"ФАЙЗИОБОД"ДА ФАЙЗЛИ КУН


   Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2009-2017 йилларда "Маҳаллий Ноозиқ-овқат истеъмол маҳсулотлари ишлаб чиқариш кенгайтирилишини рағбатлантириш борасидаги қўшимча   чора-тадбирлар" тўғрисидаги  Қарорига асосан, Андижон вилоятининг Балиқчи туманида "MAGNA SPORT" МЧЖга асос солинган эди. 
   Жамият  асосий фаолиятини 2017 йилда бошлаган.  Дастлаб,  50-турдаги Чарм-атторлик маҳсулотлари туркумига кирувчи Спорт маҳсулотлари ишлаб чиқаришни йўлга қўйиб,  2017 йилда 8 та, 2018 йилда 30 та,  2019 йилда 30 та иш ўрин яратишга муваффақ бўлган.
   2020 йилда ишлаб чиқаришни  янада ривожлантириш мақсадида жамият томонидан  бизнес режа тузиб чиқилиб, Балиқчи тумани Файзиобод маҳалласи ҳудудида қўшимча равишда “Чарм атторлик буюмлари ишлаб чиқариш” биноларини қуриш  ва ушбу қуриладиган бинога  ХХР "Urumqi Mingrui Chida Trade Co. Ltd."компанияси билан 30 .05.2019  йилда тузилган Импорт Контрактга асосан замонавий  импорт ишлаб чиқариш дастгоҳлари олиб келиб ўрнатишни, ишлаб чиқаришни  кенг йўлга қўйишни  ва 2020 йил 1 ярим йиллигида Жамиятнинг бошқарув ва ишлаб чиқариш структураси ривожлантирилиб, қўшимча ишчи ўринлар яратилиб, жами ишчи ходимлар сони 100 нафарга етказилиши режалаштирилганди.
   Баликчи туман ҳокими  томонидан Файзиобод маҳалласи ҳудудида “Чарм атторлик буюмлари ишлаб чиқариш” бинолари қуриш учун жамиятга  0.50 га ер майдони ажратиб берилган бўлиб, жамият аъзолари томонидан ушбу бино "Наврўз" айёми арафасида қуриб битказилди ва фойдаланишга топширилди.
   Куни кеча туманнинг  "Файзиобод" қишлоғида  Янги корхонанинг очилиш маросими бўлиб ўтди. Маросимни  туман ҳокими Жасурбек Абдурайимов очиб,  қишлоқ аҳолисини кириб келаётган "Наврўз" байрами билан чин юракдан табриклаб, корхона ишчиларининг ишларига ривожлар тилади. 
   - "2020 йил 1 ярим йиллигида ишлаб чиқариш структураси ривожлантирилиб, қўшимча  яна 50 та ишчи ўринлар яратилиб, жами ишчи ходимлар сонини 100 нафарга етказиш бизнинг олий  мақсадимиз эди", - дейди биз билан суҳбатда корхона раҳбари Жалолиддин Аҳмедов.
   - "Корхонамизда 28 турдаги рақобатбардош спорт анжомлари, яъни футбол, волейбол, гандбол коптоклари, катта теннис, баскетбол, стол тенниси,  бадминтон, ҳимоя тўрлари, медицинбол, йўғон арқон, боксчилар ҳимоя бош кийими ва қўлқопи, панжаси, машғулот қопи,  Маникен, Курашчилар кўрпаси, Гимнастика гардиши сингари спорт анжомларини  ишлаб чиқаришни йўлга қўйганмиз.
   Юқорида кўрсатилган маҳсулотларни ишлаб чиқариш учун Ўзбекистон Республикаси Миллий сертификатлаштириш тизими томонидан 2019 йил 18 мартда спорт анжомлари ишлаб чиқариш бўйича Мувофиқлик сертификати олганмиз".
   Тадбиркорликни ривожлантириш учун асосан катта миқдорда маблағ талаб қилинади. Бу борада жамият аъзолари ўз айланма маблағлари ҳисобига қўшимча равишда  банкдан кредит олишга қарор қилдилар. Натижада, қурилиш ишлари жадаллик билан олиб борилиб, қисқа фурсат ичида бино қуриб битказилди.
   - "Корхона маъмурияти ушбу Бизнес режани тўлиқ бажариш учун 35.60 фоиз,  яъни, 1 281 857 152 сўм миллий валютада ва 45500 АҚШ доллар ўз айланма маблағлари ҳисобидан, қолган 64,40 фоиз,  яъни, 349 000  АҚШ долларни Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 6-январдаги “Озиқ-овқат, чарм-пойабзал ва фармацевтика саноатида инвестиция лойиҳаларини молиялаштириш манбаларини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-2718-сон Қарорига асосан умумий миқдори 349 000 USD АҚШ доллар кредит олиб, ҳозирги кунда ўз фаолиятини бошлади", - дейди суҳбатда жамият ҳисобчиси Нодирбек Муталипов. 
  Балиқчи туманининг чекка қишлоғида яна бир корхона ишга тушди. Қўшни қишлоқ аҳолисидан ҳам ишчилар қабул қилинди. Бу эса албатта, халқнинг турмуш тарзини яхшиланишига хизмат қилади. Халқ тинчлиги, фаровонлигига нима етсин?!
   Шу куни янги корхонада жамият раҳбарияти томонидан эҳсон уюштирилди. Маҳалла имоми Қуръон тиловат қилди. Йиғилганлар Яратгандан юртимиз тинчлигини, янги корхонанинг гуллаб яшнашини сўраб дуолар қилишди. 

   Маъруфа СОЛИЕВА - Muzaffar.uz сайти ва "Фаровон юрт" газетасининг махсус мухбири.