ҚАЛБИМ ОНА ЮРТИМ ПОЙИДА ҚОЛДИ!


ҚАЛБИМ ОНА ЮРТИМ ПОЙИДА ҚОЛДИ!

    Ватанимиз Мустақилликка эришган илк йилларда чет эллардан жуда кўп ўзбек муҳожирлари юртимизга оқиб кела бошлади. Шу пайтгача ёпиқ бўлган эшиклар очилиб, улар қавм-қариндошлари билан орадан 50-60 йил ўтганидан кейин юз кўришишга ошиққан эдилар. Улар Ватан тупроғига тиз чўкиб, уни кўзларига суртиб, бужур қўллари билан дарахтларни қучиб йиғлаганларини ўз кўзларим билан кўрганман. 
     Биз Ватан ҳақида қўшиқлар тингласак, шеърлар эшитсак, бу оддий, одатий бир гапдай эшитилади. Қайси бир хонанда Ўзбекистон ҳақида қўшиқ айтса, демак, “у мукофотдан умидвор” деб ўйлаймиз. Лекин Ватан, Ватан соғинчи – у бутунлай бошқа нарса...
    Бугун биз Мустақиллигимизнинг 35 йиллик юбилейида Ватандан кетишга мажбур бўлган ва Ватанни ҳамиша кўзда ёш билан эслаган юртдошларимиз ҳақида мушоҳада қилмоқчимиз. 

ВАТАН ОЗОД БЎЛИБДИ, МУСТАҚИЛЛИК МУБОРАК!

