Дилфуза Шомаликовага табрик
“Ғунча” журналининг Бош муҳаррири, “Шуҳрат” медали соҳибаси – Дилфуза Шомаликовани таваллуд топган куни билан табриклаймиз! Дилфуза Шомаликовага мустаҳкам соғлик, узоқ умр, ишларига улкан ривож тилаймиз!!!
Маълумот: Дилфуза Шоюнусовна Шомаликова 1965 йилнинг 25 июль куни Тошкент вилоятидаги Паркент туманида туғилган.
Маълумоти олий. 1989 йилда ТошДУ (ҳозирги Ўз.МУ)нинг «Журналистика» факультетини тамомлаган.
Дилфуза Шомаликова ўқувчилик давридан Республика матбуотида фаол қатнашиб келган. Меҳнат фаолиятини туман газетаси “Паркент тонгги”да бошлаган. Кейинчалик Республика радиосида, “Кўзгу” газетасида ишлаган.
2000 – 2008 йиллар “Соғлом авлод” ҳафтаномасида оддий мухбирликдан Бош муҳаррир лавозимигача бўлган масъулиятли вазифаларни бажарган.
2008 йилнинг декабридан ҳозирга қадар “Ғунча” журналининг Бош муҳаррири вазифасида фаолият юритиб келмоқда.
Бу даврда болалар журнали ўзига хос қиёфага кирди. Бош муҳаррир минбари саҳифасида “Мураббийлар дафтарига” рукнидаги мақолалар тарбиячи ва ўқитувчилар учун керакли қўлланма бўлди.
У Республика матбуотида ва Ўзбекистон телерадиокомпаниясида тарбиявий мавзудаги суҳбатлари билан ҳам мунтазам қатнашиб келади. Оммавий ахборот воситалари соҳасида кўп йиллар ишлагани боис, соҳанинг ўзига хос хусусиятларини пухта эгаллаган.
Ҳикоялари асосида теленовеллалар тайёрланган. “Онам ёпган нон”, “Тупроқ ўйнаётган бола”, “Зағизғоннинг арғимчоғи” китобларининг муаллифи. “Кузги мактублар”, “Гулнинг ойиси чиройлими?” китоблари нашр этилиш арафасида.
Дилфуза Шомаликова Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ва Ўзбекистон Журналистлар уюшмасининг аъзоси, Халқ таълими аълочиси.
“Шуҳрат” медали соҳибаси. “Ўзбекистон мустақиллигининг 15 йиллиги”, “Ўзбекистон мустақиллигининг 20 йиллиги”, “Ўзбекистон мустақиллигининг 30 йиллиги” эсдалик нишонлари билан тақдирланган.
“Йилнинг энг яхши журналисти”, “Энг улуғ, энг азиз” Республика танловларининг ғолиби.