ДИСКО РАҚҚОСИ БИЛАН МУЛОҚОТ
ДИСКО РАҚҚОСИ БИЛАН МУЛОҚОТ
Болливуд юлдузи - Митхун Чакраборти (ҳақиқий исми — Гоуранга Чакраборти; 1950 йилнинг 16 Июнь куни Ҳиндистоннинг Калькутта шаҳрида туғилган). Таниқли ҳинд актёри, 350 дан зиёд фильмларда суратга тушган.
Митхун билан суҳбатимиз пойтахтимизнинг “Хилтон” меҳмонхонасидаги у жойлашган хонада бўлиб ўтди. Соқчиларнинг талабига биноан суратга олиш ва видео тасвирга суҳбатимиз ёзиб олинишига ижозат берилмагани сабабли, суҳбат диктофонга ёзиб олинди ва мулоқотимиз инглиз тилида бўлди. Болливуд юлдузидан интервью олишга шароит ва имконият яратиб бергани учун Ўзбекистон Миллий кинематографиясини ривожлантириш маркази директори – Барно Унгбоевага ва мазкур суҳбатни "Театр" журналида чоп этгани учун “Театр” журнали муҳаррири – Шаҳрибону Имомовага ташаккур билдириб қоламиз.
- Ассалому алайкум, Митхун Жи, Сизни Ўзбекистонда кўриб турганимиздан бениҳоя шодмиз. Актёрлик соҳасидан ташқари, бетакрор рақсларингиз билан ҳам машҳурсиз. Хусусан, рақсларингизни “Диско раққоси” ва “Ўйна, ўйна” сингари оммалашган ва Сизни дунёга танитган фильмларингизда ҳам кўришимиз мумкин. Бу фильмларга қадар хинд фильмларида, асосан, миллий рақсларни кўрардик. Тўғри, ғарбга тақлид сифатида айрим оврупача рақслар акс этган саҳналар ҳам бўлган, аммо улар қисқача тарзда кўрсатиб ўтилган. Чинакам раққос ҳаёти ва ҳинд миллий рақс санъатида кескин бурилиш ясайдиган рақсларни Сизнинг ижроингизда кўрганмиз. Айтинг-чи, рақс борасида бирор жойда таълим олиб ёки қайсидир раққосдан сабоқ олганмисиз ёки ўзингиз қизиқиб, ўзлаштирганмисиз?
- Аввало, менинг ижодимга бўлган қизиқишингиз ва суҳбатга чорлаганингизлар учун Сизларга ҳам катта раҳмат айтаман. Ҳали ҳануз Ўзбекистонда ҳам ашаддий мухлисларим борлигидан бениҳоя шодман. Ўзбекистон иккинчи ватанимдек бўлиб қолган. Ўзбекистон аҳлини жуда севаман. Негаки, ўзбеклар билан ҳиндлар бир-бирига ташқи кўриниш жиҳатидан ўхшаб кетишади. Тўғри, динларимиз турлича бўлиши мумкин, аммо фильмларда муҳаббатни, вафони, ҳаёни тараннум этиш жиҳатларимизда ҳам ўхшашлик бор. Бу борада ҳали яна батафсил тўхталамиз. Энди, саволингизга келсак, мен ёшлигимдан Элвис Преслининг мухлиси эдим. Рақс санъатини унинг фильмларини томоша қилиш асносида ўрганганман. Унинг рақсдаги ҳаракатларини такрорлаш баробарида, миллий ҳинд рақсимиз билан уйғунлаштириб, ўзига хос, фақат тақлиддангина иборат бўлиб қолмайлиган рақс санъатини намойиш этиш истаги туғилганди. Кино оламига кириб келишимдан олдин, шу рақсларимни халқимизга кўрсатишни истаганман. Аслида кинога тасодифан, тақдир тақозоси билан кириб қолганман, десам ҳам бўлади.
- Дунёга таниқли Майкл Жексон-чи? Наздимизда, унинг ҳам рақсларига тақлид бироз сезилади.
- Тўғри пайқабсиз. Майкл Жексоннинг ҳам рақсларидаги айрим ҳаракатларни ўзлаштирганим рост, бироқ асосий раққос сифатида Элвис Пресли менинг орзуйимдаги инсон бўлган.
- Кинога тақдир тақозоси билан кириб қолганман, дедингиз. Тақдирга ишонасизми?