    Афсуски, ўша кезлари биз Мустақиллик деганда қоп-қорайиб бўшаб ётган дўкон пештахталарини ва биз илгари “қизил майдон” деб атаган Мустақиллик майдонидан Лениннинг ҳайкали олиб ташланганини тушунганмиз. Ёдимда қолгани Мустақиллик эълон қилинган кунлари чет элда яшаётган ўзбек муҳожирлари берган интервьюлар телеканаллар орқали намойиш қилинган. Улар ярим тунда бир-бирларига қўнғироқ қилиб, “Эшитдингизми, Ватан озод бўлибди, Ватан озод бўлибди” деб йиғлаганча бир-бирларини табриклар эдилар. Улар бир жойга йиғилишиб бир-бирларини қучоқлаб, йиғлаб табриклар эдилар. Гўё улар учун мангуга ёпилган Ватан эшиклари ногаҳонда очилиб кетгандай эди. Улар йиғилишиб, Ўзбекистонга қандай ёрдам қилиш ҳақида қайғурар эдилар.
   Ўшанда мен Мустақилликни бош майдондан Лениннинг ҳайкали олиб ташланиши деб тушунган одам юртимизда қандайин буюк тарихий воқеа содир бўлганини ич-ичимдан ҳис қилганман. Бу муҳожирлар мукофот олиш учун ёки кимгадир ёқиш учун “Ватан, Ватан” дея ҳайқирмаётган эдилар. Бу Ватан соғинчи, юракларда армон бўлиб тугилиб ётган дард ифодаси эди. Ўшанда Ватандан узоқда яшаш қанчалар оғриқли бўлишини, баъзи кезлари бунга чидаш қийинлигини ҳис қилганман. Мени ҳайрон қолдирган жойи улар умрини хорижда яшаб ўтди, бир умр шу давлатда яшади, аммо фақат ва фақат Ўзбекистонни Ватан дея тан олганларига ҳайронлар қолдим! 
    Ўша йиллари бизнинг ҳам узоқ қариндошимиз хориж давлатидан ўзбекистонга келган ва оталари қилган васиятни айтиб берган эдилар. Уларнинг оталари собиқ Шўро ҳукумати даврида қулоқ қилиниб, Ватандан чиқиб кетишга мажбур бўлган эканлар. Афсуски, чегарадан ўтаётганда, ўзлари у ёқда оила ва болалари бу ёқда қолиб кетган экан. Улар кейин ҳеч қачон Ўзбекистонга кела олмаганлар ва хорижда қайтадан оила қуришга мажбур бўлганлар. Аммо оталари ҳамиша “кимлигингни унутма, Ўзбекистонда фалончи-фалончи қариндошларимиз яшашади. Она юртимни қайта кўриш менга насиб этмайди, чоғи, аммо сен бир кун келиб Ватанга йўл очилса, албатта, уни бориб кўр. Ўзбекистон бамисли Жаннат! Сувлари ширинки, ичиб тўймайсан, мевалари асалки, ширинлигидан тилингни ёради. Бу боғлари, бу пурвиқор тоғлари, чаманзорлари, уни сўз билан таърифлаш қийин. Агар уни бориб кўрсанг, шу Жаннатмакон юрт Ватанинг эканидан фахрланиб кетасан!” дер эканлар ва ҳар намозда Ватан томонга юз буриб, “илоҳим Ватаним жамолини яна бир кўриш насиб қилсин!” деб дуо қилар ва икки яноқларидан кўз ёшлари оқиб тушар экан. Аммо Ватанни кўриш у одамга армон бўлиб қолибди. У бир умр Ватанга интилиб яшаган, аммо жамолини қайта кўра олмаган. Сўнгги нафасида у ўғлига “Ватан жамолидан бенасиб бўлдим. Агар кун келиб, Ватан озод бўлса ва йўллар очилса, сен албатта уни бориб кўр! Аммо ўзим боролмаган бўлсам-да, ҳеч қурса, ҳокимни Ватанимга олиб бор ва уни ота-боболарим қабрига сочгин!” деб васият қилган экан. Ўша қариндошимиз хориждан келиб, икки-уч ойгача шу ерда қолиб кетди. Отасининг васиятларини бажарди, падарининг олдинги оиласидан бўлган жигарлари билан кўришди. У ҳар жигарбандини, қариндошларини кўрганида улар билан йиғлашиб кўришар эди. Ўзи-ку, айрилиқ нималигини билмас, чунки хорижда туғилиб ўсган, аммо отасининг кўзёшлари, сўнгги нафасигача Ватанини қўмсаб яшагани унинг ҳам юрагини ўртаган ва ҳар жигари билан кўришганида отасининг яноқларидан оққан кўзёшларини эслар эди. Ҳозир шу қариндошимиз билан борди-келди тикланиб кетган. Улар Ўзбекистонда ҳам тадбиркорлик фаолиятларини бошлаб юборишди. Эндиликда улар ҳар икки-уч ойда Ўзбекистонга келиб туришади. 
    У ҳатто отасининг ҳокини юртга кўчириб қелмоқчи бўлди, аммо катталар “ётган жойида тинч ётсин, марҳумни қийнаманглар” деб маслаҳат беришди. Айтишича, у ҳар сафар Ўзбекистондан у ёқдаги уйига қайтганида отасининг қабрини зиёрат қилар ва бу ерда кўрганларини йиғлаб-йиғлаб гапириб берар экан. 
Ватандан, жигарлардан узоқда бўлиш қанчалар оғирлигини шу кунларда ҳам чет элларда насибасини териб юрганлардан сўранг!

ЎЗИМ ОЛИСДАМАН, ҚАЛБИМ СЕНДАДУР!

    Яқинда ижтимоий тармоқларда шу ном билан аталган қўшиқ айлана бошлади. У жуда ҳам машҳур бўлиб кетди. Аммо мен на матн муаллифини, на хонанда исмини топа олмадим. Айтишларича, бу сатрларни бир пайтлар Ўзбекистонда яшаган татаристонлик дўстларимиз ёзишган ва куйлаган эканлар. 

Милтираб ўтади бегона юртлар
Бегона шаҳару совуқ кўчалар...
Сендан қанчайин олис кетсам ҳам, 
Юртим пойида қолди минг қийқим қалбим!

