ЎЗБЕКИСТОННИ ДУНЁГА ТАНИТГАНЛАР!


ЎЗБЕКИСТОННИ ДУНЁГА ТАНИТГАНЛАР!

    Бугун она юртимиз мустақиллигининг 35 йиллик тўйида Ўзбекистонимизни дунёга танитган амаллар, қўлга киритган ютуқларимиз ҳақида фикр юритишни жоиз деб топдик. 
    Бундан бир неча йиллар олдин ўзбек ошпазлари саккиз тонналик ош пиширган ва у Гиннес рекордлар китобига киритилган эди. Ўшанда бу жараённи кузатиш учун, ҳатто, қўшни давлатлардан меҳмонлар ташриф буюрган, Тошкент кўчаларига одамлар сиғмай кетганди. Ўшанда “Бекажон” газетаси мухбирлари ҳам бу жараённи бевосита яқиндан кузатган ва репортаж тайёрлаган эдилар. 
    Сўнгги йилларда эса бундай рекордлар сони ортиб боряпти. Келинг, бугун биргаликда ана шу рекордларни бирма-бир эслаб ўтамиз.

50 НАФАР ОШПАЗ ВА 12 634 ДОНА СОМСА!

    Бу қувончли воқеага ҳали кўп бўлгани йўқ. Ўзбекистон яна бир бор Гиннес рекордлар китобидан жой олди. Бу сафар мамлакатимиз пазандалари энг кўп тайёрланган сомсалар сони бўйича янги рекорд ўрнатишди. Аввалроқ эса лаваш тайёрлаш бўйича ҳам рекорд қайд этилгани юртимиз гастрономик салоҳияти нақадар юқори эканини яна бир бор исботлайди.
    Маълумотларга кўра, умумий ҳисобда 12 634 дона сомса тайёрланиб, рекорд натижага эришилди. Ушбу улкан жараёнда қарийб 50 нафар ошпаз иштирок этиб, сомса тайёрлаш ишларини амалга оширди. Уларни ёпиш учун эса бир вақтнинг ўзида 44 та тандирдан фойдаланилди.
   Албатта, рекорд ўрнатиш осон кечмади. Ҳар бир сомса алоҳида қўл меҳнати билан тугилиб, битталаб тандирларга ёпилди. Бу эса катта сабр, аниқлик ва жамоавий ҳамкорликни талаб қилди.
Узоқ ва машаққатли меҳнатдан сўнг натижа ўз самарасини берди — рекорд расман қайд этилди. Ушбу ютуқ нафақат иштирокчилар, балки бутун Ўзбекистон учун фахрга айланди.

 “АНДИЖОН ПОЛКАСИ”ГА РАҚС ТУШГАН 20 МИНГ РАҚҚОСЛАР!

   Бу миллий рақсимизни томоша қилгани қўшни давлатлардан ҳам меҳмонлар ташриф буюрган эди. Катта майдонда оқ яктагу бошига дўппи кийиб, белига қийиқча бойлаган йигит-қизларимиз андижоннинг шўх куйига жуда чиройли рақс тушишди. Четдан кузатганлар бу манзарани кўриб, тасанно деб юборишди.  
    Бу рақсни Guinness World Records компаниясининг расмий вакили мароқ билан томоша қилди.
  Мазкур лойиҳа миллий рақс санъатини халқаро майдонда тарғиб қилиш ҳамда Гиннес рекордлари китобига киритиш мақсадида ташкил этилган эди. Тадбир Андижоннинг 2026 йилдаги “Турк дунёсининг маданий пойтахти” мақоми доирасида ўтказилди.
    Шаҳар маркази миллий куй-қўшиқлар, ранг-баранг либослар ва оммавий рақс чиқишлари билан байрамона тус олди. Минглаб ёшлар, санъаткорлар ва ҳаваскор раққослар бир саҳнада уйғун ҳаракат қилиб, томошабинларга унутилмас манзара тақдим этди. 
   Умуман олганда бу йил юртдошларимиз маданият ва санъат, илм-фан ва спорт соҳалари бўйича бир неча бор Гиннес рекордлар китобини безадилар. Бу бежизга эмас. Бу юртимизда олиб борилаётган оқилона сиёсат ва ушбу соҳаларга берилаётган эътибор самарасидир.

