БИР ҚИЗГА


Мусо ЖАЛИЛ
БИР ҚИЗГА

Қизиқ бўлди бизнинг учрашув,
Сен узоқда, мен ҳам узоқда.
Гўё эски қадрдон каби,
Қўл узатдик, диллар фироқда.

Ҳатто исмим билмайсан асли,
Аммо меҳр билан боқасан.
Баҳор гули каби қалбимни
Поклигини сезиб, ёқасан.

Умримизда ташвишлар кўпдир,
Зерикарли баъзан бўшлиқ ҳам.
Нима етсин бундай гўзал, пок,
Дўстлигимиз ардоқла эркам!

Кўзларингнинг шуъласи ёқар,
Яшаш каби бахт борми яна?
Умрим сўнгги кунига қадар
Нигоҳларинг қўмсайман ёна...

Ҳатто ўзим билмайман, нима 
Бизни ришта ила боғлади?
Биз сўзлашмай, сирларимизни
Нигоҳимиз дилни доғлади.

Бундай майин, оддий нигоҳни
Шоир қалби қандай англамас?
Суяксиз тил гоҳ алдаса ҳам,
Кўзлар, жоним, асло алдамас.

Йиллар ўтиб, учрашсак яна,
Қувонч ёшим яширолмасман.
Қўлинг маҳкам тутиб, чин дилдан
Кетмоғингга йўл қўёлмасман.

Тақдир сабаб айрилсак такрор,
Сени олиб кетса йироққа,
Маслаҳатим: азиз кишингни
Ташлаб кетма қайта фироққа!

Бир тилагим: ишқ оташида
Қанот ёзса эди кўнгиллар.
Севги сувин ичсак қонгунча,
Умр яшнар мисоли гуллар.

Жўшқин севги ўтида ёниб,
Ўтса эди ёшлик дамлари.
Айт-чи, жоним, ёруғ дунёда
Бахт кулмасми, ариб ғамлари?

1943 йил, май.
Музаффар МУҲАММАДНАЗАР таржимаси.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:



Маълумот