РАҲМДИЛ ВА МЕҲРИБОН ЖУРНАЛИСТ


  Ўзбекистон Давлат жаҳон тиллари университетининг доценти, филология фанлари номзоди, “Ўзбекистон халқ таълими аълочиси” кўкрак нишони совриндори, журналист - Наргис ҚОСИМОВА билан суҳбат.

- Наргис, Сиз Ўзбекистон Давлат Жаҳон тиллари университетида талабаларга сабоқ беришдан ташқари, Журналистларни қайта тайёрлаш маркази, ЮНИСЕФ, ЮНЕСКО, ЮСАИД, ЕХҲТ халқаро ташкилотлари, Ўзбекистон босма ОАВи ва ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди, “Камолот” ЁИҲнинг тренери сифатида фаолият юритиб келаяпсиз. Сизга очиғи, ҳавасим келади. Сиз улгурган ишларга аёллар тугул, кўпгина эркаклар ҳам улгурмаслиги мумкин. Шу маънода айтиш мумкинки, чинакам илғор ва фаол, замонамизнинг аёлларига намуна бўладиган аёлсиз. Аёлларимизга ва ёшларга бу қадар илғор бўлиш учун нималарга аҳамият бериш кераклиги ҳақида қандай тавсиялар берасиз? Умуман, Сизнингча, бугунги кундаги ишсизликдан нолиётган аёлларнинг ишсизлигига ким айбдор?

- Ассалому алайкум. Ҳар бир инсон ўзи танлайди ҳаёт йўлини. Инсон 100 йил яшаса ҳам, ҳаёт жуда ҳам қисқа. Ва фикримча, ҳар бир бу дунёга келган инсон ўзи, оиласи ва Ватани, жамиятига фойдаси тегиши зарур. Раҳматли отам Суннат Қосимов, шифокор, травматолог, ўша пайти Совет Иттифоқи журналистлар уюшмаси аъзоси эдилар. Жуда ҳам бекор ўтирган инсонларни ёмон кўрар, бизни ҳам ёшлигимиздан меҳнатга, доимо ўз устимизда ишлашга ўргатган эдилар. Айни пайтда ЎзДЖТУ Медиа ва коммуникация факультети ҳамда Ўзбекистон Журналистика ва коммуникация университети Интернет журналистика факультетида дарс беришдан ташқари, Журналистларни қайта тайёрлаш марказида медиатренер, Ўзбекистон Республикаси Гендер тенглики комиссияси ва БМТнинг Аҳолишунослик жамғармасининг қўшма лойиҳаси бўлган "Зўравонликка йўл йўқ" https://t.me/zoravonlikka_yol_yoq_netnasiliyu телеграм каналининг маъмури сифатида ишлайман. Бундан ташқари аёлларга нисбатан зўравонликка қарши курашишга бағишланган  https://t.me/kalb_nuri, меҳнат муҳожирларига психологик, ҳуқуқий ёрдам бериб келаётган  https://t.me/mehnatmigrantlari  каналларини  ва 3 йилдан буён ўзимнинг https://t.me/ekologuz телеграм каналим ҳамда ekolog.uznargis.uz сайтларимни юритаман. Охиргиларидан мутлақо даромад кўрмайман. Аммо айнан ана шу канал ва сайтда кўтарилаётган экология соҳасидаги долзарб муаммоларни ёритиш орқали оз бўлса-да юртимизнинг табиатини асрашга ҳисса қўшаётганимдан хурсандман. 
  2021 йилда айниқса https://t.me/ekologuz каналига келаётган мурожаатлар кўпайди. Бу эса юртдошларимизнинг тобора экологик муаммолар ҳал қилинмаса, инсоннинг табиатга нисбатан истеъмолчилик муносабати ўзгармаса, фуқароларнинг ўзи, фарзандлари, яқинларинг ҳаёти ҳам хавф остида эканлигинини тушуниб етаётганликларини англатади. Айни пайтда юртимизда "Экологик журналистика  Ўзбекистон сиёсатида: ривожланиш тенденциялари ва ўзаро ҳамкорликни амалга ошириш усуллари." мавзусида докторлик диссертациямни ҳимояси арафасидаман. Албатта, буларнинг барчасини бажаришга вақт керак. Буларнинг барчаси вақтни тўғри тақсимлаш ва уйқу ҳисобига бўлади. Фарзандларим кичиклигида қийинроқ эди. Ўша пайтлари 5 тагача ишда ишлаганман. Лекин шунда ҳам тунда дарслик ва ўқув қўлланмаларни ёзишга ҳаракат қилгандим. Ҳозирда 3 та дарслигим, 27 та журналистика соҳасида ўқув қўлланмам чоп этилган. Илғор бўлиш учун тавсиялар эса, аввало, тинмай ўз устида ишлаш, вақтни тўғри тақсимлаш ҳамда ҳеч қачон тушкунликка тушмасликдир.
  Ишсизликдан нолияётган аёлларга келсак, уларни тушунмайман. Мени қўшниларим кўпинча улар билан ташқарида курсида бирга гаплашиб ўтирмаганлигимда айблашади. Бекор ўтиришга эса, ваҳоланки, вақтим йўқ. Ҳар бир бекор кетган вақтимга ачинаман. Бирор жойда навбат кутишга тўғри келса, ҳеч бўлмаганида телефон орқали китоб ўқийман ёхуд телеграм каналларимга пост қўяман. Одам ишлайман деса иш жуда ҳам кўп. Энг аввало, ҳалол меҳнат қилишдан қўрқмаслик керак. Икки фарзандимни кичиклигида боқиш, қарзга ботиб, сотиб олган квартиранинг пулини тўлаш учун керак бўлса, "Учитель Узбекистана" газетасида мухбир бўлиб ишлашдан ташқари, кечқурун бориб фаррошлик ҳам қилиб келардим, тунлари эса буюртма асосида матнларни таржима қилардим. Энг асосийси, инсон меҳнатдан қўрқмаслиги ва қочмаслиги керак.