ИСЛОМ ЦИВИЛИЗАЦИЯСИ МАРКАЗИ МУЗЕЙИ

   2026 йилнинг апрел ойида юртимизда яна бир тарихий воқеа юз берди. Яъни, Ислом цивилизацияси музейи биноси очилди ва у ер майдони катталиги жиҳатидан “Дунёдаги энг йирик Ислом цивилизацияси музейи” сифатида Гиннес рекордлар китобига киритилди. 
   Бу марказ Тошкент шаҳридаги Ҳазрати Имом мажмуаси ҳудудидаги ўн гектар майдонда қад кўтарди. Бу муҳташам бино уч қаватдан иборат бўлиб, узунлиги 161 метрни, эни 118 метрни ташкил қилади. Бинонинг гумбази баландлиги 65 метр бўлиб, музей ички майдони 42 метр квадратдан ҳам кўпдир. Шунинг учун бу музей бир пайтнинг ўзида ўн минг ташрифчини қабул қила олади. 
    2026 йил 13 апрель куни бўлиб ўтган тантанали маросимда Гиннес рекордлари расмий вакили Шейда Субаши мажмуа барча халқаро стандартларга жавоб беришини тасдиқлади. Мутахассиснинг фикрича, баҳолаш жараёни қатъий тартибда амалга оширилиб, музейдаги ҳар бир экспонат ислом археологияси, санъати ва фани соҳаси мутахассислари томонидан қайд этилган.
    Музейни бойитиш мақсадида ўтган йилнинг ўзида 1,5 мингтадан ортиқ экспонат, жумладан, 800 тага яқин қўлёзма, археологик топилма ва тарихий хариталар жойлаштирилган, хориждан 743 та асл экспонат олиб келинган. Марказни лойиҳалаш ва жиҳозлаш ишларида қатор хорижий давлатлардан мутахассислар иштирок этганки, уларнинг меъморлик маҳоратига тан бермай илож йўқ!

НАМАНГАННИНГ МИЛЛИОН-МИЛЛОН ГУЛЛАРИ!

   Наманган вилоятида ҳар йили Гуллар фестивали ўтказилади. Анъанага кўра, 65 Халқаро гуллар фестивали арафасида Наманган вилоятида бир ой давомида 150 миллион туп гул кўчати экилиб, “жамоа бўлиб энг кўп гул экиш” йўналишида рекорд ўрнатилди.
   Бу ҳақда 65-Халқаро гуллар фестивалининг тантанали очилиш маросимида маълум қилинди. Тадбир чоғида Guinness World Records вакили Шейда Субаши Наманган вилояти ҳокими Шавкатжон Абдураззоқовга махсус сертификатни тантанали равишда топширди.
    Маълум қилинишича, ўтган йили фестивалга тайёргарлик доирасида вилоят бўйича 100 миллион туп гул кўчати экилган. Бу йил эса ушбу кўрсаткич 150 миллион тупга етказилди.

7 ТОННАЛИ ПАЛОВ ВА ЭНГ ОҒИР ЛАҒМОН!

   Аслида мазали таом тайёрлашда бизда моҳир ошпазлар бисёр. Аксарият сайёҳлар юртимизни безаб турган тарихий обидаларимиздан ташқари мазали таомларимиздан татиб кўргани келишяпти. Масалан, жорий йилнинг 22-24 май кунлари Хумо аренасида Pepsi Lazzatli Fest доирасида ўтказилган гастрономик фестивалда ташкилотчилар 800 кило лағмон тайёрлашни режа қилган эдилар. Аммо 33 нафар ошпазлар томонидан тайёрланган лағмон тарозига қўйиб тортилганда у 1135 килони ташкил этди ва шу асонода янги жаҳон рекорди ўрнатилди.
   Бинобарин, Ўзбекистонда гастрофестивал ўтказилишидан анча олдин овқат тайёрлаш бўйича рекорд ўрнатилган эди. Масалан, 2017 йилда юртимизда “Ўзбегим миллий қадриятлари” доирасида ўтказилган фестивалда 7360 кило палов дамлаб, жаҳон рекорди ўрнатилган эди. 
    Паловни тайёрлашда юртимизнинг 50 нафардан ортиқ ошпази қатнашган. Мегапаловни тайёрлаш учун 1900 кг гуруч, 1500 кг мол, 400 кг қўй гўшти, 2700 кг сабзи, 220кг думба, шунча пиёз, 400 литрдан зиёд ўсимлик ёғи ишлатилган. Шунингдек, таомга 57 кг туз, 100 кг нўхат, 190 кг майиз, 5 кг зира, 2 кг янчилган қалампир, 1 кг зарчава ва 350 литр сув қўшилган.
    Мегапаловни тайёрлаш учун Олмалиқ кон-металлургия заводида махсус қозон ясалди. Унинг диаметри 4,2 метр, ҳажми деярли 8 минг литр бўлган қозоннинг оғирлиги 7 тонна-ю 70 килограмм, чуқурлиги 1,5 метрни ташкил этган. Рекордни қайд этиш учун Гиннес Рекордлар китоби вакили Ричард Стенинг ташриф буюрди. 
    Халқ сайли тарзида ўтказилган фестивалда миллий қадриятларимиз ва маънавий меросимиз акс этган амалий ва тасвирий санъат намуналари намойиш этилди. Мамлакатимизнинг турли ҳудудларидан келган фольклор жамоалари, бахши-шоирлар, оқин ва қизиқчилар иштирокида концерт дастурлари барчага хушнудлик улашди. Фестиваль жараёни Сайлгоҳ кўчасида ўрнатилган йигирмадан ортиқ экранда намойиш этилди.

