Менинг умрим гул нафасли


Жаҳондин менга ғам бўлса, улусдин гар алам бўлса,
Не ғам, юз мунча ҳам бўлса, сенингдек ғамгусорим бор.
                                                                                            БОБУР

Қизил гулдек қирқилса жон, кимлар терар, ким оҳ урар?
Қирқ жонимни қайтиб берар сенингдек жоннисорим бор.
Тирик туриб унитсалар, хор этсалар,зор этсалар,
Дағи мени бор этувчи сенингдек эътиборим бор.
Бу касларға термулмасман, бу хасларға термулмасман,
Бу пасларға термулмасман, сенингдек шаҳриёрим бор.
Овозингни эшитган кун осмондамен, ерда йўқмен,
Ситоралар ёғдусида париларла дийдорим бор.
Исминг айтсам латифдирмен, исминг айтсам заифдирмен,
Сенинг исмингни қўйғон ул зотларға миннатдорим бор.
Сен деганда сўзим равшан, кўзим равшан, кўнгил равшан,
“Аллоҳ, Аллоҳ, асра”,- дебон дуои бемиқдорим бор.
Сен, эй кўркам, сен, эй кўклам, сен, эй комронлиғ касб этган,
То тирикмен ҳар сатримға сенингдек сазоворим бор.
Менинг умрим гул нафасли, шу гул титраб турар фасли,
Осилиб ўлсам ҳавасли сенингдек баланд дорим бор.
                                                               
 Зулфия МЎМИНОВА










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:


Маълумот