Фарзандларимиз саломатлиги хавф остида


     БМТ маълумотларига кўра, дунёда кашандалик оқибатида ҳар йили 5,4 миллион, ҳар 6 сонияда 1 киши ҳаётдан кўз юмади.
     Юртимизда аҳоли саломатлигини яхшилаш имконини берадиган сифатли соғлиқни сақлаш тизимини ташкил этиш, соғлом авлод тарбияси учун шарт-шароит яратиш мақсадида давлатимизда кенг кўламли ислоҳотлар амалга ошириб келинмоқда. Хусусан, Ўзбекистоннинг амалдаги қонунчилигида Алкогол ва тамаки маҳсулотларининг тарқатилиши ҳамда истеъмол қилинишини чеклаш, тамаки маҳсулотларини бевосита реклама қилиш ҳамда билвосита рекламанинг ҳам баъзи бир турлари тақиқланган.
     Аммо, шунга қарамай, айнан таъқиқланган соҳадан даромад олишни кўзлаётган айрим қўштирноқ ичидаги тадбиркорларнинг ноқонуний фаолияти сақланиб қолинаётгани ачинарли ҳолат, албатта. Тамаки саноати замонавий никотин ва тамаки маҳсулотларига мактаб ўқувчилари ва ўсмирларни жалб қилиш учун ўзининг агрессив маркетинг кампаниясини олиб бормоқда.
     Ўз ўрнида, Ўзбекистон “Адолат” СДП сайловолди дастурида илгари сурилган устувор вазифаларни амалга ошириш мақсадида умумтаълим мактаблари атрофида болалар саломатлигига жиддий таъсир этаётган тақиқланган маҳсулотларнинг сотилиш ҳолатлари Республика бўйича мавжуд умумтаълим мактабларидан 2774 тасида (умумий сонидан 27%) жамоатчилик назорати тартибида ўрганилганда, 92 та мактабда икки юз метрдан кам бўлган масофада спиртли ичимликлар сотувчи дўкон ва кафелар мавжуд эканлиги, 130 та мактаб атрофида қўштирноқ ичидаги тадбиркорлар томонидан тамаки ва сақич сотилаётганлиги, 488 та мактаб ҳудудига яқин бўлган дўконларда савдо қоидаларига риоя қилмаган холда яъни, 20 ёшга тўлмаган фуқароларга тамаки ва алкогол маҳсулотлари, нюк, никотинли сақич сотмасликка риоя этилмаётганлиги, 588 та мактаб атрофида алкогол ва тамаки маҳсулотлари 20 ёшга тўлмаган шахсларга реализация қилишга йўл қўйилмаслиги ҳақида шунингдек, алкогол ва тамаки маҳсулотларининг инсон соғлиғига салбий таъсири юзасидан огоҳлантирувчи ёзувларнинг мавжуд эмаслиги ҳолатлари аниқланган.
     Дунёнинг йирик олимлари ҳамда тегишли соҳа вакилларининг тадқиқотлари ва баёнотларидан шу нарса аниқ бўладики, ҳозирги кунда, тамаки ва никотин маҳсулотларини оммалаштиришда энг асосий обект ёшларни кўпроқ жалб этиш тамаки индустриясининг асосий стратегияларидан бири ҳисобланади. Масалан, Американинг “Касалликларни назорат қилиш ва уни олдини олиш маркази” (Cентерс фор Дисеасе Cонтрол анд Превентион) томонидан ўтказилган тадқиқотларга асосан, Америкада 18 ёшгача бўлган ўсмирларнинг 13 дан 1 тасининг ҳаётдан бевақт вафот этиши асосан тамаки маҳсулотлари билан боғлиқ касалликлар оқибати содир бўлган.
     Шунингдек, мазкур ташкилот томонидан олиб борилган тадқиқотларда ёшлар ҳамда ўсмирларнинг тамаки маҳсулотларини истеъмол қилиш сабабларини келтириб ўтган. Тадқиқот натижаларига асосан, ёшларнинг, шу билан бирга мактаб ўқувчиларининг тамаки маҳсулотларини истеъмол қилиш билан боғлиқ омилларга қуйидагиларни киритиб ўтади:
     Ижтимоий ва жисмоний муҳит;
- Оммавий ахборот воситаларининг тамаки маҳсулотидан фойдаланишни оддий фаолият сифатида кўрсатиши ёшларни ушбу маҳсулотларни синаб кўришга ундаши мумкин.