- 2006 йилдан бошлаб журналистика йўналишида 20 дан зиёд халқаро ва республика танловларининг ғолиби бўлгансиз. Хусусан, “Матбуот маликаси” республика танлови, “Йилнинг энг яхши журналисти” танлови ва бир неча йиллар давомида кетма-кет “Олтин қалам” журналистика бўйича миллий танлов совриндори бўлдингиз. Қолаверса, меҳнатларингиз ҳукуматимиз томонидан муносиб баҳоланиб,  “Ўзбекистон халқ таълими аълочиси” кўкрак нишонига эришдингиз. Ютуқларингиз бардавом бўлишини ва бундан-да юксак мукофотлар соҳибаси бўлишинигизни тилаймиз!  Сиз чиндан ҳам бу мукофотларга муносибсиз, сабаби, тинимсиз меҳнат қиласиз, бунга шоҳидмиз.
Аммо, шу ўринда, кўрик-танловлар борасида кўпгина қарама-қарши фикрлар юради. Кимдир мусобақалар адолатли бўлади, деса, кимдир кўпчилик (ҳаммаси ҳам эмас) пул ё таниш-билиш билан олишаяпти деган эътирозларни ҳам билдиришаяпти.  Мисол учун, узоқ йиллар меҳнат қилган ижодкорлар ҳеч қандай мукофотга эга эмасу, куни кеча адабиёт ё санъат соҳасига кириб келганлар, гарчи аксариятининг қилган ишини тайини бўлмаса-да, катта-катта мукофотлару унвонлар эгаси. Сизнингча, мукофот ва унвонлар ижодкор ва санъаткорларни табақалаштириб қўймаяптимикан?

