Ўлмас Саиджонов таваллуд топган кун


  Ўлмас Саиджонов 1951 йил 10 январда Қашқадарё вилоятининг Китоб туманида туғилган. Ўзбекистон халқ ҳофизи (1993). Қарши давлат педагогика институтини (1974), Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институтини тугатган (1981). 1994 йилдан Муҳиддин Қориёқубов номидаги Ўзбек давлат филармонияси (1996 йилдан академик ва халқ бадиий жамоалар дирекцияси)нинг директори, 1996-2001 йиллар “Ўзбек наво” бирлашмаси бош директори ўринбосари бўлиб ишлаган. Репертуаридан ўзбек мумтоз ашулалари (“Феруз”, “Гулузорим”, “Мустаҳзод”, “Гиря” ва бошқа) ва замонавий бастакорлар асарлари (“Онажоним”, “Фурқат нидоси”, “Суратинг” каби) ўрин олган. “Шарқ тароналари” халқаро мусиқа фестивали ЮНЕСКОнинг махсус мукофоти совриндори. Ўлмас Саиджонов ижодига бағишланган телефильм (“Ўзбекистон халқ ҳофизи Ўлмас Саиджонов куйлайди”) ишланган (1996, Ўзбекистон телевидениеси). “Эл-юрт ҳурмати” ордени билан мукофотланган (1998).
   Ўзбекистон халқ ҳофизи Ўлмас Саиджонов 2016 йилнинг 13 февраль куни вафот этган.