар ташлаш баробарида ижодга қанчалик чуқур киришганингизни баҳолашга интилган пайтларимизда яна бир савол туғилади:Мистик воқеалар жараёни ҳатто ўзингиз учун ҳам қўрқинчли бўлган пайтлар бўлганми?
– Мистика аслида ҳам қўрқинчли жанр. Аммо мен уни кўпинча “биз билмаган дунё” сифатида ёритишга ҳаракат қилганман. Қўрқинчлилик даражасини камайтиришга ҳаракат қилсам-да, бунга эришиш қийин бўлган.
    Мен бундан анча йиллар илгари “Қора қизнинг кўз ёшлари” номли мистик қисса ёзганман. Чиндан ҳам қўрқинчли асар эди. Унда ўзга олам тизимини, уларнинг яшаш тарзини ва одамларга бўлган муносабатини, уларнинг биз учун қанчалар хавфли эканини ёритишга ҳаракат қилганман. Чунки уларда шундай салоҳият борки, улар истаган одамнинг қиёфасига кира оладилар. Қиссадаги воқеаларнинг таг-замирида ёндош олам мавжудотларини ўрганишга бўлган қизиқиш устун бўлган. Бунинг учун парапсихологларнинг китобларини ўқиб чиққанман. Унда ёндош оламда яшайдиган латиф мавжудотлар таснифи берилган ва табиатини изоҳлашга уринганлар. Қарангки, миямизда пайдо бўлган яхши-ёмон фикрлар ҳам ёндош оламда яшаб қолар экан. Чунки фикр – бу ҳам қувват кўринишидаги материядир. У ҳеч қаёққа йўқолиб кетмайди. Шунинг учун диний адабиётларда фикрни покиза тутиш кераклиги ҳақида кўп таъкидланади, қайта ва қайта таъкидланади.
    Аслида “Қора қизнинг кўз ёшлари”ни тунда ёзишга чўчир эдим. Ва қарангки, у “қўрқинчли асар” деган ном олди ва айрим мухлисларим, бу китобни ёқишгача боришди...
    Ниятим, ҳеч кимни қўрқитиш эмас, истагим биз билмаган оламни ўрганиш эди, холос.
   Ва баъзида менга қўрқинчли туюлмаган лавҳалар, бошқалар учун қўрқинчли эканини билиб, ҳайрон қолган пайтларим ҳам бўлган.  
– Ижодингизда жанрлар хилма-хиллигини кенгайтиришингиз тажрибалар учун имконият деб тушунсак бўладими?
– Йўқ, ундай эмас. Мен шунчаки, доим янгилик қилишни яхши кўраман ва ҳамиша изланишдаман. Агар ҳажвия жанрини назарда тутаётган бўлсангиз, мен илгаридан ҳажвиялар ёзганман ва буни алоҳида китоб ҳолида чоп этганман.
    У қандай жанр бўлишидан қатъий назар, инсон психологиясини очиб бериш ва ҳаётдаги ижтимоий иллатларни кўрсатиш мен учун энг муҳим вазифадир. Адибнинг пировард мақсади ҳам шу. 

“БУТУН БОШЛИ САЙЁРАНИ КАШФ ҚИЛГАН ВА ТАСВИРЛАГАН ЁЗУВЧИ!”

– Асарларингиз бир-биридан қизиқарли. Ижодингиз билан энди танишаётганларга асарларингизнинг бошланғич нуқтасини танлашда муаллифнинг фикри муҳим. Шу нуқтаи назардан келиб чиққан ҳолда, ижодингиз билан илк бор танишаётган ёш китобхонларга асарларингиздан қайси китоб ёки ҳикояни ўқиш билан бошлашни тавсия этасиз?
– Ҳар бир китобхон ўз қизиқишлари ва таъбига кўра асар танлайди. Кимгадир масалан, “Сўнгги кун” ўлимдан кейинги ҳаёт қизиқдир, ким учундир “Бир кунлик куёв”га ўхшаган ҳажвий қиссалар қизиқарли бўлиши мумкин. Шу ҳар иккала китобни ҳам ўқишни тавсия қилган бўлардим. Аммо ўзим яхши кўрадиган ва бошқа бунақа асар ёзилмайди, деб ҳисоблайдиган ҳикояларим бор. Бу “Аросатда қолган қиз” ва “Биллур боғдаги учрашув” номли ҳикояларимдир. Агар кимдир ижодимга қизиқаётган бўлса, мутолаани “Арвоҳ жазман” номли ҳикоялар тўпламини ўқишдан бошлашни тавсия қиламан. Чунки бу китобга киритилган ҳикоялар қисқа ва анча енгил ўқилади. 