- Аввало, танловларда ғолиб бўлиш учун уларда қатнашиш керак. Жуда ҳам кўплаб танловларда жюри аъзоси сифатида қатнашганман. Юборилган материалларни ҳолис баҳолашга ҳаракат қилганман. Аксарият ҳолатда нохолис баҳоланди, деган шов-шувлар “Олтин қалам” миллий мукофотидан сўнг ижтимоий тармоқларда тарқалади. Аввалги ҳолатни билмадиму, аммо сўнгги пайтлари танловга келган материаллар анча холис баҳолана бошланди. Шу ўринда яна бир фикрни айтмоқчиман. Ўзбекистонда журналистлар учун танловлар жуда ҳам кўп ва бу яхши эмас. Чунки, кузатишимча аксарият журналистлар долзарб мавзуда ҳам айнан танловлар учун ёзишади. Журналист ўз материалини бирор мукофот учун эмас, балки касбининг тақозосидан келиб чиқиб, мазкур муаммони бартараф этишга ҳисса қўшиш, аҳолини ахборот билан холис таъминлаш учун ёзиши зарур, деб ўйлайман. “Олтин қалам” миллий танловиининг 6 маротаба совриндори бўлганман. Булар турли хил халқаро ташкилотларнинг совринларидир. Асосий мукофотга ҳеч қачон топширмаганман. Негаки, турли мавзуларда мақолаллар ёзсам-да, бирор бир ОАВда ишламайман. Шу сабабли ҳам асосий мукофотни ОАВда фаолият юритаётган ҳақиқий журналистлар олиши керак, деб ҳисоблайман.
  Давлат мукофотларига келсак, бу борада жамиятимиз ривожига ким қандай ҳисса қўшаётганлигини аниқлаш учун номзодлар тўлиқ ўрганилиши керак.  Масалан, кўплаб хонандаларимиз орден ва медалларга эга бўлишди. Муножот Йўлчиевага “Ўзбекистон қаҳрамони”нинг берилишини тўлиқ қўллаб-қувватлайман. Боиси, хонанда бутун дунёга миллий қўшиқларимизни танитган инсондир. Бироқ мана шу ўринда Жаҳонгир Позилжонов, Озода Нурсаидоваларнинг давлат мукофоти билан тақдирланишини ёқламайман. Улар нима ҳисса қўшишди? Озода Нурсаидованинг  нима учун кўп йиллар давомида тақиққа тушганлигини эсласак, бу ўта нотўғри иш деб ҳисоблайман.
  Афсуски, тақдирланганлар орасида олимлар, сиз юқорида тилга олган ижодкорлар  деярли йўқ. Шу ўринда яна спортчиларимизни ҳам эслаб ўтмоқчиман. Ғолибликни қўлга киритган спортчиларимизга катта миқдорда пул, уй ва машиналар берилади. Нега шу нарса маълум бир ютуққа эришган, кашфиётни амалга оширган, ўнлаб дарслик ва ўқув қўлланмалар ёзган олимларга берилмайди? Балки шу сабабли ҳам аксарият соҳаларимиз ривожланмаётгандир? Эҳтимол, айнан шунинг учун ҳам, илм аҳли хорижга чиқиб кетиб, чет элда ўқияётган ёшларимиз Ўзбекистонга қайтишни истамаётгандир?

- Фаолиятингиз давомида 1000 дан ортиқ турли жанрларда ёзилган оммабоп, публицистик мақолалар, 56 дан ортиқ илмий мақолалар, 13 та журналистика соҳасидаги ўқув қўлланмалар,  детектив қисса ва ҳикоялар тўпламидан иборат “Ғаройиб ечим” номли бадиий китоб  муаллифисиз. Қиссангизда нега айнан детектив жанрига мурожаат қилдингиз? Детектив асарлари билан танилган қайси адибларни кўпроқ мутолаа қиласиз?

