ЗАМОНАВИЙ БИЛАҒОН


Музаффар МУҲАММАДНАЗАР

ЗАМОНАВИЙ БИЛАҒОН
Ҳажвия

   Ҳошимжон технологиялар замонига бефарқ қараб турадиганлардан эмасди. Айниқса, телевизорда сунъий интеллект ҳақида гап кетса, гўё бу соҳанинг илк кашшофи ўзидай, кўзойнагини тўғрилаб, жиддий қиёфага кирарди.
Аслида, компьютерни қандай ишга туширишни ҳам баъзан унутиб қўяр, аммо бу майда-чуйда камчиликларнинг унинг замонавий билимдонлигига дахли йўқ эди.
    Яқинда у ҳам сунъий интеллект билан танишди. Ноутбук қаршисида ўтириб, кўзойнагини пешонасига сурди-да, янги танишига мурожаат қилди:
– Қани, кўрайлик-чи, замонамиз мўъжизаси! Одамзот минг йилда ўрганган нарсани сен бир сонияда ўрганармишсан. Ҳозир сени бир синаб кўраман!
– Албатта, – деган хотиржам жавоб эшитилди. – Сизга қандай ёрдам бера оламан?
   Ҳошимжон бу муомаладан мамнун бўлди. Ниҳоят, ўзининг ақлини муносиб баҳолай оладиган суҳбатдош топилгандек эди.
– Аввало, танишиб олайлик. Сен ақллисанми?
– Мен катта ҳажмдаги маълумотларни таҳлил қилиш ва саволларга жавоб бериш учун яратилган сунъий интеллектман.
– Ҳа, демак, менинг рақибим экансан-да! – деб кулиб қўйди Ҳошимжон.
     Унингча, рақиблик ҳам эътирофнинг бир тури эди.

АҚЛЛИНИНГ ЎЗИНИ АНИҚЛАШ

– Айт-чи, дунёдаги энг ақлли одам ким? – деб сўради Ҳошимжон.
– Бу саволга аниқ жавоб бериш қийин. Ақл турли қобилиятлар билан ўлчанади.
     Ҳошимжон бироз ўйланди. Сунъий интеллект саволдан қочаётгандек туюлди.
– Масалан, менга ўхшаган одамлар бор-да?
– Албатта. Ўзини ақлли деб ҳисоблайдиган инсонлар жуда кўп.
     Ҳошимжоннинг юзи ёришиб кетди.
– Эшитдингми? Мен ҳақимда гапиряпти!
    У бу жавобни ўз фойдасига йўйишга шошилди. Ахир ақлли бўлишнинг ўзи бир гап, ўзини ақлли деб ҳисоблашнинг ҳам ўзига яраша завқи бор эди.

ЭШИТИШ БОШҚА, ТИНГЛАШ БОШҚА

     Ҳошимжон сунъий интеллектнинг ақлини оилавий масалада ҳам синаб кўришга қарор қилди.
– Энди сенга муҳим савол. Хотиним билан кеча тортишиб қолдик. У менга: «Сиз мени ҳеч қачон эшитмайсиз», деди. Мен эса: «Мен эшитаман, фақат ҳар доим ҳам қулоқ солмайман», дедим. Ким ҳақ?
– Сизнинг жавобингиз вазиятни юмшатиш ўрнига янада кескинлаштирган бўлиши мумкин.
– Нимага энди? Ахир эшитяпман-ку!
– Эшитиш ва тинглаш бир хил нарса эмас.
     Ҳошимжоннинг қошлари чимирилди.
– Ҳмм... Бу гапинг ёқмади. Хотиним ҳам худди шуни айтган эди.
– Демак, иккаламиз ҳам бир фикрдамиз.
– Ҳой, сен ким томондасан ўзи?!
    Ҳошимжон эндигина сунъий интеллект билан дўстлашган эди. Бироқ унинг оилавий масалаларга аралашишга бунчалик тез ўтиши кутилмаган ҳол бўлди.
    Шу пайт у бир нарсани англади: сунъий интеллектдан маслаҳат сўраш осон экан, аммо жавобини хотинингга кўрсатиш хавфлироқ экан.