“БЕНУҚСОН ҚАҲРАМОН СУНЪИЙ ОДАМГА ЎХШАЙДИ!”

– Ёзувчининг таъсирланиш манбалари ва қайси асарлар у учун афзал эканлиги ҳақида билиш унинг услубини тушунишга имкон беради. Мистика жанридаги севимли муаллифларингиз кимлар? Улар орасида ижодингизга таъсир кўрсатганлар борми?
– Айнан мистика жанрими ёки умуман фантастик асарларми?
    Мистика жанрига қизиқишим Алексей Толстойнинг “Упир” (“Қонхўр арвоҳ”) қиссасини ўқишдан бошланган. Аслида “Қора қизнинг кўз ёшлари” шу асар таъсирида ёзилган десам ҳам бўлади. Адиб воқеаларни шундай тасвирлаганки, улар китобхонга чиндан юз бераётгандай туюлади. Асарда у кўпроқ юнон мифологиясидан фойдаланган.
   Мен илҳомланган асарлар жуда кўп. Масалан, япон ёзувчиси Акуттагава, аргентиналик ёзувчи Хорхе Луис Борхес. Улардаги мажозий фикрлаш, нафақат тасвирларда, балки бутун бошли сюжетни мажоз устига қуриш мени ўзига мафтун этган, десам тўғри бўлади.  
    Албатта, қайси бир асар менга ёқса, мен улардан илҳомланганман. Альбер Камьюнинг “Бегона” асари ҳам менда катта таассурот қолдирган.
   У асарида руҳий таназзулга учраган замондошимиз образини яратади.
   Асар қаҳрамонларини ижобий ва салбий қаҳрамонларга бўлиб ўрганган постсовет даври ёзувчилари учун бу чинакамига янгилик бўлган. Қаҳрамонни шу қадар аниқ ва қусурлари билан бирга тасвирлаш мени лол қолдирган.
   Асар қаҳрамон онасининг ўлими билан бошланади ва қаҳрамоннинг бу қадар лоқайдлиги сизни ҳайрон қолдиради. “Тобутни очайликми, онангизни сўнгги бор кўрасизми?” деб сўраганларида, қаҳрамон “бундан нима фойда, у ахир ўлиб бўлган-ку!” дейди. Ва кейинги воқеалар шу фожиа асосига қурилади. Унинг онасига бўлган муносабати қаҳрамон ҳаётида мудҳиш роль ўйнайди.
    Бу асарнинг менга маъқул бўлган жиҳати образ яратишдаги янгилик бўлган. Яъни, инсон феъл-атворидаги зиддият ва иллатларни очиқ-ойдин кўрсатиб бериш. Чунки бенуқсон инсоннинг ўзи йўқ. Шунинг учун ҳам бизнинг бенуқсон ижобий қаҳрамонларимиз сунъий одамга ўхшаб қолар эдилар ва кўп ҳолларда бу образлар ва улар билан боғлиқ воқеалар ишонарсиз туюларди. Альбер Камью шубҳасиз, ХХ аср адабиётининг энг буюк намояндаларидан биридир.
    Албатта, мен ҳам унга ҳавас қилиб, илк марта ўзбек адабиётида ўзига хос “Муштумзўр қиз” образини яратдим. Мен уни нозик, латофатли, ибо-хаёли эмас, ўрни келганда ўзини ҳимоя қила оладиган, бироз худбин, аммо ёш қизларга суқ билан қарайдиган кекса эркакларни масхаралашдан тоймайдиган қаҳрамон сифатида ёритдим. Аслида бу асарим “Сирли олам” журналида ишлаб юрган кезларим ёзилган ва унда оз бўлса-да, таҳририят ҳаёти ҳам ёритилган. Энг муҳими, бу қисса ҳам ҳажвий руҳда ёзилган ва у “Шарқ юлдузи” журналида тўлиқ босилиб чиққан. Ўшанда журналда раҳматли адибимиз Омон Мухтор бош муҳаррир эдилар. Бу асар уларга маъқул бўлган ва менга “ҳажвий асар ёзиш қўлингиздан келар экан!” деганлар. Ўзимга ҳам шу қиссам жуда ёқади. Мен бу асаримни менга машҳурлик олиб келган “Сўнгги кун” асаримдан кўра кўпроқ қадрлайман. Чунки бу асарда анчагина ижтимоий муаммолар қаламга олинган. Бу асарда менинг ички “меним” юзага чиққан. 