- Детектив жанрига ёшлигимдан қизиққанман. Учинчи синфда Артур Конан Дойлнинг "Шерлок Холмснинг саргузаштлари"га бағишланган қиссалари юрагимда чуқур из қолдирган, хаттоки шундан сўнг бир муддат криминалистикага ҳам қизиққан эдим. Артур Конан Дойл / Arthur Ignatius Conan Doyle...
  Агата Кристи, Джеймс Хедли Чейз, Жейсон Дарк, Рекс Стаут, Жорж Сименон, Эрл Стенли Гарднерларни севиб ўқирдим. Кейинчалик юмор тарзида ёзилган Дарья Донцованинг асарлари кўпроқ эътиборимни тортди. Ўзим ҳам шу  жанрда ижод вилишга ҳаракат қилиб кўрдим. 2007-2015 йиллари "Даракчи" газетаси билан ҳамкорлик қилиб,  уларга прокуратурадан олган жиноий ишлар асосида мақолалар тайёрлаб берардим. Шу туртки бўлдими, реал воқеалар асосида "Ғаройиб ечим" китобимга бир қанча детектив жанридаги ҳикоя ва қиссаларимни тўпладим. Ҳозир ҳам чоп этилиши кутиб ётган яна бир тўплам турибди. Ҳомийлар топилса, у ҳам чоп этилса, ажаб эмас. Детектив жанри айнан ўқувчини синчков, зийрак бўлишга, муаммонинг ечимини айнан билим, тажриба ва мантиқий мушоҳада орқали топишга ўргатади. Бунинг учун ёзувчининг ўзи қаҳрамони ана шу хусусиятларга эга бўлиши учун оз бўлса-да,  жиноий иш ва уни ечиш йўлларидан хабардор бўлиши лозим.

- Инсон ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиш баробарида табиатни муҳофаза қилиш борасида ҳам нафақат мақолаларингиз, балки амалий ишларингиз билан ҳам фаолсиз. Бундан ташқари, жониворларни ҳимоя қилишни тарғиб этиш билан бир қаторда, ўзингиз ҳам жониворларни яхши кўрар ва уйингизда парваришлар экансиз. Уйингизда қайси турдаги жониворлар бор ва уларга меҳр қўйишингиз сабаби нимада?