1946 НАФАР ЁШЛАР БИР ПАЙТДА РОБОТЛАРНИ ЙИҒИБ, ЖАҲОН РЕКОРДИНИ ЯНГИЛАДИЛАР!

    Ўзбекистонда 1946 нафар ёш муҳандис бир вақтнинг ўзида 1946 та кичик роботни йиғиб, Гиннес рекордини янгилади. Тадбирда Бутунжаҳон Гиннеслар рекорди ташкилотининг ҳаками Карл Савилле иштирок этди. У роботлар ясаш жараёнини назорат қилиб, натижани расман эълон қилди.
   25 дақиқа ичида ёш муҳандислар томонидан яратилган роботлар махсус тартибда текширилди ва тадбир бош ҳаками томонидан расман тасдиқланди. Шундан сўнг, Гиннес рекорди янгилангани тўғрисидаги сертификат олий таълим, фан ва инновациялар вазири Конгратбай Шариповга топширилди. Бу роботлар асосан пахта теришга мўлжалланган эди. Роботлар йиғиб бўлингач, уларнинг ишга лаёқатлилиги текширилди ва уларнинг 1946таси тўғри йиғилган ва ўз вазифасини бажара олди, дея эътироф этилди. Бу рекорд бундан аввал Ҳиндистон ёшларига насиб этган, улар 2023 йилда 1459 нафар киши робот йиғишда қатнашган эди. Бизнинг ёшлар улардан ўзиб кетишди.  
Тадбирда иштирок этган ёшларга кўк, оқ ва зангори тусли футболкалар кийдирилди ва улар шундай тартибда ўтказилдики, тепадан қараганда бу Ўзбекистон байроғини акс эттирди.

ЖАҲОНДАГИ ЭНГ КАТТА ЎТОВ!

    2024 йили Нукус шаҳри «Оқ қуш» мажмуасидаги ўтов дунёдаги энг катта ўтов сифатида Гиннеснинг рекордлар китобига киритилган эди. Унинг диаметри 40,5 метрни ташкил қилади. Бу ҳақда Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ҳузуридаги Туризмни ривожлантириш қўмитаси маълум қилди.
   2024 йилнинг 22 август куни Гиннес рекордлар китоби вакиллари томонидан сертификат топшириш маросими бўлиб ўтди. Унда Қорақалпоғистон Жўқорғи Кенгеси раиси Аманбай Ўринбоев, президентнинг Оролбўйи минтақасини барқарор ривожлантириш масалалари бўйича маслаҳатчиси Турсинхон Худайбергенов ва бошқалар иштирок этди. Баландлиги 21 метр бўлган иншоот Orol Agro компанияси томонидан барпо этилган.
    Ўтовнинг айланиси 40 метр, баландлиги 20,61 метр, ичкариси эса 1290, 8 метр квадратни ташкил қилади. Бу ноёб ўтов қурилиши ўша йилнинг феврал ойларидан бошланган. Уни кўтариш учун 246 тонна металашёлар, 40 мингта ғишт, 25 тонна арматура, 1776 квадрат метр том-қопламаси ва 2253 квадрат метр замонавий уч қаватли панеллар ишлатилган. Ҳакамлар асосий эътиборни ўтовнинг ички безаклари ва ёритилиш маҳоратига қаратишди. Бунинг учун ўтов ичига 1250та чироқ ўрнатилган. Ёритиш мосламаларининг умумий оғирлиги 2,5 тоннани ташкил этди. 

ГИННЕС РЕКОРДЛАР КИТОБИГА КИРИТИЛГАН ЎЗБЕК СПОРТЧИЛАРИ!