“АСАРДАН ҲАМ ЯХШИ ЧИҚҚАН ФИЛЬМЛАР БОР!”    

– Қайси асарларингиз асосида фильм олинишини истардингиз? Китоб муҳитини фильмга тўлақонли кўчириш мумкин деб ҳисоблайсизми?
    Адабиёт ва кинонинг ўзаро таъсири ҳақида қандай фикрдасиз?
– Албатта, менимча. Кўпгина адиблар асарлари асосида кино ишланишини исташади. Лекин бу иккиси алоҳида жанр ва иккисининг ҳам ўзига яраша қонун-қоидалари бор.
    Прозаик асарни экранга қандай бўлса, шундайлигича кўчиришнинг сира иложи йўқ. Лекин ҳаётда аслидан қолишмайдиган фильмлар бор.
    Америкалик адиба аёл Маргарет Митчеллнинг “Шамолларда қолган ҳисларим” асари экранизацияси ХХ асрнинг энг яхши фильми сифатида тан олинган ва ўнта Оскар билан тақдирланган.
   Лев Толстойнинг “Уруш ва тинчлик”, “Анна Каренина” асарлари экранизацияси, поляк фантаст ёзувчиси Станислав Лемнинг “Солярис” асари асосида ишланган бадиий фильм, Абдулла Қодирийнинг “Ўтган кунлар”, “Меҳробдан чаён” асарлари асосида ишланган фильмлар, Пиримқул Қодировнинг “Юлдузли тунлар”и асосида ишланган кўп қисмли видеофильм, Тоҳир Маликнинг “Шайтанат” асари асосида ишланган кўп қисмли фильмлар -  асар воқеаларини юз фоиз акс эттирмаган бўлса-да, асардаги муҳитни, асосий сюжетни тўлиқ қамраб олган, ундаги муҳит ва ғояни очиб бера олган. Аксарият кўпчилик, аввал фильмни кўриб, кейин асарни ўқишга жазм қилишган.
   Аммо ҳамма бадиий асарларни ҳам кино қилиб бўлмайди. Кинода сюжет, воқеалар изчиллиги муҳим роль ўйнайди. Адабиётда эса шундай асарлар борки, уларда тайин бир сюжетни кўрмайсиз. Шу маънода менинг баъзи асарларимни кино қилиш жуда қийин, деб ўйлайман. Аммо воқеалар изчил ривожланадиган асарларим асосида кино ишланишини истаган бўлардим.
    “Телепат ёхуд у дунёдан қайтган йигит” асари асосида сценарий ҳам ёзганмиз, унга режиссёрлар ҳам қизиқиш билдиришди. Лекин асардаги фантастик элементларни ҳамда ўтган асрнинг 80-йилларини экранга кўчириш катта маблағ талаб қилишини, бу осон эмаслигини айтишди. Менга ҳатто шу жойларини ўзгартириб беринг, деб ҳам мурожаат қилишди. Аммо буни мен истамадим.
    “Бир кунлик куёв” ҳажвий қиссам асосида ҳам комедия ишласа бўлади, деб ўйлайман. Мухлисларимнинг айтишларича, қайси бир хусусий киноижодкорлар унинг бошланиш қисмини кино ҳам қилишган, лекин давом эттира олмаганлар. Улар муаллифдан рухсат сўрамай, асарнинг бош қисми асосида қичиқ эпизодни суратга олишган. Бу ҳақда менга мухлисларим айтиб қолишди. Улар шу лавҳанинг тагига “Бу Нигина Ниёзнинг “Бир кунлик куёв” асари асосида ишланган лавҳа-ку, мен у китобни ўқиганман. Муаллифдан рухсат сўрадингларми?” деб изоҳ ёзиб қолдиришган. Лекин киночилар улар билан алоқага чиқишмаган ва фильмнинг давоми ишланмаган. Хуллас, бугунги кунда кўчирмачилар ҳам кўпайиб кетган.
