Наврўз хотиралари


     Наврўз... Болалигимда шу байрамни катта бир ҳаяжон билан кутардим. Бу мен учун бир ёшга улғайиш дегани эди. Яна Наврўз байрамининг қувончи, сурури ҳам бошқача эди. Наврўз арафасида онам ҳаммамизга янги либослар тикиб кийдирардилар. Оқ-қора ёки оқ-қизил атласдан тикилган ўзбекча кўйлакларимизни кийиб, майда ўрилган, учига сочпопук тақилгани сабаб узун бўлиб қолган сочларимиз билан дугоналаримизга мақтанардик. Албатта, бошимизда ироқи ёки зардўзи дўппимиз ҳам бўларди...
    Наврўздан олдин онам бу байрамга алоҳида тайёргарлик кўрардилар. «Қозонтўлди» (Бухорода ҳалиям Наврўзни айрим жойларда шундай аташади) куни албатта уйимизда кўк сомса ёки кўк бичак, тухумбарак пишириларди. Ҳаммамиз онамга ёрдам беришга ҳаракат қилсак-да, онам бу таомларни ҳеч кимга ишонмай, ўзлари лаззатли қилиб тайёрлардилар. Кейин бу таомларга қўшимча паловми, шўрвами яна нимадир пиширардилар...
   Наврўз байрами тақиқланган йилларни ҳам яхши эслайман. Мен синфимиз деворий газетасининг муҳаррири эдим. Яхшигина расм чизганим сабаб газетани суратларини ҳам  ўзим чизардим. Ёзувлари, мақолалари ҳаммасини ўзим бажарардим. Наврўз арафасида одатдагидек деворий газетани суратларини чизиб, мақолаларини ёздим ва эрталаб мактабга ҳаммадан олдин бориб, деворга мих билан қадаб қўйдим.
    Ўшанда янглишмасам, 1982 йил эди. Синф раҳбаримиз Холида опа синфга кириб келиб (биринчи соат дарсимиз адабиёт эди)кўзлари деворий газетага тушди-ю, мендан дарров газетани йиғиштириб, яширишимни сўрадилар. Ҳайрон бўлиб қолдим. Сал олдинроқ 8 мартга чиқарган газетамни мақтаган ўқитувчимизнинг авзолари бузуқ эди.
- Назарова, газетани олиб қўй. Наврўз ҳақида кимдан сўраб газета чиқардинг? - дедилар Холида опа. - Агар ҳозир бу газетани раҳбариятдан бир киши кўрса биласанми нима бўлади? Сениям, мениям мактабдан ҳайдашлари мумкин!
- Нега ахир? - Сўрадим яна.
- Нега бўларди? Наврўз байрамини нишонлаш мумкин эмас, у диний маросим экан...
  Ўша куни газетани йиғиштириб оларканман, Наврўз нима сабабдан диний байрам эканлигини, нега тақиқланганини ҳеч тушунмаганман. Кечаси билан ухламай газета чизиб, Наврўзга мос мақола ёзиб, расмлар чизганим учун ўзимга раҳмим келган ва минг афсуски машаққатлар билан тайёрлаган  газетам девордан олдирилганига хафа бўлганман. Ўша йили мактабда бизнинг илк мучал тўйимиз ҳам нишонланмаган.
    Кейинчалик мактабни битираётган йилимиз (1987) йилда Наврўзга атаб барибир газета «чиқарганман». Бу гал ўқитувчимиз ҳеч нарса демаган.
   1990 йиллардан кейин Наврўз байрами анча эркинлик билан ўтказиладиган бўлди. Телевизорда Дадахон Ёқубов олиб борадиган Наврўз байрами марафонлари ҳам кечагидек ёдимда....
    Наврўз байрами баҳонасида шу эсдаликлар ёдимга тушди ва уларни сизлар билан баҳам кўргим келди, азизлар. Минг йиллик тарихга эга Наврўз ҳаммангизга муборак бўлсин. Хонадонингиз фаровон ва тинч бўлсин. Кишту кори бободеҳқонга ҳам барака берсин. Йил яхши келсин! Яхши ниятларимиз амалини кўрайлик!

Моҳигул НАЗАРОВА.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:



Маълумот