А.С.ПУШКИНДАН
А.С.ПУШКИНДАН
Абдулла ОРИПОВ таржимаси
(эълон қилинмаган)
А.С.ПУШКИНДАН
1
Шовқинли кўчада сарсон юрсам-да,
Халқ тўла черковга бориб кирсам-да.
Шўх йигитлар билан бир ўтирсам-да,
Мени хаёл босар, ўй босар ҳамон.
Мен дейман: бу йўллар шошиб ўтади,
Сон-саноқсиз одам бир-бир кетади.
Дунёда кимки бор - бори битади,
Кимнингдир сўнг дами яқин шу замон.
Сўққабош чинорни ҳар кўрганимда,
Ўрмонлар бобоси дейман дилимда,
Оталарим асрин кўрдинг умрингда,
Мендан сўнг ҳам қолиб сурасан даврон.
Гўдакни эркалаб турганда хушҳол,
Дарров ўйлаб дейман: эркам, яхши қол.
Менинг ўрнимни бос, кўрмагил завол,
Мен тутоқдим, сўлдим, сен гулла омон.
2
Ҳар кун ҳар йилимни ўтказиб шундоқ,
Оддий хаёлларга ботаман узоқ,
Ҳар йил сўнг нафасдан оламан сўроқ,
Ҳар соат топаман ўлимдан гумон.
Билмайман, ажалим дуч келар қайда,
Жангдами, сафарда ё тошқин сойда.
Ёки гўрим анов водий, тўқайда,
Совуқ ҳоким олар оғуши томон.
Ўликка ҳамма ер бирдак ҳар қалай,
Туйғусиз тан гўрда қолмас чиримай.
Ҳар нечук истагим, ватанда ўлай,
Азиз тупроқ бўлсин сўнгги ошиён.
Қабрим теграсида ёш ҳаёт кулсин,
Қушлар бош устимда сайрашиб турсин.
Бепарво табиат доим барқ урсин,
Мангулик чиройда яшнаб беармон.
1961