    Кино соҳаси жуда катта маблағ талаб қилади. Бунинг учун продюсер ва ҳомийлар топиш керак. Фантастика жанри эса шу маънода энг пул кўп сарфланадиган ва маҳорат талаб қиладиган жанр. Ҳозирча, бизнинг киноижодкорларимиз фантастика жанрига ишониб-ишонмай қўл уришяпти. Ҳатто “Миллий” телеканали ижодкорлари томонидан “Алҳазар” номли мистика жанрида теленовеллалар ишланди. Лекин уларнинг даражаси жуда паст ва жўн бўлиб қолган. Шундай бўлса-да, мен бу киноижодкорларни шу жанрга қўл уришга журъат этганлари учун ҳам ҳурмат қилдим. Чунки бизлар ҳам буни қачондир бошлашимиз керак-ку!
– Янги асар устида иш бошлашдан олдин хаёлингизда воқеалар ривожини режалаштириб, тахминан пишитиб оласизми ёки ёзиш жараёнида ўз-ўзидан хаёлингизга қуйилиб келадими?
– Ҳеч нарса ўз-ўзидан қуйилиб келмайди. Ҳар қандай асарни ёзишдан олдин унга жиддий тайёргарлик кўрилади. Айниқса, фантастика жанри одамдан ЖУДА КЎП БИЛИМ талаб қилади. Асарингиз ишонарли чиқиши учун ўша деталларни топа олишингиз, инсон кечинмаларини маҳорат билан тасвирлай билишингиз керак. Акс ҳолда фантастик асар жўн бир нарса бўлиб қолади. Одамлар ундаги воқеаларга ишонмагач, ўқимай қўя қолади. Масалан, Станислав Лем “Солярис”ни ёзиш учун маконга тегишли бўлган физика ва математика қонунларини, астрономияни ўрганиб чиққан. Коинот тузилиши хусусидаги энг янги илмий фаразлар билан танишган. Ҳатто унинг бу соҳада олган билимларига математиклар тан беришган ва “Солярис”ни қатъий илмий асосга эга бўлган фантастик асар, деб баҳолашган.  Агар ёзувчи шундай қилмаганида эди, биз фазо қаърида “Солярис” деган сайёра борлигига ишонмаган бўлардик. Бу асарни ўқиган одам фазо, коинот нақадар мураккаб тузилганини англайди. Ҳаётнинг ердаги шаклидан фарқ қиладиган, тириклик, онгли ҳаётнинг биз тасаввур ҳам қилолмайдиган шакллари борлигига амин бўлади.
    Асар воқеалари баъзан қуйилиб келади, баъзан изланишга тўғри келади. Асарнинг ўз ички қонунияти борки, у ижодкорни ўзига бўйсундиради. Бу мантиқ! Ёзаётганларингиз мантиқан тўғри бўлиши керак. Абдулла Қодирий ҳам Кумушни ўлдиришни хоҳламаган, лекин асардаги воқеалар ҳукми шуни тақозо этган. Агар Кумуш тирик қолганида биринчидан, бу мантиққа тўғри келмасди, иккинчидан, бизда ҳозиргидай ўткир таассурот қолдирмаган бўларди.