- Шак-шубҳасиз. Бўлмаса, мендек Калькуттада санъат соҳасидан мутлақо йироқ оилада ўсиб улғайган йигит қаерда эди-ю Болливуд оламининг юлдузлиги қайда эди. Болалигимда актёр бўлишни орзу қилган бўлсам-да, фильмларда бош ролларни ўйнашим мумкинлигини тасаввуримга ҳам сиғдира олмаганман. Барига тақдир сабабчи ва тақдирга ишонаман.
- Ёшлигингиз қийинчиликларда ўтган экан? Одатда, Болливудда таниқли актёр ва актрисалар сулоласи ҳукмронлик қилишади ва четдан келган, айниқса, моддий жиҳатдан бой бўлмаганларнинг бу соҳага кириши қийин. Сизга омад қай тарзда кулиб боқди?
- Бу ҳам, боя таъкидлаганимдек, тақдир тақозосидир. Аслида, Бомбей (ҳозирги Мунбай) шаҳрига келиб қолишим ҳам тасодифми ё тақдир хоҳишими, хуллас, ўша пайтлардаги сиёсий вазиятлар юзасидан Калькуттадан Бомбейга қочиб кетишимга ва ўша ердан бошпана излаб, паноҳ топишимга тўғри келган. Калькуттада коррупция ва маҳаллий зўравон зодагонларнинг ноҳақликларига қарши камбағал ишчи-деҳкон синфлари қўзғолонида мен ҳам иштирок этганман. Табиийки, ўша даврдаги ҳукумат бу ишларни куч ишлатиб бостиришга, қўзғолон кўтарганларни экстремистликда айблаб, айримларини қамоққа тиқишга, баъзиларини жазолашга муваффақ бўлишди. Ўшанда отам раҳматли мени муқаррар жазодан қутқариб қолиш мақсадида Бомбейда яшайдиган амаким олдига қочириб юборганди. Бу 60-йилларнинг охирларида эди. Ўшанда ҳақиқат қарор топишига ишонадиган, қалби эзгуликларга ишонч билан тўлиб тошган ўспирин йигит эдим.
Бомбейга келган пайтларим паркларда ва кўчаларда ётиб қолган кунларим, ижарада яшаган пайтларим бўлган. Амаким мени моддий томондан қўллаб турса-да, унинг уйида яшашим хавфли эди. Негаки, полиция мени амакимнинг уйидан излаши аниқ эди. Калькуттага қайтиб кетишга ошиқмай, қийинчиликларни енгиб ўтишга ва кўзлаган мақсадимга эришишга қатъий қарор қилгандим. Мағлубият инсонни кўп нарсаларга ўргатади. Мағлубиятни тан олишни истамасдим ва тақдирга ишонганим боис, албатта кун келиб фильмларда суратга тушишимга ва машҳур бўлишимга қаттиқ ишонардим. Шукурлар бўлсинки, вақти соати келиб орзуларим рўёбга ошди.
- Кино оламидаги “наҳанглар” Сизни қувонч билан қарши олиб, қаршингизга пешвоз чиқмаган бўлса керак, хойнаҳой?
- Нимасини айтасиз! Кино соҳаси шундай соҳаки, бунда ҳар ким бош рольни ўйнаш учун, ўйнаган фильмлари муваффақиятга эришиши учун рақибларидан ўзишга интилади. Аслида, рақобат барча соҳада бор, аммо рақибининг муваффақиятсизлигидан қувониш ҳолатлари, афсуски, бизнинг соҳада кўпроқ учрашини тан олишим керак. Бизда кимдир муваффақиятсизликка учраса, уни рақиблари керак бўлса оммавий ахборот воситалари ходимларини ҳам ишга солиб, обрўсизлантиришга ва мухлислари наздида ёмон кўрсатишга уринишади. Кино индустрияси шундай имкониятлар калитини бериб, сизга дарвозани кенг очиб берадики, унинг ортида бир кунда ҳам шон-шуҳрат, ҳам машҳурлик, ҳам молу дунёга эришасиз.