    Ўзбекистонлик спортчилар жаҳондаги йирик спорт беллашувларида ҳам юқори натижаларга эришяптилар. Ва улар спорт бўйича ўрнатган рекорд кўрсаткичлар ҳам Гиннес китобидан жой олган. 
    Бу рўйхатнинг бошини ҳамюртимиз машҳур гимнастикачи Оксана Чусовитина эгаллаб турибди. 
   2016 йили Рио-де-Жанейрода ўтказилган Олимпия ўйинлари пайтида у 41 ёшда эди. Шунинг учун унинг номи Олимпия ўйинларида кетма-кет қатнашган ҳамда энг ёши катта аёл гимнастикачиси сифатида Гиннес рекордлар китобига киритилди. 
    Оксана Чусовитина гимнастика тарихида саккиз маротаба кетма-кет (1992, 1996, 2000, 2004, 2008, 2012, 2016 ва 2021 йилларда) ёзги Олимпия ўйинларида иштирок этган ягона спортчи аёл ҳисобланади. У уч карра жаҳон, Европа ва Осиё ўйинлари чемпиони, жаҳон биринчиликларининг тўртта кумуш, тўрт бронза медалига ҳам сазовор бўлган.
    2025 йилнинг 3 февралида, яъни спортчи аёл 50 ёшга тўлганида Германиянинг Кутбус шаҳрида ўтказилган Жаҳон кубоги мусобақаларида бронза медалга сазовор бўлди. Шу йилнинг 19 июнида Тошкентда ўтказилган World Challenge Cup жаҳон мусобақасида таяниб сакраш бўйича13,275 бал билан кумуш медални қўлга киритди. 
   1992 йилдан 2011 йилга қадар у таяниб сакраш бўйича тўққизта медални – битта олтин, тўртта кумуш ҳамда тўртта бронза медални қўлга киритди. 
    Оксана Чусовитина 2028 йилда бўладиган Олимпия ўйинларида ҳам қатнашишни режлаштириб қўйган.
   Шунингдек, 2016 йилда Параолимпия ўйинларида SB13 (кўриш қобилияти паст бўлган ) спортчилар тоифасида иштирок этган ҳамюртимиз Фотимахон Амилова бирваракайига иккита жаҳон рекордини ўрнатди. Бирида у юз метр масофага брасс сузиш тури бўйича энг қисқа 1 минуту 12, 45 секунд натижани қайд этди. 50 метрга брасс сузиш бўйича 33, 96 секунд натижани қайд этди. Унинг бу кўрсаткичлари ҳам Гиннес рекордлар китобидан жой олди.
    Яна бир спортчимиз Акбар Жўраев ҳам Норвегиянинг Фёрде шаҳрида оғир атлетика бўйича ўтказилган жаҳон мусобақасида бирваракайига иккита рекорд ўрнатди. У даст кўтариш машқида 196 килоли штангани кўтарди ҳамда силтаб кўтариш машқида 232 килони забт этиб, Гиннес рекордлар китобига киритилди.

ФУТБОЛ МУСОБАҚАЛАРИДА ЭНГ КЎП ҲАКАМЛИК ҚИЛГАНИ УЧУН!

    2014 йилнинг июнь ойида Бразилияда ўтказилган футбол бўйича жаҳон чемпионатида ўзбекистонлик ҳакам Равшан Эрматов бошқарган ўйинлари ҳисобига кўра жаҳон рекордини ўрнатди. 
    2010 йилдан 2018 йилга қадар у жаҳон чемпионлиги учун ўтказилган мусобақаларда 11та ўйинга ҳакамлик қилди. Жаҳон футболи тарихида бунчалик кўп ўйинга арбитрлик қилган ҳакамнинг ўзи йўқ. 
    Равшан Эрматов учта жаҳон чемпионатида кетма-кет иштирок этди. 2010 йилда Жанубий Африкада ўтказилган беллашувларда бирваракайига бешта ўйинга ҳакамлик қилди. 2014 йили Бразилияда ўтказилган футбол мусобақаларида тўртта ўйинга бош ҳакамлик қилди. 2018 йили Россияда ўтказилган Жаҳон чемпионатида иккита ўйинга арбитр бўлди.
   Бу фидоийликларнинг барида биз Ватанга бўлган садоқат, меҳр ва фахрни кўрамиз. Ана шундай рекорд кўрсаткичларга интилиш юртдошларимизни жипслаштиради, уларни ҳафикр-ҳамкор бўлишга, бирдам бўлиб, якдиллик билан ҳаракат қилишга ундайди. 
    Юртимиз довруғини дунёга таратаётган ана шундай ютуқларимиз кўпаяверсин! Бундай муваффақиятларимиз юртимизнинг юбилей тўйига муносиб туҳфа бўлди, деб ўйлайман. Зеро, бу имкониятни бизга Мустақиллигимиз берди! Мустақиллигимиз абадий бўлсин! Байрамингиз муборак, азиз юртдошлар!

Мавлуда ИБРОҲИМОВА тайёрлади.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:



Маълумот