Қаро тун қаърида эсга оламан, 
Отамнинг нон кесган бужур қўлларин!
Тошкент она шаҳрим, гўзал Самарқанд
Онамнинг “қайт болам” деган сўзларин!

Бу юртнинг бариси қадрдон менга,
Одамлари софдил, самимий!
Қаерда бўлмайин чорлар илдизим, 
Она юртда қолди пажмурда руҳим!

Тақдир олисларга улоқтирса ҳам, 
Не минглаб масофа солса ҳам фироқ,
Қалбим она юртим пойида таслим!
Ўзим олисдаман, қалбим сендадур!

    Шеърнинг мазмун-моҳияти шундай. Бу қўшиқни кўзга ёш олмасдан тинглаб бўлмайди. Чунки одамнинг жисми бошқа юртларда юрса ҳам, аммо қалби, руҳи киндик қони тўкилган юртда қолиб кетар экан. 
    Бир пайтлар Иккинчи жаҳон уруши пайтида қрим татарлари Ўзбекистонга сургун қилинган. Бу бу миллат вакиллари билан оға-ини бўлиб яшаганмиз. Улар биздан бир кўча нарида яшар эдилар. Жуда озода ва меҳнаткаш халқ. Ҳеч қачон ўртамиздан низо-зиддият чиқмаган. Уларни ҳам эл қатори тўйга айтар, гарчи уларда бундай удум бўлмаса-да, ўзбек қўшнилар қа яқинлари учун эрталаблари наҳорга ош брар эдилар. Биз ҳатто улар билан қуда-андачилик ришталарини ҳам боғлаганмиз. Аммо Ватан Мустақил бўлгач, улар юртларига қайтадиган бўлишди. Азбаройи миллатни ва қадриятларини сақлаб қолиш ниятида улар бирлашиб, Ватанларига қайтадиган бўлишди. Аммо не тонгки, Ўзбекистонда туғилган авлод ўзи туғилиб ўсган юртни унута олмади.
   Кунларнинг бирида танишларимиздан бири хизмат сафари билан Қримга борадиган бўлиб қолди. Қримтатар қўшниларимизнинг кўпчилиги унга ўша ердаги манзилларини, телефон рақамларини беришган экан. У “баҳонада эски қўшниларимни кўриб келаман!” деб кўнглига туккан эди. Қримга бориши билан улар билан кўришган. Бу халқ уни шу қадар бир ҳаяжон, соғинч билан қарши олганки, ҳаммалари у билан йиғлаб кўришишган. Уни узоқ йиллардан бери, ҳатто умидини узиб қўйган қадрдон дилбанди қайтгани каби кутиб олибдилар. Уни бир сафар бошқа қўшни, кейинги сафар яна бошқаси хонадонига чақириб меҳмон қилишибди. Биргалашиб ош дамлаб, Ўзбекистонни эслабдилар. 
    Қўшнилардан бири уни қўярда-қўймай уйига олиб кетибди. У айтармишки, “мана, бу ерга кўчиб келганимизга ўттиз йилдан ошди, лекин менинг қалбим, руҳим Ўзбекистонда қолиб кетган. Шу кунгача тушларимда фақат Ўзбекистонни кўраман, Тошкентнинг чароғон кўчаларида юрган бўламан. Бу ерда фақат жисмим яшайди, қалбим, руҳим эса Ўзбекистонда қолган!” дебди. 
   Ўша танишимиз туни билан тинмай гаплашиб чиқибди, бир йиғлармиш, бир кулгили воқеаларни эслар эмиш. Уни сира уни кетказгиси келмабди. Ҳайрлашув онларида бари уни кўрган-билган қўшнилари танишимни кузатиб чиқишибди. Ҳозир бу қўшниларимиз Ўзбекистонга тез-тез келишга ҳаракат қилишяпти.
Киндик қони тўкилган жой деб бежизга айтишмаса керак. Шунинг учун жисм кетса ҳам, руҳ бу жойни тоабад тарк этмайди. Хонанда ҳам айнан шу фикрни таъкидлайди.

