ОДАМИЙЛИКНИ ЙЎҚОТМАЙЛИК, АЗИЗЛАР!



   Юнусобод бозорида кечаги тўполондан асар йўқ. Нархлар ҳам меъёрда. Назорат ўрнатилгани учунми, сотувчилар инсоф билан савдо қилишяпти.
   Фақат харидорлар...
- Тўрт қоп " Олтин дон", ўнта уч литрли " Олейна" беринг.
- Тўй борми хола?
   Ун, ёғ учун катмон очган семизгина хотин шарақлаб кулиб илжайди:
- Юртга келган балоям -тўйку укагинам...
   Унинг қўли, бўйни ва қулоғидаги тиллаларига хомуш қараб, бир литр ёғ, икки килоли қадоқланган ун харид қилган ориққина жувон синиқ жилмайди.
***
- Нега кўпроқ шакар ололмаслигим керак? Қаерда ёзган сотма деб?! Кеча балодай сотишдинг-ку! Кечаги нархда бўлмагани учун бермаяпсан-дааа?!
   Сотувчи бўғриқиб, жаҳли чиққан харидорга ётиғи билан тушунтиришга ҳаракат қилди.
- Кеча шунақа бўлди. Бугун қатъий буйруқ олганмиз. Нархни оширмаймиз. Бир-икки қоп бўлса майли эди, сиз анча кўп сўраяпсиз. Ана, жуда зарур бўлса улгуржига боринг. Халқни ҳам ўйланг!
***
- Холажон, беринг халталарингизни кўтаришиб юбораман.
   Юклари оғирлигидан мункайиб кетаётган онахон ишонқирамай кўз ойнагини тўғирлаб, юзимга тикилди.
- Ростданми?
- Ҳа, беринг. Қаерга кетяпсиз?
   У қўлимга оғир халталарини тутқазишдан аввал чуқур хўрсинди.
- Озроқ йўталяпман, қўрқмайсанми?
- Йўқ! Қаерга боришингизни айтинг.
- Уйга. Кеча ваҳима қилишганига ул-бул олгани чиққандим. Ҳеч кимим йўқ, болам. Биргина ўғлим Афғонда ҳалок бўлган...
   "Автобусгагина чиқаман" деб туриб олган холани "йўлимиз бир" деб аранг таксига чиқишга кўндирдим. Манзилга етиб келгач, охирги икки минг сўм пулини тутқазиб "йўл кирага қўшвор, қизим" дея дуога қўл очди...
   Уни уйига олиб кириб қўйсам, яна чиройли дуо қилди. Хайрлашиб, учинчи қават зиналаридан чопиб тушаётсам тўхтатди. Қўлида нимадир бор эди. Уни менга узатди:
- Боя бозорда бир йигитчадан ёрдам сўраган эдим. Қўлимдаги оғир юкни олмади...Мен касал эмасман. Ҳалиги вирусга чалинганим йўқ. Шунчаки баҳор кузда қўзғийдиган аллергик йўталим бор. Агар кўнглинг хижил бўлган бўлса қўлларингни совунлаб ювиб ол болам.
   Ортимга қайтдим. Қўлидаги қоғози очилмаган совун экан. Бир совун, бир онахоннинг мўлтираб турган юзига қараб кўнглим тўлиб кетди.
   Уни маҳкам қучоқлаб бағримга босдим. Қоқсуяк қўлларидан тутдим.
- Хола, юкингизни олмаган йигит катта хато қилибди. Бунақа дуолар ҳар кимга ҳам насиб этавермайди... Сизнинг юрагингиздан чиқаётган ниятларингиз мана-ман деган вирусдан кучли-ку!
   ОДАМИЙЛИКНИ ЙЎҚОТМАЙЛИК, АЗИЗЛАР!

Муаззам Иброҳимова.