Хотира ва Қадрлаш куни ҳамда Ғалабанинг 75 йиллиги


   Ассалому алайкум, муҳтарам дўстлар! Азиз Бобо-Момолар!!!
   Барчамизга "9 май – Хотира ва Қадрлаш куни", хусусан, Иккинчи жаҳон урушида қозонилган буюк Ғалабанинг 75 йиллиги муборак бўлсин! 
   Тассуфки, айримлар бу собиқ шўро ҳукуматининг байрами, ғалаба бизники эмас, деган фикрларни ҳам илгари суриб келишлари ҳаммамизга маълум. Аслида ундай эмас. Негаки, ўша даврда бизнинг юртимиздан ҳам қанча-қанчалаб бобокалонларимиз уруш майдонида жон олиб, жон беришган, халқимиз учун ўзларини фидо қилишган, осойишталигимиз йўлида қурбон бўлишган.
Минглаб аскарларимиз жанггоҳлардан қайтмай, уруш майдонида қаҳрамонларча ҳалок бўлишган. Уларни хотирлаш ва руҳларини эзгу амалларимиз билан шод айлаш - муқаддас бурчимиздир. Қолаверса, бу кунда кўпчилик қабристонларни зиёрат қилишади ва ўтган яқинларини хотирлашади, ҳаёт бўлган уруш қатнашчилари-ю, Ота-Оналари, Бобо-Момоларини қадрлаш учун олдиларига оила аъзолари билан биргаликда қадам ранжида қилишади. Илло, бу орқали фарзандларимизга ҳам худди шундай ҳурматни бажо келтириш лозимлигини ўргатсак, ўзимиз оламдан ўтганимизда ҳам фарзандларимиз болалари билан қабримиз узра хотирлашга боришади, билъакс, уларни унутсак - қайтар дунё, деганларидек, биз ҳам унутилажакмиз! Бу аччиқ ҳақиқатни унутмаслигимиз шарт!
  Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари саноқли қолган. Уларнинг ҳурматини ўрнига қўйишимиз, улар олдида таъзим қилишимиз, ўзга юртларда жасади қолиб кетган юртдошларимизнинг номларини тиклашимиз - Ватанимиз ва миллатимиз олдидаги бурчимиздир. 
  Фронт ортида ҳам тинимсиз фидокорона меҳнат қилган Момоларимиз ўзларининг умр йўлдошлари, ака-укалари, фарзандларини интиқ бўлиб, туну кун умидвор бўлганча кутишгани борасида ёзувчи ва шоирларимиз ибратли хотираларни битишса, кино ижодкорлари имкон қадар, тарихни ўрганиб, урушнинг аччиқ ва ибратомуз хотиралари акс этган фильмларни суратга олишмоқда.
   Ўзбек халқи меҳмондўст ва болажон халқ. Қаҳатчилик ва машъум даврларда ҳам инсонийлик қиёфасини йўқотмаган халқимиз бошпанасиз ва етим бўлиб қолган болаларга хонадонидан, бағридан жой, дастурхонидаги ўзлари аранг топган нонларини беришганидан ҳар қанча фахрлансак арзийди!!! 
  Бундай мард ва танти халқимиз биз учун мардлик, жасорат, шижоат, меҳмондўстлик, бағрикенглик, саховатпешалик тимсоли бўлиб, ўрнак бўлмоғи даркор.
  Коронавирус сабабли инсонларимизнинг карантинда бўлган пайтлари-ю Сардобадаги воқеалар ҳам халқимизнинг қанчалар олижаноб эканлигини яна бир карра исботлади! Имконимиз борлар имконияти чекланган, ночор, қийин шароитдаги инсонлардан кўмагимизни аямайлик!
   Одамгарчилик, меҳр-оқибат, катталарга ҳурмат, оламдан ўтганлар руҳини ёд ва шод айлаш - бизнинг муқаддас бурчимизга айланмоғи лозим.
  Жамики юртдошларимизни, улар хоҳ Ўзбекистонда бўлишсин, хоҳ хорижда, "9 Май - Хотира ва қадрлаш куни" билан муборакбод этишга изн бергайсизлар!
    Барчага дунёдаги жамики энг эзгу, юксак истакларни тилаб қоламиз!

Камоли эҳтиром ила - Музаффар Муҳаммадназар.