НОН ИСИДА МУЖАССАМ ВАТАН!

    Бугунги кунда тўғри, дунёнинг ҳамма жойларида миллий ошхоналаримиз бор. Ўзбекистондан борган одам миллий таомларини балки, у қадар соғинмас ҳам. Лекин Мустақилликнинг илк даврларида бундай эмасди. Ҳамюртларимизнинг дунёнинг бир чеккасида ошхона, кафелар очишига имкони ҳам йўқ эди. Аммо гап бунда эмас. Бу воқеани менга раҳматли холам гапириб берган эдилар.
    Мустақилликнинг илк йилларида жуда кўпчилик Ватанини ташлаб чет элга бутунлай кўчиб кетди. Холам билан бирга ишлаган бир рус аёли ҳам АҚШга яшаш учун кетган эди. Аммо орада телефон орқали холам билан гаплашиб турар экан. Шунда у холамга Тошкентнинг ёпган нонларини соғинаётганини айтган. Бу соғинч шу даражага бориб етганки, у АҚШ кўчаларида ёпган нон исини излаб, йиғлаблар юрган. 
    “Мен ўша исни шунчалик қўмсадимки, ҳатто уйда газпечда ўзим нон ёпиб кўрдим. Аммо йўқ, ундан унақа ис келмади. Ҳатто уйда тандир ясаб, тандирда ҳам нон ёпиб кўрдим, аммо мен ёпган нонлардан унақа ис келмади. Сабаби, нимада эканини билмайман. Ҳар қанақасига нон ёпиб кўрдим, буюртма ҳам қилдим, лекин ўша нон исини топа олмадим. Ишонсангиз, кўчаларда йиғлаб, ўша нон исини излаган кунларим бўлди. Кейин тушундимки, ёпган нонларимиздан ўша ис келиши учун ун, сув, туз ва ҳатто ўша тандирни ҳам Ўзбекистондан келтирилган тупроқдан ясаш керак экан! Аммо шунда ҳам ўша исни топишимга кўзим етмайди. Мен энди бу ерга келиб, нимани бой берганимни тушундим. Ҳамюртларимнинг меҳрини, жаннатмакон, киндик қоним тўкилган заминни бой берганман” деган экан. 
     Мен эса бу воқеадан ўзимга тегишли ҳулоса чиқариб олдим. У нон исида мужассам бўлган Ватанини қўмсаган ва Ватанини қўмсаб йиғлаган!
    Ватан у шундай замин! Тўғри, ривожланган давлатларда ҳаёт яхшидир, маошлари катта, яшаш даражаси юқори бўлиши мумкин. Лекин негадир одам барибир юртига талпиниб яшайди. Балки юртини соғинаётганини билмас, сезмас, мен яхши яшаяпман, деб ўйлар, аммо Ўзбекистон ҳақида қўшиқ тингласа, кўзларидан дув-дув ёш оқишига шубҳам йўқ. 
    Бир дугонамиз АҚШга ишлагани кетган. Орадан бир муддат ўтиб, у Ўзбекистонга қайтган. Шунда самолёт юрт заминига қўниши билан Юлдуз Усмонованинг “Сени ҳеч кимга бермаймиз, Ўзбекистон!” номли қўшиғи янграган. Дугонамиз бунга чидай олмай йиғлаб юборган ва уйига келгунича йиғлаб келган. Ватан ана шундай замин! Соғинчи оғир, чорлови сеҳрли, деб ўйлайман.
    Мустақиллигимизнинг 35 йиллик юбилей тўйида барча юртдошларимни ушбу қутлуғ сана билан муборакбод этаман. Уларга сиҳат-саломатлик тилайман. Юртимиз кун сайин чирой очишига, гуллаб яшнашига тилакдошман. 

Мавлуда ИБРОҲИМОВА










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:



Маълумот