ОНАЛАР ЎЛМАЙДИ...


Мунаввара Усмонова
ОНАЛАР ЎЛМАЙДИ...

Оналар ўлмайди, бир фурсат, бир он,
Беркиниб олади осмон қатига.
Фалакни кезади руҳи ҳам гирён,
Дуолар битади қушлар патига.

Оналар ўлмайди, тушга айланиб,
Бедор дилбандининг бошин силайди.
Ҳурлар ёнида ҳам жони қийналиб,
Худога ёлвориб умрин сўрайди.

Оналар ўлмайди, токи бор дунё,
Кўклам нигоҳида қайтаверади.
У офтоб нурида таратиб зиё,
Тонгларда аллалар айтаверади.
ОНАЛАР ЎЛМАЙДИ...