Мамасойиб Мирзаевга табрик


    Андижон вилоят Ёшлар театрининг устоз санъаткори, кино ва театр актёри, таниқли сўз устаси – Мамасойиб Мирзаевни таваллуд топган куни билан чин дилдан табриклаймиз.
    Актёримизга авваламбор, соғлик, сермазмун умр, ижодий ва ижобий ютуқларни тилаймиз! 

   Маълумот: Мирзаев Мамасойиб Азимжонович 1968 йил 18 июль ойида Андижон вилояти Асака туманида туғилган.
    Мамасойиб Мирзаев 1998 йилда ҳозирги Андижон Санъат билим юртини актёр драма театри мутахассислиги бўйича тамомлаган. 
   Мамасойиб Мирзаев Андижон вилоят Ёшлар театрида 1998 йилдан 2013 йилгача ишлаб келган. 2017 йил сентябрь ойидан олий тоифали актёр сифатида ўз фаолиятини давом эттирмоқда. 
    Мамасойиб Мирзаев театрга ишга киргач, серқирра ижодкор сифатида ўзини намоён этди. У актёр сифатида эса трагик ролларни ҳам, комик ролларни ҳам маҳорат билан ижро этиб, театр санъати шинавандалари ҳамда мутахассисларининг олқишларига ва таҳсинларига сазовор бўлиб келмоқда. Жумладан: Маннон Ҳамиднинг “Дилижон дайдилари”да Комик, Иброҳим Содиқовнинг “Афандининг беш хотини”да Афанди, Шукур Саъдулланинг “Ёрилтош”да Танти бойвачча, Ильшад Юмагуловнинг “Наргиз фожиаси”да Ошиқ, “Шайтон кўли ёнида” эртак-спектаклида Бўри, Зиё Нажмийнинг “Мўъжизалар олами ёхуд саноъи нафиса” шоу-томошасида асосий бошловчи, “Занжирбанд шеър”да ҳасадгўй шоир, Қобилжон Юнусовнинг “Қарғиш урган уй”да Ўқитувчи, Саид Анварнинг “Осмондан тушган одам”да Озод, Эргаш Собировнинг “Чилла чечаги”да Дўст, Нурилло Аббосхоннинг “Бахтли бўлинглар”да Боймирза, Ўткир Ҳошимовнинг “Тўйлар муборак”да Неъмат, М. Ҳамидовнинг “Замоннинг синган ойнаси”да куёв, Маннон Ҳамидовнинг “Ашула дарсидаги ҳангома”да ўқитувчи, Тоҳир Маликнинг “Алвидо, болалик”да Озод, “Йўл бўйидаги ҳовли”да чол, Саид Аҳмаднинг “Куёв”да Ғанижон ота, Чингиз Айтматовнинг “Оқ кема”да чол, Ҳамзанинг “Майсаранинг иши”да мулла, Ўзбектош Қиличнинг “Тўмарис”да Кир 2, Ўлмас Умарбековнинг “Яша, кураш” (Шошма, қуёш)да участка нозири, Усмон Азимнинг “Кундузсиз кечалар” (Чўлпон)да Фитрат, “Ур, тўқмоқ”да бой, Нурилло Аббосхоннинг “Ҳеч ким билмайди”да галдир, Фернандо Араббалнинг “Пикник”да Сенёр тепан ролларини ва бошқа кўплаб образларни муваффақиятли ижро этган. 
     Мамасойиб Мирзаев таниқли актёр ва режиссёр – Ғайрат Аҳмедов билан ҳамкорликда вилоят телевидениесида бир қанча телевизион шоу-томошалари ва бадиий фильмларда ҳам роллар ижро этган. Жумладан, “Пахтазорда”, “Афанди ҳангомалари”,”Кўҳна латифалар”, “Жиблажибон” телесериалида умидли шогирд, телешоу каби инсценировкалардаги 20 дан зиёд роллари билан кўплаб телетомошабинларнинг ҳам эътиборини қозона олган.
   Ҳозирги пайтда У 2018 йилдан Андижон вилоят ёшлар телерадиокомпаниясидаги “Ҳаёт сабоқлари” ҳамда Тараққиёт телерадиокомпаниясидаги “Қўшнилар” кулгили томошалар кўрсатувларида ҳам 35 дан зиёд ролларни ижро этиб, халқ эътиборини қозонмоқда.
    У Ўзбек телефильм ДУК “Ёшлар” каналининг буюртмасига асосан Давлат томонидан ишланган “Дўстлик афсонаси 1– 2”,”Сокинлик лочинлар”, “Билимлар қироли”, “Такасалтанглар” болалар учун яратилган кинофильмларни муаллиф ва бош роллар ижрочиси сифатида иш олиб бормоқда. 1992 йили “Ўзбектеатр” бирлашмаси томонидан “Йилнинг энг яхши актёри” номинацияси ғолиби ва бир қанча кулги кечалари танловларининг ҳам ғолиби сифатида муносиб ютуқларни қўлга киритган.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:



Маълумот