“ДАНГАСАЛИКНИ ЕНГИШ КЕРАК!”

– Ижодий инқирозларни қандай енгасиз? Кўп ёзувчилар маълум муддат бундай кезларда ёза олмай қолишади. Бу каби тўсиқни бартараф этишга ёрдам берадиган синалган усулларингиз борми?
– Инқироз атамасини ижодга нисбатан ишлатиш мумкинмикан? Балки мумкиндир...Лекин мен буни инқироз демаган бўлардим. Албатта, ижодкор дам олмаса, нимадандир сиқилаётган бўлса, у ёза олмаслиги мумкин. Ёки қаттиқ чарчаганида ҳам у ижод қилолмайди.
    Ижодкор бундай пайтда дам олиши керак. Агар ёзишдан безган бўлса, ўзига танаффус берсин!
   Менда ҳам бошимга мусибатлар тушганида ижоддан узоқлашган пайтларим бўлган. Мен буни табиий қабул қилганман. Ва маълум муддат ёзмаганман. Ёзмаган пайтларимда мен китоб мутолаа қилганман. Йигирма биринчи аср прозаиклари асарлари билан танишганман. Аммо мен катта асар ёзмаган пайтимда барибир ҳикоялар ёзаман, қораламалар қиламан. Ижодкор одам, у ҳамиша изланишда бўлади, кўнгли ёзишни истайверади. Бу инқироз эмас, ёзишни истамаслик! Ёки қандайдир ўзига бўлган талабнинг кучайиши, деб ҳам айтиш мумкиндир?!
    Ёзувчи ҳам ўз ижодига баҳо бера олади. У аввалги услубидан қониқмайди ва бу даражадан юқорироққа кўтарилишини истайди. Шунинг учун ёзаётганлари ўзига ёқмай қолади.
    Тўсиқ эмас, дангасаликдан қутулиш керак, деган бўлардим. Раҳматли устозим Тоҳир Малик мени кўпинча “Сиз дангасасиз. Ёзмаган пайтларингизда ҳеч бўлмаса, бўлғуси асарингиз воқеаларини миянгизда пишитиб юринг, у-бу лавҳалар келиб қолса, уларни қоғозга тушириб қўйинг!”  дер эдилар. Боя таъкидлаганимдай, Альбер Камю ҳам шундай ижод қилар экан. Асаридаги у-бу кўриниш ва жараёнларни қисқа-қисқа қилиб ёзиб юраркан, кейинчалик бу парчаларни бутлаб, яхлит асарга айлантирар экан. Яна бир бошқа ёзувчи ўзини ижод столига “михлаб” қўйиш учун сочини у ер-бу еридан яккам-дуккам қилиб олиб қўяр экан. Шундай қилса, у кўчага чиқолмай, ёзишга мажбур бўларкан-да. Хуллас, ҳаётда бу каби ғалати мисоллар жуда кўп. Аслида ижодкорларни мен  табиатан бу дунё қонунларига бўйсунмайдиган одамлар, деб ҳисоблайман.
   Мен ҳамиша ёзгим келмаса ёки ижодда узоқроқ танаффус қилган бўлсам, яхшими-ёмонми, фарқи йўқ, ўзимга ёқмаса ҳам ёзавераман ва ёзаётганларимни ўзимга ёқадиган даражага келтираман. Ёки шунга ҳаракат қиламан.
    Афсуски, бугунги кунда ёзувчилик орқасидан тирикчилик қилиб бўлмай қолди. Биз адиблар ҳам журналист бўлиб ишлашга мажбур бўляпмиз. Журналистлик ҳам одамдан кўп вақт талаб қилади. Шунинг учун ҳам ижодий ишларга кўпда вақт ажрата олмаяпмиз. Бу ачинарли ҳол, албатта.
    Умуман олганда, бугунги кунда меҳнати орқасидан ҳеч қандай даромад олмаётган бўлса ҳам, ижод қилишда давом эттираётганларнинг қўлларини қисгим келади. Улар худо юқтирган чин ижодкорлар! Ижодкор бўлганда ҳам енгилмас ижодкорлар.
    Биз прозаик асарлар ҳам бир кун келиб илгаригидай қадр топишига ишонамиз ва ижоддан тўхтамаймиз.  
    Сиз кўпроқ ижод қилиш, ёзиш жараёни ҳақида саволлар берибсиз, хулоса қилиб шуни айтишим мумкинки, ижодда бир илоҳийлик бор! Бусиз мумкин эмас! Ижод – илоҳий жараён. 

