Ўзбек тили тарихи ва бугунги замонавий қиёфаси


 “Ўзбек тили – халқимизнинг миллий ўзлиги, 
бебаҳо маънавий бойлигидир”
Шавкат Мирзиёев

    Бугун дунёда 7200 дан ортиқ тиллар мавжуд бўлиб, улар миллатларнинг тарққиётига, мулоқот маданиятига ўзининг ҳиссасини қўшиб келмоқда.  Тил билган дунё билади дейди доно халқимиз. Тилар давлатлар ўртасида мулоқот майдонини яратди. Тиллар қалбларга йўл топади. Чунки ҳар бир тил негизида мўътабар бўлган сўз яшайди. Сўз эса, муборак Қуръони Каримда ҳам муқаддас эканлиги келтириб ўтилган. (“...гўзал сўз гўзал дарахт кабидир: унинг илдизи маҳкам ва шохлари осмонда.” (Иброҳим сураси, 24-оят).
    Сўз мулкининг султони Мир Алишер навоий маънавий меросида ҳам ҳар қандай қалбнинг қулфини очадиган тилсим бу сўз дейди.  Ўзбек тили - халқимизнинг кўп асрлик тарихи, миллий ўзлиги ва маънавий қадриятларини ўзида мужассам этган бой тиллардан биридир. Унинг шаклланиши қадимги туркий тиллар тарихига бориб тақалади. Асрлар давомида ўзбек тили турли тарихий, ижтимоий ва маданий жараёнлар таъсирида ривожланиб, бугунги адабий тил даражасига етиб келган. ЮНЕСКОнинг 2025-йилги маълумотида ҳар икки ҳафтада бир тил йўқолиб бораётгани қайд этилган. Бу эса одамларнинг она тилисида олада, жамиятда мулоқот қилиш маданияти камайиб бораётгани сабаб бўлаётганини олимлар тадқиқ этишган. 
     Давлат тили – миллатнинг тарихий хотираси, маънавияти ва давлат бошқарувидаги муҳим воситаларидан биридир. Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги мавқейи узоқ тарихий жараёнлар давомида шаклланган. Унинг тараққиётини мутафаккирлар ижоди, адабий мероси ва тил ҳақидаги қарашлари билан боғлиқ ҳолда кўриш мумкин.
      Ўзбекистон халқ қаҳрамони Абдулла Ориповнинг бир гўзал сатрида, 
Она тилим сен борсан шаксиз,
Булбул куйин шеърга соламан.
Сен йўқолган кунинг шубҳасиз,
Мен ҳам тўти бўлиб қоламан. – дея куюнчаклик билан мурожаат қилади. 
     Ўзбек тилининг илдизлари қадимги туркий тилларга бориб тақалади. Қадимги туркий битиклар, кейинчалик Маҳмуд Кошғарийнинг “Девону луғотит турк” асари туркий тилларнинг бой луғавий ва грамматик имкониятларини намоён этади. Маҳмуд Кошғарий туркий халқларнинг тили, урф-одати ва маданияти ҳақида қимматли маълумотлар қолдирган.
      Тил тараққиётида Алишер Навоийнинг хизматлари алоҳида аҳамиятга эга.
      У “Муҳокамат ул-луғатайн” асарида туркий ва форсий тилларнинг имкониятларини қиёслаб, туркий тилнинг бадиий ва илмий фикрни ифодалашдаги кенг имкониятларини кўрсатган. Навоий ижоди натижасида туркий адабий тил юқори даражада ривожланди ва катта адабий анъанага эга бўлди. Ўзбек адабий тилининг ривожида Алишер Навоийнинг ўрни беқиёсдир. 
Сўздирки, нишон берур ўлганга ҳаёт,
Сўздирки, берур ўликка жон.
      Кейинги даврларда Мирзо Бобур, Машраб, Огаҳий, Муқимий, Фурқат каби ижодкорлар ўз асарлари орқали ўзбек адабий тилининг бойишига катта ҳисса қўшдилар. Уларнинг бой маънавий мероси бугунги кунда ҳам тилимизнинг нуфузи ошишига хизмат қилиб келмоқда. 
     Мутафаккирлар тилни шунчаки алоқа воситаси сифатида эмас, балки миллатнинг маънавий бойлиги сифатида ҳам кўрганлар. Навоий учун она тилининг имкониятларини намоён этиш ижодкорнинг муҳим вазифаларидан бири эди. Маҳмуд Кошғарий эса тилни халқнинг тарихи, маданияти ва дунёқарашини акс эттирувчи муҳим манба сифатида ўрганган.
      Жадид маърифатпарварлари ҳам тил масаласига катта эътибор берган. Абдулла Авлоний, Маҳмудхўжа Беҳбудий каби маърифатпарварлар халқнинг саводхонлигини ошириш, таълимни ривожлантириш ва миллий ўзликни мустаҳкамлашда она тилининг аҳамиятини таъкидлаганлар.
