ХИЗМАТЛАР! ИҚТИДОР! ФАЗИЛАТ!


ХИЗМАТЛАР! ИҚТИДОР! ФАЗИЛАТ!
Ҳаммаси бўлмаган гап! Бирорта тўдага мансуб бўлмоқ керак(ми?)

   Бу иқтибос Стендалнинг "Қизил ва қора" китобидан келтирилди. Наҳотки, шу гаплар рост бўлса?.. Интернет тармоғидан фойдаланаётганимга икки-уч йил бўлиб қолди. Суягим газетада қотган. Шу пайтгача барча янгиликларни матбуотдан олганман. Бекор вақтим кутубхоналарда ўтган. Дастлаб интернетга ҳам таҳририят қистови билан кирганман ва шундан бери ундан фойдаланадиган бўлдим. Бир муддат нуфузли электрон сайтлар фаолиятини ҳам юритишга тўғри келди. Жаҳон адабиётининг энг сара асарлари бериб борилади. Олимлар, шоирлар, таржимонлар, журналистлар шарҳлари, ижоди ва танқидий фикр-мулоҳазалари ҳам алоҳида ўрин олган. Аммо обуначиси негадир кам... Фақат ўзимиз билган зиёлилар... Баъзан қўрқиб кетасан, наҳотки, зиёлиларимиз бир ҳовуч бўлса?.. 
   Аммо интернетдаги ФБ ва бошқа ижтимоий тармоқларда атрофига одам йиғишнинг "ҳадис"ини олганлар "соққа"си тикилса, истаган обуначиларни йиғиб бериш билан шуғулланиши роса ажаблантирган. Шундай алдам-қалдам билан қачонгача одамларни ушлаб туриш мумкин?.. Афсус, бундай гуруҳлар ФБда арининг уясидек жойлашиб олган. Бегона одамни талаб ташлайди. Ярайдиганини қолдиради, ярамайдиганини "ниш" суқиб ўлдиради. Аслида бу тўдаларни на давлат, на жамият, на одамлар муаммоси қизиқтиради. Кимдан манфаат кўрса, ўшанинг атрофида гирдикапалак. Ҳеч эътибор берганмисиз, ўшаларнинг постларига гуруҳдошларидан бошқа ҳеч ким фикр билдирмайди. Ўзларини қизитиш учун ҳар хил ҳангомалару ғўр ёшларни сафига тортиш билан овора. Афсус, таҳририятлардан қувилган ўша тўдалар нажот истаб, ФБда жойлашиб олибди. Қуроли - оддий халқ. Мақсади бирор жабрдийда ёки адолат излаб юрганни топиб, ўшанинг ортидан обрў-эътибор қозониш, "тил"га тушиш, нон топиш... Менга уларни умуман қизиғи йўқ, истаган одамидан даҳо ясайверсин. ФБда янги шеърларимни ҳавола этишим, миллатимиз ойдинларини ҳимоя қилиб ёзган ҳаволаларим кимгадир ёқмаса, бемалол дўстликдан кетиши мумкин. 
 Интернет тармоғининг яхши томони шеърларимизни қардош дўстлар ҳам кузатиб бораётгани, улар орасида ўз тилига таржима қилишни сўраган қозоқ, қирғиз, турк, тожик, озор ва рус китобхонлари ҳам борлиги қувонарли. Адабий учрашувларда шеър ўқисак, китобхонлар гулдаста билан қўллаб турса, янги қораламаларни таҳририятлар навбатсиз нашр этса, бошқа тилда сўзлаётган бир қардошинг ўз тилида шеърингни меҳр билан таржима қилса, шеърингни ўқиган бошқа ажнабий сенинг тирик ёки ўлганинг билан қизиқса, шоирга бундан ортиқ яна нима керак?.. Ўзи, гуруҳи ва тўдасидан бошқаларни бир тийинга олмайдиганлар менга ҳам сизнинг на лайкингиз, на ўзингиз керак. Юзта эмас, битта бўлса ҳам самимий ва оқкўнгил мухлиснинг ўзи кифоя. Яна шундай даврлар келади, шеърларимизни далалар, мактаблар, оддий халқ ичига кириб ўқиймиз, ўшанда интернетга кириб атайлаб обрўимизни тўкишга сизда имкон, бизда Сиздан ранжишга вақт топилмас...

Адиба Умирова.