- Кўпгина ҳамкасбларингиз фильмларда ташқи кўриниши чиройли кўриниши учун пластик жарроҳлик ёки косметолог мутахассис хизматидан фойдаланишгани ҳақида ўқиганмиз. Бироқ Сиз на терингизни оқартиргансиз ва на қулоғингизни кичрайтиргансиз. Саволимиз учун аввало, Сиздан узр сўраймиз ва Сизга малол келмаслигини илтимос қилардик. Бу билан Сизнинг ташқи кўринишингизни асло камситиш ниятида эмасмиз. Шунчаки, Сиз қорамағиз эканингиз ва қулоқларингизнинг катталигига қарамай, киноларда муваффақият қозонганингиз ва имкониятингиз бўлатуриб, ташқи кўринишингизни ўзгартирмаганингизга ҳавас қилаяпмиз. Қиёфангиздан кўнглингиз тўлганми доим?
- Тўғрисини айтсам, ёшлигимда рангим қоралиги ва шалпангқулоқлигимдан уялардим. Айниқса, қизлар билан танишган пайтларим қулоқларимни яширишни истардим. Шу сабабли, сочларимни ўстириб, қулоқларимни беркитишга уринардим ва сочларим ҳалига қадар узунлиги сабаби ҳам шу бўлса керак. Рангим кўпчилик ҳиндлар каби бўлгани боис, унчалик аҳамиятга эга эмасди. Болливудда оқ танли ҳиндлар Сиз айтгандек ё ўзларини пластик жарроҳлик ё косметолог ёрдамида оқартиришган ёхуд инглиз ё бошқа оврупаликларга мансуб кишилар билан омухта бўлишган. Кўпчилик актёр ва актрисалар инглизларга уйланган ё турмушга чиққан. Бунинг натижасида фарзандлари оқ танли бўлиб дунёга келган.
Илк дебют фильмим – “Икки нотаниш” фильми бўлса-да, унда экранда қисқа муддат кўринганман ва икки уч оғиз диалог айтиш билан кифояланганман. Дастлабки каттароқ ролим “Қироллик ови” фильмидаги ижроим бўлди ва бу фильм ҳам ўша кезларда юртимизда менга машҳурлик келтирди. Ўшанда-ёқ, мен ўз кўринишимни қандай бўлсам, шундайлигимча қабул қилишни ўргандим. Косметолог ё жарроҳлик амалиётига мутлақо эҳтиёж сезмадим. Бунинг боиси, менинг бу камчиликларимни яхши рақсга туша олишим, жанговар санъатни моҳирона ўзлаштириб олганим беркитишига ва томошабин асосан рақсим ва жанг саҳналаридаги хатти-ҳаракатимга эътибор беришини, ташқи кўринишим унчалик аҳамият касб этмаслигини тушуниб етдим.
- Сизнинг бир нечта меҳмонхоналарингиз бор. Ҳозирда актёрликдан ташқари, Сизни тадбиркор ва сиёсатчи сифатида ҳам биламиз. Вақтида энг кўп гонорар оладиган актёрлардан бири бўлгансиз. Ҳозирда меҳмонхоналарингиздан келадиган даромад каттами? Камбағаллардан ва мусофирлардан меҳмонхоналарингизда тунаш учун пул олмайсиз деб эшитганмиз?
- Бу борада ҳақсиз. Мен ҳақимда етарлича маълумот тўплабсизлар, қойил. Ўзи сизлар журналистмисизлар ё солиқ идорасини айғоқчиси (агенти)мисизлар? (ҳазиллашиб кулади). Очиғини тан олишим керак, меҳмонхоналардан тушадиган даромадим катта эмас. Чунки, чиндан кўпчиликни текинга ҳам қўямиз ва мижозларимиз асосан, хориждан келган сайёҳлар. Уларнинг ҳам орасида мухлисларим ёки хориж киносининг вакиллари бўлса, улардан тўлов олишга истиҳола қиламан. Даромад олиб, бойишни истайдиган одам ҳис-туйғулардан йироқроқ, бироз совуққон, ҳисоб-китобни устун қўядиган киши бўлиши керак. Мен эса санъаткорман. Мен учун ҳисоб-китобдан кўра, инсонийлик ҳис-туйғулари ва ҳиссиётга берилувчанлик устун. Ўзим бир пайтлар кўчаларда тунаб қолиб, бошпанасиз қолган кунларимни хотирлайман. “Ўйна, ўйна” фильмидаги қаҳрамоним ҳам опаси билан камбағалликдан бой-бадавлатлик даражасига эришгунга қадар босиб ўтган машаққатли ҳаёт тарзи, қайсидир жиҳатлари билан менинг болалик даврларимни эслатади.
