Коронавирус: Бефарқмизми ёки фарқли?


   Соғлиқни сақлаш вазирлиги, АОКА, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ҳамда Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди ташкил қилинган Koronavirusinfo телеграм каналини бугунги кунда саккиз юз мингга яқин ватандошимиз кузатиб боряпти. Ватанимиздаги айни вазиятдан хабардор бўлиб туришни ҳаммамиз ҳам истаймиз ва буни киноясиз айтганда ҳам қойилмақом уддалаяпмиз.
   Тан олиб айтайлик, қарорлар, фармонлар, фармойишларни ҳам бугунгача шундай кузатганмиз. Кўникканмиз! Кўникканмиз, дейишимга сабаб, ижрога келганда лоқайдликларга тизгинни кўпроқ бериб юборамиз. Бир ёқадан бош чиқариб, ҳамжиҳатликда иш кўришнинг аксига кўникканмиз. Ана шу кўникишларимиз эртага ўзимизга, ҳа, айнан ўзимизга қимматга тушиши ҳақида ўйламаймиз. Нега?
Бефарқлик
   “Тошкент шаҳри, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар марказларида 23 мартдан жамоат жойларида шахсий ҳимоя воситалари (ниқоб)сиз бўлган шахсларга огоҳлантириш берилади. 25 март куни соат 6:00 дан бошлаб ушбу ҳолат қайд этилса – базавий ҳисоблаш миқдорининг бир баробари миқдорида, мазкур ҳолат яна қайтариладиган бўлса – базавий ҳисоблаш миқдорининг уч баробари миқдорида жарима қўлланилади”. Республика махсус комиссияси ахборотида мана шундай келтирилган ва бу ахборот юқорида келтириб ўтган манбада 22 март куни эълон қилинган. Ушбу хабар интернет тармоқлари, телевидение орқали тарқатилганидан бехабар қолган кишининг ўзи қолмади. Аммо орадан бир сутка вақт ўтса-да кўчага чиққан юртдошларимизнинг аксарияти ҳимоя воситалари(ниқоб)сиз юрганига гувоҳ бўляпмиз. Менимча, кимнингдир (тинчлик-осойишталигимиз посбонлари) келиб огоҳлантиришларини ёинки 25 мартни кутяпмиз...
Фарқлилик
   “Қирқ йил қирғин бўлса ҳам ажали келган ўлади”. Доно халқимизнинг доно гапини ўзларига шиор қилиб олган юртдошларимизга қойил қолиш керак! Улар ўлмас, лекин бир инсоннинг (балки инсонларнинг) ҳаётини хавфга қўйишга сабабчи бўлиб қолишлари мумкинлигини ўйлашармикан?!  Бутун дунё шу вирус билан курашаётган, ҳаммани огоҳликка чақираётган вақтда шу мақолни айтиб, ўзидан “ўлмас” яратиб олиш ўринлимикан? Бу билан нима қилмоқчи, нима демоқчи? Кўча-кўйда бугун ниқоб тақмай юрган кишиларнинг юзида фақат бир нарсани уққандай бўляпман – фарқлиликни! Улар дунёдаги барча ўзини ҳимоя қилаётганлардан фарқланиб туришни исташади. Бошқалардан ажралиб, алоҳида бўлишни исташ эса нима эканини яхши биласиз.
Илтимоснома
   Азиз юртдош! Сизга ниқоб тақиб юриш ёқмаса ҳам тақинг. Ахир сизда ҳам ота-она бор. Уларнинг дуоси билан тинчлик-хотиржамликда улғайдик, ҳеч нарсадан кам-кўстсиз вояга етдик. Сиз ҳам уларнинг хаста бўлишини, азоб тортишини истамайсиз, тўғрими?
   Ахир сизда ҳам фарзанд бор. Улар - келажагимиз. Бу вирусдан тузалиш мумкин, аммо асорати қолар экан. Жисмида жароҳати бор фарзанд орзусидагидек келажак ярата олмайди. Сиз ҳам биздек келажагимиз ворисларини тўрт мучаси соғ-саломат улғайишини истайсиз-ку!
   Илтимос, фарқли ҳам, бефарқ ҳам бўлмайлик!

Аслиддин Мустафоев.