Турғун Бекназаровга табрик


  Муқимий номидаги Ўзбекистон давлат мусиқали театри ва кино актёри, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист, устоз санъаткор  - Турғун Бекназаровни таваллуд топган куни билан табриклаймиз!
  Турғун Бекназаровга соғлик, узоқ умр, ижодий ва ижобий ютуқлар тилаб қоламиз.

  Камоли эҳтиром ила -  Муқимий номидаги Ўзбекистон давлат мусиқали театри ва Muzaffar.uz сайтининг ижодий жамоалари.

  Маълумот: Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист - Турғун Бекназаров 1956 йилнинг 6 Июнь куни Қашқадарё вилоятидаги  Яккабоғ туманида таваллуд топган.
  1997 йили “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист” фахрий унвони, 2012 йили “Меҳнат шуҳрати” ордени билан мукофотланган.
  Маълумоти олий. 1978 йили Тошкент театр ва рассомлик санъати институтини битирган.
  1977 йилдан буён ушбу театрда ишлайди.
  Турғун Беканазаров ўз ижодий фаолияти давомида театрда саҳналаштирилган 50 дан ортиқ спектаклларда бош қаҳрамонлар роллари ва  характерли образларни юксак маҳорат билан ижро этиб, репертуарни бойитиб келмоқда. Жумладан, “Лайли ва Мажнун”да Қайс, “Мангулик”да Маъсуд, “Нурхон”да Ҳайдар, “Бобур”да Хондамир, “Тақдир” спектаклида Бўрон, “Тоҳир ва Зуҳра”да Ҳофиз, “Айрим нусхалар”да Сухсуров, “Тошболта ошиқ”да Тешавой, “Муҳаббат навоси” да Раҳматдоб, “Гул ва Нарўз”да Наврўз, “Алпомишнинг қайтиши”да Ултонтоз, “Ўлдинг, азиз бўлдинг”да Султон Мавлонович, “Хонума” да Микич каби образлари мутахассислар томонидан юқори баҳоланган. Айниқса, унинг “Ўлдинг, азиз бўлдинг” спектаклида яратган Султон образи ўзининг ички кечинмаларга бойлиги ва турли вазиятларга тушиши билан кўпчиликка маъқул бўлган.
  “Гулбаҳор қани”да Илҳом, “Гулсара”да Қодир “Мавлоно Муқимий”да Муқимий  “Нурхон” да  Ҳайдар, “Тошболта ошиқ”да Тешавой,”Лайли ва Мажнун”да Мадҳий, “Тоҳир ва Зуҳра”да  Хоразмшоҳ, “Дилдаги доғ”да  Раҳим ота, “Уйғониш”да Хоким ролларини  ижро этган.
  А. Каҳҳорнинг 100 йиллик юбилейи муносабати билан  саҳналаштирилган “Тобутдан  товуш” спектаклида Суқсуров образини юқори маҳорат билан ижро этиб  томошабинлар меҳрини қозонган. 1990 йил Марказий Осиё театр арбоблари фестивалида «Мушкул савдо» спектаклидаги Остон роли учун ва 2017 йил сентябрь ойида Бешкек шаҳрида ўтказилган АРТ-ОРДО халқаро театр фестивалида пдиб ва драматург - Қўчқор Норқобил асари асосида саҳналаштирилган “Дилдаги доғ” спектаклидаги Раҳим ота роли учун «Энг яхши эркак» роли мукофотини қўлга киритган. У комедия, трагедия  ва  драматик  ролларни хам маромига етказиб ижро этади. Радионинг олтин фондида сақланаётган “Шукрона”, “Истиқлол муборак ҳур Ўзбекистон”, “Она”, “Сумалак”, “Суюклигим”, “Қалпоқ тиккан кўлингдан”, “Қушчиноқ” каби 50 дан ортиқ  қўшиқлари  мунтазам радио тўлқинларида янграб келади.
  Турғун  Бекназаров нафақат театрда, кино ва телеведениеда ҳам самарали ижод қилиб келмоқда. Улардан: “Остона”да – Капитан Собиров, “Ўртоқ Бойкенжаев”да – Бош инженер, “Воиз”да – Домла, “Чархпалак”да – Раис, “Кўнгил кўчалари”да – Хамзабек, “Ҳақиқий эркаклар ови”да – Майор Пардаев, “Кўргилик”да – Менежер , “Дадам бетоб”да Ота, “Пайшанбадан Пайшанбагача”да Қуда, “Садоқат”да Воҳидов, “Элпарвар”да Муғил савдогари ролларини таъкидлаб ўтишимиз мумкин. Телеведениеда мунтазам намойиш этилаётган 10 дан ортиқ реклама роликларида ҳамда “Оталар сўзи-ақлнинг кўзи” кўрсатувида ҳам ранг-баранг образларни яратиб келмоқда.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:


Маълумот