- Ёшлар, агар улар ўз ёшидаги одамлар ушбу маҳсулотлардан фойдаланаётганини кўрсалар, тамаки маҳсулотларини ишлатиш эҳтимоли кўпроқ.
- Ўрта мактаб спортчилари ўша ёшдаги спортчи бўлмаганларга қараганда тутунсиз тамакидан кўпроқ фойдаланишади.
- Агар ота-оналар ушбу маҳсулотлардан фойдаланса, ёшлар тамаки маҳсулотларини ишлатиш эҳтимоли кўпроқ бўлиши мумкин.
     Мазкур вазият мамлакатимиздаги мактаб ўқувчилари шароитида ўрганилганда бу факторларга яна бир ҳолатни киритиб ўтиш мумкин. Бу ҳам бўлса тамаки саноатининг мактаб ўқувчиларида тамаки маҳсулотлари ва брендларига нисбатан ижобий муносабатини шакллантириш, маҳсулотларни реклама қилишнинг энг қайноқ нуқтаси мактаб ва ўқув биноларининг атрофи бўлиб қолаётгандек.
     Ёшларнинг, айниқса ўсмирларнинг тамаки маҳсулотларига қарамлигининг олдини олиш, улар орасида соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб қилиш мақсадида халқаро экспертлар, олимлар ва сиёсатчилар томонидан қуйидаги таклифлар доимий бериб борилмоқда.
     Жумладан, нарх-наво ва солиққа оид чоралар турли аҳоли гуруҳлари, айниқса ёшлар томонидан тамаки истеъмол қилинишини қисқартиришда самарали ва муҳим воситалиги, иш жойлари ва жамоат жойларида чекишни тақиқлаш ва тамаки маҳсулотларининг телевидение, радио ва медиа рекламаси юзасидан жамоатчилик назоратини олиб боришни янада кучайтириш борасидаги таклифлари ҳар доим долзарб бўлиб келган.
    Бугунги кунда юртимизда жамоатчилик томонидан ҳам ёшлар орасида чекиш даражасини кескин пасайтиришга хизмат қиладиган ҳамда тамакининг фаол тарғиб қилинишига қарши таъсир кўрсатадиган муҳим таклиф ва ташаббуслар илгари сурилмоқда. Жумладан, савдо шохобчаларида ёшларимизни тамакидан ҳимоя қилиш мақсадида қонун ижодкорларига қонун лойиҳасида тамаки маҳсулотларининг рекламасини, сотувини рағбатлантириш, бу борада ҳомийликни тўлиқ тақиқлаш каби қатор таклифлар киритилмоқда.
     Ўз ўрнида, дунёнинг 43 та давлатида сотув жойларида тамаки маҳсулотларини қўйиш тақиқланганлиги, бундай тақиқ Австралия, Янги Зеландия, Буюк Британия, Франсия, Ирландия, Исландия, Норвегия, Финляндия, Хорватия, Таиланд, Ҳиндистон ва кўплаб бошқа узоқ хориж мамлакатларида яхши самара бераётганлиги мазкур таклифларнинг асосли эканлигининг яна бир муҳим аломати.
    Соғлом турмуш тарзини яратишда аввало, тамаки маҳсулотлари истеъмолига чек қўйиш зарур. Ундаги никотин моддаси инсон саломатлиги учун хавфли бўлиб, юрак, қон-томир, нафас аъзолари касалликларини келтириб чиқариши, организмда хавфли ўсмалар пайдо қилиш эҳтимоли кучли. Никотин тамаки тутуни таркибидаги энг кучли алколоид бўлиб, дастлаб асаб тизимига салбий таъсир кўрсатади, сўнг қонга сўрилиб, ички аъзоларга зарар етказади, Оқибатда, асаб тизими емирилади, хотира сусайиб, диққатни жамлаш қийинлашади.
     Мухтасар қилиб айтганда, биз мамлакатимизда таълимни сифатини оширишни тараққиётимиз бош омили сифатида кўрар эканмиз, ёшларимизни бу каби зарарли иллатлардан асрашимиз зарур. Президентмиз таъбири билан айтганда, “Таълим сифатини ошириш Янги Ўзбекистон тараққиётининг якка-ю ягона тўғри йўлидир”. Зеро, соғлом авлод таълим сифатини ошириш гаровидир.

Гулнисо САИДОВА,
Ўзбекистон “Адолат” СДП Марказий аппарати
Аёллар ва ёшларнинг сиёсий фаоллигини ошириш
бошқармаси бошлиғи.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:



Маълумот