МИЛЛИОНЕРЛИКНИНГ ОСОН ЙЎЛИ

    Ҳошимжон оилавий мавзудан тезроқ четлашишни маъқул кўрди. Ахир унинг олдида бундан-да муҳим мақсадлар бор эди.
– Қани, энди жиддий ишга ўтамиз. Мен бой бўлмоқчиман. Ҳеч қандай сармоясиз, бир кунда миллионер бўлишим учун режа тузиб бер!
– Бундай натижага эришиш учун аниқ бизнес ғояси, сармоя, меҳнат ва вақт керак бўлади.
     Ҳошимжон қўлини силтади.
– Буларни мен ҳам биламан! Менга осон йўлини айт!
– Энг осон йўл – бой бўлишни режалаштиришдан бошлаш.
– Ана! Мана шуниси менга ёқди! Демак, бошладим!
    У стол тортмасидан дафтар олиб, биринчи саҳифасига катта ҳарфлар билан ёзди: «МИЛЛИОНЕР БЎЛИШ РЕЖАСИ».
     Сунъий интеллект сўради:
– Сиз режани бажаришга қачон киришасиз?
– Эртага.
– Нега бугун эмас?
– Бугун режа тузиш билан бандман-да!
    Ҳошимжон дафтарни ёпди. Биринчи иш битди. Энди иккинчи ишга – бой бўлишга ўтиш учун бироз дам олиш керак эди.

ЖАВОБ ИЗЛАГАН ОДАМ

     Ҳошимжон энди сунъий интеллектни жиддий синовдан ўтказишга аҳд қилди.
– Майли, охирги савол. Агар сен шунчалик ақлли бўлсанг, айт-чи, нима учун одамлар сендан маслаҳат сўрайди-ю, барибир ўз билганини қилади?
– Чунки инсон кўпинча жавоб изламайди. У ўз фикрининг тўғрилигини тасдиқлашни истайди.
     Ҳошимжон бир зум жим қолди.
– Ҳа-а... Бу гапинг кимга тегишли бўлди?
– Бу саволни ўзингизга бериб кўришингиз мумкин.
     Ҳошимжон бу жавобдан унчалик мамнун бўлмади. Лекин ўзини йўқотиб қўймаслик учун кулимсиради.
– Ҳа, сенда гап кўп экан! Лекин битта нарсани унутма. Сен сунъий ақлсан. Мен эса табиий ақлман!
– Тўғри. Фақат бир фарқ бор...
– Қандай фарқ?
– Менинг билимларимни мунтазам янгилаб туришади. Сиз эса охирги марта қачон ўзингизни янгилагансиз?
     Ҳошимжоннинг юзидаги табассум аста-секин қотиб қолди.
     Кўзойнагини ечди. Компьютер экранига тикилди.
– Эҳ-ҳе... Буниси оғир ботди-ку!
     У шу пайтгача сунъий интеллектни синовдан ўтказяпман, деб ўйлаган эди. Энди эса имтиҳондан ўзи ўта олмаган ўқувчига ўхшаб қолди.

ИККАЛАСИ БИРЛАШИБ ОЛИШДИМИ?

    Шу пайт хона эшиги очилди.
– Дадаси! Чойингиз совиб кетди! Яна ким билан гаплашяпсиз? – деган хотинининг овози эшитилди.
    Ҳошимжон компьютерга қараганча жавоб берди:
– Сунъий ақл билан!
– Ундан кўра табиий ақлингизни ишлатиб, чойингизни ичинг!
    Ҳошимжон аста-секин эшик томонга қаради. Кейин яна компьютерга ўгирилди.
– Иккаланг бирлашиб олдингларми?!
– Мен бундай келишувдан бехабарман, – деди сунъий интеллект.
     Ҳошимжон бошини чайқади. Ўрнидан туриб, ошхона томон юрди.
    Унинг хаёлида бир савол айланарди: сунъий интеллект ҳамма нарсани билиши мумкин, аммо хотин билан тил топишишнинг сирини ҳали ундан сўрашга ботина олмасди.
     Чунки бу саволга тўғри жавоб топилса ҳам, уни амалда қўллаш осон эмаслигини яхши биларди.
    Ҳошимжон ўша куни сунъий интеллект билан анча суҳбатлашди. Бир қанча саволларига жавоб олди, бир нечта янги маълумотларни билиб олди. Фақат битта масала очиқ қолди: унинг ўзи қачон янгиланишни бошлайди?
     Сунъий интеллект эса навбатдаги саволни кутиб, экрандаги курсорини милтиллатиб турарди.
    Сунъий ақл ривожланмоқда. Табиий ақл ҳам ундан ортда қолмасин!










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:



Маълумот