     Ўзбек тилининг замонавий давлат тили сифатидаги тарихида 1989-йил 21-октабр муҳим сана ҳисобланади. Шу куни Ўзбекистон ССРда “Давлат тили ҳақида”ги Қонун қабул қилиниб, ўзбек тилига давлат тили мақоми берилди. Мустақилликдан кейин ўзбек тилининг давлат бошқаруви, таълим, фан, оммавий ахборот воситалари ва бошқа соҳалардаги қўлланиш доираси янада кенгайди. Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 4-моддасида ўзбек тили давлат тили экани белгиланган. 
    Бугунги ўзбек тили анъанавий адабий мерос билан замонавий технологияларни уйғунлаштираётган ривожланган миллий тилдир. У нафақат кундалик мулоқот, адабиёт ва санъатда, балки таълим, илм-фан, давлат бошқаруви, бизнес ва интернет муҳитида ҳам фаол қўлланмоқда. Замонавий ўзбек тилида янги тушунчаларни ифодаловчи кўплаб сўз ва терминлар пайдо бўлмоқда. “Рақамли технология”, “сунъий интеллект”, “электрон ҳукумат”, “киберхавфсизлик” каби тушунчалар тилимизнинг янги давр эҳтиёжларига мослашаётганини кўрсатади.
     Бугунги кунда ўзбек тили замонавий технологиялар, интернет, илм-фан ва рақамли коммуникация шароитида ривожланмоқда. Янги терминларнинг кириб келиши, электрон луғатлар ва тил корпусларининг яратилиши, ўзбек тилидаги рақамли контентнинг кўпайиши тилнинг замонавий имкониятларини кенгайтирмоқда.
      Шу билан бирга, давлат тилининг ривожида бир неча муҳим вазифалар мавжуд. Жумладан, илм-фан ва технология терминологиясини изчил ривожлантириш, давлат идораларида адабий тил меъёрларига риоя қилиш, таълимда ўзбек тилининг сифатли ўқитилишини таъминлаш, рақамли технологияларда ўзбек тилини тўлақонли қўллаб-қувватлаш, ёш авлодда она тилига ҳурмат ва масъулиятни кучайтириш.
      Ўзбек тилининг бугунги мавқейи асрлар давомида яратилган улкан маънавий ва адабий мероснинг давомидир. Маҳмуд Кошғарийнинг илмий мероси, Алишер Навоийнинг адабий фаолияти ва жадидларнинг маърифатпарварлик ҳаракатлари тилимиз тараққиётининг турли босқичларини ифодалайди. Бугунги авлоднинг вазифаси эса бу меросни асраб-авайлаш билан бирга, ўзбек тилини илм-фан, технология ва замонавий коммуникациянинг фаол тилига айлантиришдан иборат. Давлат хизматчиси учун давлат тили - шунчаки хизмат вазифасини бажариш воситаси эмас, балки давлат ва халқ ўртасидаги мулоқот кўпригидир. Давлатимиз Раҳбари Ш. Мирзиёевнинг “Халқ билан мулоқот” деб бошлаб берган катта йўлда ҳам ўзбек тилида аниқ, равон ва мазмунли мулоқот олиб бориш муҳим аҳамиятга эга. 
      Ўзбек тилининг бугунги қиёфаси - қадимий тарих ва замонавий тараққиётнинг уйғунлигидир. Аждодларимиз яратган бой адабий мерос тилимизнинг маънавий пойдевори бўлса, замонавий фан, технология ва рақамли муҳит унинг янги тараққиёт босқичини белгиламоқда. Ўзбек тилини асраш, унинг софлиги ва бойлигини сақлаш билан бирга, уни замонавий илм-фан ва технологиялар тилига айлантириш ҳар бир авлоднинг муҳим вазифасидир. Муҳтарам Президентимизнинг “Глобаллашув шароитида миллий тилимизнинг софлигини сақлаш, унинг луғат бойлигини ошириш, турли соҳаларда замонавий атамаларнинг ўзбекча муқобилини яратиш, уларнинг бир хил қўлланишини таъминлаш долзарб вазифа бўлиб турибди.” Деб ташаббус билдиргандилар. 
      Бугун ҳам тилимиз адабиётшунослар, шоир ва ёзувчилар ижод намуналарида, Фанлар кадемиясининг илмий тадқиқотларида, Ёшлар агентлигининг турли лойиҳаларида, Ёзувчилар уюшмасининг ижодий учрашувларида, Журналистлар уюшмасининг танловларида, педагог-олимларнинг таълим тизимидаги дарс жараёнларида она тилимизни янада тараққий эттиришда  ўзининг маънавий қиёфасини намоён этиб, ёш авлод тарбиясида хизмат қилиб келмоқда.
          Мен дунёда гўзал васлинг,
           Сенлигингни билдим тилим.
          Ўзбек деган буюк номни,
           Шону шавкат қилдинг тилим.    

Мансур Юнус, 
Давлат сиёсати ва бошқаруви академияси доценти,
филология фанлари бўйича фалсафа доктори, 
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:



Маълумот