УЙҒОН, ҚАЛБИМ!


Ҳақиқатни айтиш пайти келди-ей,
Ёмон йўлдан қайтиш пайти келди-ей, 
Тилгинамга қўшиқ байти келди-ей,
Уйғон, қалбим,
эшит, халқим, замоним!

Оқ лайлаклар қайтмас бўлиб келди, денг,
Оппоқ тонглар, ёруғ кунлар кулди, денг,
Ишқ яловин кўк тоқига илди, денг,
Уйғон, қалбим,
эшит, халқим, замоним!

Тупроқ талаш, Ватан талаш на керак, 
Ризқ-рўз талаш, кафан талаш на керак,
 Обрў талаш, саман талаш на керак,
 Уйғон, қалбим,
эшит, халқим, замоним!

Қалбни сотсак, ғамга ботсак, ким бўлдик,
Дўст кўксига ўқлар отсак, ким бўлдик, 
Ўзлигимиз гар йўқотсак, ким бўлдик,
Уйғон, қалбим,
эшит, халқим, замоним!

Тўлин Ойни қайчиласа, на бўлғай,
Яхши куйни чала чалса, на бўлғай,
Ишқли қалбни парчаласа, на бўлғай,
Уйғон, қалбим,
эшит, халқим, замоним!

Эллараро элчи бўлсак, ўлим йўқ,
Диллараро совчи бўлсак, ўлим йўқ,
Шоир бўлсак, куйчи бўлсак, ўлим йўқ,
Уйғон, қалбим,
эшит, халқим, замоним!

Нормурод Нарзуллаев - Ўзбекистон халқ шоири.
27.IX.1990