- Одатда, суҳбатдошимизнинг шахсий ҳаётига алоқадор савол бермаймиз. Лекин, малол келмаса, айтингчи, Шри Деви билан севишган экансиз, аммо унга уйланмаганингиз борасида нима дея оласиз?
- Илтимос, ярамни тирнаманг. Шахсий ҳаётимга оид маълумот беришни, турмушимга дахлдор мавзулар ҳақида гапиришни ёқтирмайман. Лекин, майли, сазангиз ўлмасин, қисқача қилиб айтиб ўтишим мумкин. Авваламбор, оилам мен учун муқаддас. Уч ўғил ва бир қизим бор. Оилам олдида масъулият ва мажбуриятимни бир лаҳза бўлса ҳам унутмаслигим шарт. Тан оламан, Шри Девини чиндан ҳам севганман. Аммо у пайтда, бахтга қарши деймизми, бирга бўлиш тақдиримизга битилмаган экан деймизми, ҳарҳолда, оилалик эдим. У эса оиламдан воз кечиб, уйланишимни талаб қилган. Иккинчи хотин бўлишга рози бўлмаган. Мен эса оиламдан воз кечолмасдим. У ё уни ёки оиламни танлашни олдимга шарт қилиб қўйганди. Табиийки, мен ўшанда оиламни танлаб, уни севгисини рад қилишга мажбур бўлганман. Унинг вафотидан қаттиқ қайғуга тушдим. Рафиқамдан ҳам яширмайман, уни ҳанузгача севаман, яхши актриса, содиқ дўст, беғубор аёл сифатида умрбод хотирамда муҳрланиб қолади.
- Актёрлик бўйича қайси олийгоҳда таҳсил олгансиз?
- Аслида, отам менинг муҳандис бўлишимни истаган. Болалик экан-да, денгизчи бўлишни ҳам орзу қилганман, аммо тўғрисини айтсам, имтиҳондан йиқилганман. Радиосигнал йўллашни билмаганман ўшанда. Кейин политехника олийгоҳига ҳужжат топширганман. У ерда ҳам омадим чопмади. Шундан сўнг психология коллежига кирмоқчи бўлдим. Ўзимни руҳият соҳасига, илмга бағишламоқчи бўлдим. Аммо тақдир экан, актёрлик соҳаси менга насиб этди. Аммо ёшлигимда аслида футболчи ёки сиёсатчи бўлишни орзу қилганман. Калькуттада Бенгал футбол академияси очганман. Миллий командамиздаги футболчиларимизга моддий томонлама ёрдам бериб, кези келса ҳомийлик қилиб тураман ҳозирга қадар. Футболга қизиқадиган, аммо қашшоқ ва моддий ёрдамга муҳтож оилаларнинг фарзандларига ҳам ҳомийлик қиламиз. Уларни тренерларга топшириб, уларга ҳақ тўлаймиз ва футболчи бўлган ёшларни турар жой билан таъминлаб, текинга ўқишини таъминлаймиз. Шунингдек, Кино ва телевидение ижодкорлари ассоциациясининг президентиман. Фаолиятимизга 20 йилга яқин вақт бўлди. Ассоциациямиз моддий шароити қийин, аммо истеъдоди бор ёшларнинг истеъдодини юзага чиқаришларига шароит яратади. Ўзимнинг бошимдан қийинчиликлар кечган, фақат бойлар ё таниқли актёр ва актрисаларнинг фарзандлари таҳсил олиб, фильмларда роллар ўйнаши-ю оддий халқда бундай имконият йўқлигидан бир пайтлар ўкинганман, ичимда бунга қарши исён кўтарилган. Тақдиримга шукурлар бўлсинки, орзуларим амалга ошиб, кўпгина истеъдодли ёшларимизга фильмларда роллар бераяпмиз.
- Ўзингизга ҳам ёрдам бериб, Сизни қўллаганлар бўлганми?
- Албатта. Санжай Датт, Винод Кханна ва кўплаб таниқли кино юлдузлари мени режиссёрларга тавсия қилишиб, роль беришларига ёрдам беришган.
- Самимий ва очиқча жавобларингиз учун Сизга катта раҳмат, Митхун Жи. Келгусидаги эзгу ишларингизга улкан ривож, ижодий ва ижобий парвозлар тилаб қоламиз!
Суҳбатдош: Музаффар МУҲАММАДНАЗАР.
Манба: "Театр" журнали. 2021 йил.