- Жониворларга меҳр болалигимдан уйғонган. Отам раҳматли Суннат Қосимов хирург-травматолог эдилар. Ҳовлимизда жониворларга алоҳида меҳр кўрсатилар, биз кўчада касал ит ёки мушук, қаноти синган қуш топсак, уйга олиб келар, дадам уларнинг барчасини даволардилар. Уйимизда соғайган, аммо чўлоқ бўлиб қолган каклик Қудратой, Чапа кучигимиз, Муштарий мушугимиз бир-бирининг қўйнида ухлашарди. Ит ёки мушук болаласа, бир бирини боласини эмизиб, катта қилишарди. Эсимда, отам хаттоки, даладан кимдир оёғини таёқ билан уриб синдирган лайлакни ҳам даволаб, кейин уни қўйиб юборган эдилар. Шунингдек, аквариумда балиқ ҳам боқардим. Ҳовлимизда қўй, товуқ, ўрдак, курка, канарейка, итлар ва мушуклар яшашарди. Энг қизиғи, улар бир-бири билан ҳеч қачон уришишмасди.  Жониворларга меҳр беришни фарзандларимга ҳам ўргатганман. Улар ҳам ўзим сингари кичиклигидан кўчада ҳимоясиз қолган ит ва мушук болаларини уйга кўтариб келишарди. Уларни ювинтириб, даволаб, сўнг эга топиб тарқатаман, ҳанузгача. Уйда иккита мушугим бор.  Биттаси Шаҳлохон умуман кўчага чиқмайди. Сабаби, у мушукларни тан олмайди. Иккаласини ҳам кимдир кўзи юмуқ, чақалоқлигида кўчага чиқариб ташлашган жойида қизим топиб келганди. Мушукчаларни катта қилиш учун ишдан ҳар икки соатда уйга келиб, шприцда уларга сут бериб катта қилдим. Шу сабаблими, улар мени ўзининг онаси деб ўйлашади. Бундан ташқари, кўчада 15 га яқин  мушукларни боқаман. Коронавирус билан яқинда касал бўлганимда, ўрнимдан туришга ҳам ҳолим йўқ эди. Фарзандларим узоқда. Уйда бир ўзимман. Туриб мушукларга ҳам овқат бермаганим сабабли, Шаҳлохон сичқон ушлаб келиб “е” дегандек, олдимга қўйиб, қараб ўтирди. Сал ўзимга келиб, мушукларга овқат пишириб, уларга беришга чиққанимда, оч бўлишса ҳам овқатга ташланмай, ҳаммаси ҳолсизланиб, ташқаридаги курсига ўтирган жойимда, мени ўраб олиб, ҳеч қаёққа силжишмади. Бу ҳолат ҳар куни, иситмам бутунлай тушмагунча такрорланди. 
  Бир воқеа ҳеч эсимдан чиқмайди. Ўшанда болаларим мактабнинг бошланғич синфида ўқишарди. Мен билан синглимнинг қизи ҳам (мактаб ўқувчиси) турарди. Ўшанда охирги пулимга уч дона балиқ сотиб олиб, уйга келганимда, балиқлар ҳали ҳам тирик эди. Ваннага сув тўлдириб, уларни қўйиб юбордим. Болалар завқланиб, балиқларни томоша қилишди. Сўнг уларга ваннадан сувни чиқаришни, балиқларни қовуришимни айтганимда, болалар балиқларни ўлдирмаслигимни айтиб, йиғлай бошлашди. Кўнглим бўлмай, улар билан биргаликда балиқларни уйимиз ёнидан оқиб ўтадиган каналга қўйиб юбордик. Ўша пайти бошқа ейишга овқат бўлмаганлиги сабабли, болаларга пиёз қовуриб берганман. Ишонмайсиз, аммо ўша воқеадан сўнг даромадим кўпайди. Ҳозир ҳам мушукларга ҳар ҳафта сарфлайдиган 100 минг сўмга яқин пул ўзимга қисқа муддатда 5-6 баробар бўлиб қайтиб келади. Инсон савоб, хайрия қилиш учун камбағал, муҳтож инсонни қидириб юриши шарт эмас. Бу савоб ва хайрияни жониворларга ҳам қилса бўлади. Бу муқаддас Қуръони Каримда ҳам қайд этилган. Уларга озор берилса, улар ҳам қарғайди. Ҳайвон ва қушларга озор берган инсонларнинг бошига худди шундай кулфатлар тушганлигини ҳаётим давомида кўп кўрганман. Ҳозирда ekolog.uz сайти ва https://t.me/ekologuz телеграм каналини юритаман. Канал ботига бир кунда 15 дан ортиқ юртимизда экологик ҳуқуқбузарликлар ҳақида мурожаатлар келади. Айни пайтда Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси, Экопартия билан яқин ҳамкорлик қилиб, ана шу мурожаатлар бартараф этилмоқда. Фуқароларимизнинг бугунги кунда экологик онги шаклланиб бораётгани, экодепутатларимиз ҳам жонланиб, бу борада қонунчиликка ўзгаришлар киритилаётганидан хурсандман. Бироқ, афсуски, муаммо ҳали жуда ҳам кўп. Уларни бартараф этиш учун эса, экологик муаммолар ҳақида бонг уриш, бу соҳада нодавлат-нотижорат ташкилотлар сонини кўпайтириш керак. Лекин ННТни Адлия вазирлигидан ўтказиш жуда ҳам муаммо. Бир гуруҳ волонтерлар билан “Раҳмдил бўл” уйсиз ҳайвонларга ёрдам кўрсатиш мақсадидаги ННТни уч йилдан буён рўйхатдан ўтказа олмаймиз. Зеро, Республика миқёсида бундай ННТ йўқ.
  Ҳозирги кунда фаол “Меҳр ва оқибат” ННТ Тошкент вилоятидан рўйхатдан ўтган ва у қонунчилик бўйича фақатгина ана шу вилоят доирасида ўз фаолиятини амалга ошириши лозим. Юртимизда ННТларни рўйхатдан ўтказиш тартиби соддалаштирилганила яхши бўлади. Шунингдек, бундан 4 йил илгари ЎзДЖТУ халқаро журналистика факультети, сўнг ЎзЖОКУ ўқув дастурларига “Экожурналистика” фанини киритишга муваффақ бўлгандик. Бу фанни барча журналистика факультетларига киритиш лозим. Зеро, ОАВ катта куч. Кўпроқ журналистлар экомуаммоларни тушунган ҳолда, таҳлилий равишда, оқибатларини кўрсатиб ёритишса, муаммолар ечими тезлашади. Бу борада жамоатчилик фикри шаклланади.

- Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети ва Ўзбекистон журналистларини қайта тайёрлаш маркази ўқитувчиси сифатида бугунги кун журналистларидан кўнглингиз қай даражада тўлаяпти-ю қайси жиҳатларидан қониқмаяпсиз? Умуман, журналистика соҳасига кириб келаётган ва журналист бўлиш истагидаги ёшларга маслаҳат ва тавсияларингиз?

- Журналистика таълим тизимини тубдан ислоҳ қилиш лозим. Яъни, дарс бераётган ўқитувчиларнинг ўзи ҳам назариётчи, ҳам амалиётчи бўлиши керак. Ўзи мақола ёза олмаган одам талабаларга мақола ёзишни ўргата олмайди. Қолаверса, журналистика факультетларимизда ўқув лабораториялар етишмайди. Масалан, КазНУ журналистика факультетида бўлганимизда, Санкт-Петербург журналистика факультетида амалиёт ўтаганимда, талабалар ўзлари тайёрлаган лавҳаларни ТВ орқали намойиш қилиш имконияти мавжудлигини кўриб, ҳавас қилгандим.
  Афсуски ҳозир аудитория кўпроқ блогерларга ишонишади. Тўғри. улар ижтимоий аҳамиятга молик муаммоларни кўтариб чиқаришмоқда.
  Журналистик таълимдаги муаммоларнинг бири - назариянинг амалиёт билан мос келмаслигидир. Шунингдек, ўқув лабораторияларнинг деярли йўқлиги (ЎзЖОКУдан ташқари), университетларнинг медиа ишлаб чиқариш компаниялари, таҳририятлари билан алоқаларнинг мустаҳкам эмаслиги, малакали ўқитувчиларнинг етишмаслиги, ўқув қўлланма ва дарсликларнинг жуда камлиги, ўқитувчиларнинг ойлиги камлиги ва ишлашга мотивациясининг пастлиги, журналистика ва пиарнинг ажратилмаганлиги ачинарли ҳолат.
  Афсуски, ЎзДЖТУда 20 йил давомида фаолият юритган халқаро журналистика факультетида айнан халқаро журналистика йўналиши Президент қарори билан тугатилди. Қанча ҳаракат қилишимизга қарамай, айнан мазкур йўналишда Олий таълим вазирлиги квота бермаяпти. Энг қизиғи, Халқаро журналистика йўналиши бунинг учун мутлақо базаси бўлмаган Шарқшунослик университетида очилди. Бу жуда ҳам нотўғри сиёсатдир. Ҳозир Шарқшунослик университетида мазкур йўналишда малакали ўқитувчилар етишмайди. ЎзДЖТУнинг Медиа ва коммукация факультетига айланган собиқ халқаро журналистика факультети ўқитувчилари эса факультет ёпилиб кетилмаслиги учун очилган Маданиятлараро коммуникация ва Ахборот хизмати йўналишларига ихтисослашмоқда. Журналистика ҳақида гапирганда, блогерлар ҳақида ҳам жим туриб бўлмайди. Бугунги кунда асосий аудиторияга эга бўлган блогерларнинг аксарияти шантаж ва обуначи йиғиш мақсадида мутлақо текширилмаган ахборотни тарқатишади. Афсуски, блогерлар киритилмаганлиги сабабли, "ОАВ тўғрисида", "Журналистлик фаолиятини ҳимоя қилиш тўғрисида"ги қонунлар уларни жавобгарликка торта олмайди. Ҳозир қизиқ ҳолат юзага келган. Ахборот тарқатувчилар бўлган журналистлар фаолияти қонунлар билан меъёрлаштирилган, худди шу фаолиятни амалга ошираётган блогерларники эса йўқ.

Суҳбатдош - Музаффар МУҲАММАДНАЗАР.
2021 йил.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:


Маълумот