“СЎНГГИ КУННИНГ ДАВОМИ БОРМИ?”

– Энди агар сир бўлмаса, ҳозирда нималар билан бандсиз? Ижодингизда янгиликлар борми?
– Аввало мен ижодий режаларим ҳақида гапиришни ёқтирмайман. Чунки бу режа ўхшайдими-ўхшамайдими, рўёбга ошадими-йўқми, буниси ёлғиз Аллоҳга аён. Шу билан бирга мен ёзаётган мавзулар шу қадар нозикки, улар ҳақида бонг уришни хоҳламайман.
   Кўпчилик мухлисларим “Сўнгги кун”нинг давомини ёзишимни илтимос қилишади. Аввал бошда буни хоҳламагандим. Асар шу жойида тугади, дегандим. Чунки китобхонга биринчи китоб барибир ўзгача таъсир қилади. Кейингилари, гарчи биринчи асардан анча пухта ёзилган бўлса ҳам, китобхонда “Сўнгги кун”нинг биринчи китоби яхши эди, деган тушунча бўлади. Чунки биринчи таассурот барибир бошқача бўлади. Шу маънода асарнинг давомини ёзишни хоҳламаган эдим. Уни ёзиш учун адибнинг одамларга айтадиган гапи бўлиши керак.
    Кунларнинг бирида бир танишим вафот этган дўсти тушига кирганини гапириб берди. Ҳаётлик чоғида бу одам озгина нотўғри ишлар қилган, оз-моз ичкилик ҳам ичар экан. Шу одамнинг фарзанди қанд касаллигига учраб, кўр бўлиб қолган экан. Танишимнинг тушида ўша одам дўзахга тушган ва оловда ёнаётган эмиш. Ўша гуноҳкор банда гувиллаган оловда ёнаётиб, нуқул “кўзларимни ёндирманг, кўзларимни асраб қолинг, уни ўғлимга беришим керак, кўзларимни ўғлимга беришим керак” деб ёлворар эмиш. Шу воқеа бу асарни давом эттиришим кераклигига бир ишора бўлди. Воқеа менга қаттиқ таъсир қилди. Ота дўзахда ёнаётиб, кўр боласини ўйлаяпти! Ота-оналик мақомини қаранг, қанчалар улуғвор!
    Албатта, асарни давом эттириш учун бу воқеанинг ўзи кифоя қилмайди. Яна анча маълумот тўплашим керак. Шу билан бирга биз беморлик ҳақида кам асар ёзган эканмиз. Беморлик ҳам алоҳида бир давр. Бундай синовдан матонат билан ўтиш ҳаммага ҳам насиб қилмайди. Айнан беморлик одамнинг дунёқарашини тубдан ўзгартириб юборади. Ёнидаги одамларни пучагини пучакка, сарасини сарага ажратади. Шу йўналишда изланишларни бошладим, десам ҳам бўлади. Унча-бунча қораламаларни ҳам бошлаб қўйганман. Худо хоҳласа, уни “Бекажон” саҳифаларида эълон қилиш ниятимиз бор. Лекин ҳозирча, аниқ бир муддатни айта олмайман.
– Нигина опа, мароқли суҳбатингиз учун раҳмат. Ижодий ишларингизга омад тилаймиз.

Музаффар МУҲАММАДНАЗАР суҳбатлашди.
Манба: «Бекажон» газетасининг 2025 йилги № 39-сони.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:



Маълумот