Тириклик омонати


    Абдуҳолиқнинг бир кечада оёқ-қўли ишламай шол бўлиб қолгани оиласидагилар учун кутилмаган зарба бўлди. Энди нима бўлади? Аҳир катта-катта топиб, бутун рўзғорни бир ўзи тебратаётган, фарзандларига яхши едириб, яхши кийдириб, элдан кам қилмаётган одам бирданига ҳеч нарсага ярамай қолса... Бу не кўргулик бўлди? Шулар ҳақида ўйлаб ётган Абдуҳолиқ катта ўғли Акбарни ёнига чақирди ва хаста овозда гап бошлади.
— Ўғлим, бугун аммаларингни уйга олиб келгин...
— Нега энди?
— Уларни кўришим...
— Нима учун?
— Кечирим сўраш учун.
— Ахир улар бу хонадонга қадам босмайдилар-ку?!
— Ўғлим, мен учун шу ишни қилгин. Ўзинг кўриб турибсан, шу ёшимгача бирор жойим оғриган эмас. Бақувват ва соғлом эдим. Куч-қувватим бор экан, бегона юртларда юриб, рўзғорнинг бирини икки қилай, деб меҳнат қилдим. Жон омонат бўлиб, бир кечада тўшакка михланиб қолдим. Забоним борида сингилларимдан кечирим сўраб қолай. У дунёда ота-онамнинг юзига қаролмай юрмай яна.
— Бўлиб ўтган воқеаларда уларнинг ҳам айби бор-ку, ахир.
— Эҳ, ўғлим, онангнинг эговлиги, бойликка ўчлиги, бахиллиги сабаб бу дунёда шу иккитагина синглимга ҳам меҳр-муҳаббат кўрсатолмадим. Энди ўлар чоғимда кўзим очиқ кетмасин, дейман.
— Кўчада аммаларимни кўрсам, мен билан саломлашмайди, ҳатто сизни сўрашга ҳам ярашмайди.
— Ундай дема, биз ўзимиз уларни шундай қилишга мажбур қилганмиз, биздан кўнгли қолган уларнинг. Агар мен оқибатли, меҳрибон ака бўлганимда, улардан ўз вақтида хабар олиб, меҳр кўрсатганимда, шу ишлар бўлмас эди. Мана, ўзингнинг ҳам иккита синглинг бор. Уларга тикон кирса, сенинг ҳам жонинг оғрийди. Бу ҳақида узоқ ўйладим. Уларини норози қилиб, охиратда жавоб беришим бор, болам. Мен шундан қўрқаман.
— Хўп, майли, сиз нима десангиз — шу, — дея Акбар хонани тарк этаркан, ҳовлида набираларини койиётган онасига дадаси билан бўлган суҳбатни айтиб берди. Ўғлининг гапини эшитган Фазилатнинг баттар жазаваси тутди. Эрига эшиттириб:
— Кўзим очиқ экан, бу ҳовлига қадам босмайди улар! Кўзининг ёғини ялаган сингилларидан нима рўшнолик кўрибди? Йўқ, отанг хомтама бўлмасин! Ёки бир коса ювиндисига зор бўлибдими? Тунни-тун демай, кунни-кун демай оғзига овқат, тагига тувак тутиб авайлаган ким ўзи? Бўлмаса, борсин, ўша сингиллари боқсин! — дея, бобиллай кетди.
    Ичкарида хотиннинг таъна-ю дашномларини эшитиб ётган Абдуҳолиқнинг юраги безовта бўла бошлади. Ич-ичидан келган ҳўрсиниқдан ўзини босолмай, кўзига ёш олди. Шу пайт келини Наргиза кириб келди ва қайнотасининг ҳолини кўриб, кўнгли алланечук бўлди. Энди тасалли бермоқчи бўлганди, хонага кириб келган қайнонасининг важоҳатидан тили калимага келмай қолди. Хотинини кўриб, қайнотаси ўзини ухлаганга солди.
    Абдуҳолиқнинг хаёлида ўтмиш хотиралари бир-бир гавдалана бошлади. Шу хотинини турқини кўрмаса эди... Бекорга айтмас эканлар-да, “Хотиннинг зўри — эрнинг шўри”, деб. У билан қирқ йил яшаб, қирқ кунлик қадр кўрмабди-я. Қайтага жигарларидан айрилди. Афсус, кўзи кеч очилди, ўйлаб кўрса, ўғли тенги бола Музаффарчалик ҳам ақли йўқ экан-а! Савдога янги қўшилган бу йигит пул тўплаш ўрнига нуқул “сингилларимга”, деб совға йиғади. Уларнинг биронтасини туғилган куни бўлса, ўшандай олис юртдан келиб кетади. Сингиллари, жиянлари учун жонини беришга тайёр. Уларга бўлган меҳрини сўз билан ифодалаб бўлмайди.
     Бир куни суҳбатлашиб ўтирганларида:
— Бу, дейман, сингиллар ўткирроқми? Нега бунча уларга эътиборлисиз? — деб сўраганида, у:
— Улар менинг ота-онамдан қолган ёдгорларим. Ота-онамдан эрта етим қолдик, сингилларим менга улардан омонат. Мен ота-онамга кўрсатолмаган фарзандлик бурчимни ҳам қўшиб меҳр кўрсатаман. Чунки, ота-она розилигини шу йўл билан оқлашни хоҳлайман. Билсангиз, қиёматда на ота-она, на фарзанд, на дўст-у ёр — ҳеч ким сизга ўз савобидан бергиси келмас экан. Фақатгина опа ёки сингил сизга ўз савобидан ҳеч иккиланмай, ҳатто қизғонмай ҳадя қиларкан.
   Болалигимдан онам бу ҳақда кўп гапирар, бир-биримизга меҳрибон бўлишимизни уқтирардилар, бу ҳақида ривоятлар айтиб берардилар, — деди ва ўша ривоятлардан бирини ҳикоя қилиб берганди.
— Кунлардан бир кун одил подшоҳнинг ҳузурига уч асирни келтиришибди. Бир пайт саройга аёл киши фарёд чекиб, уларни озод қилишларини сўраб кирибди. Шунда подшоҳ:
— Улар сенга ким бўлади? — деб сўрабди.
    Аёл эса уларнинг бири ўғли, бири эри ва бири акаси эканлигини айтибди.
— Сен улардан фақат бирини танла, мен ўшани озод қиламан, чунки улар гуноҳкор, — дебди.
    Аёл ўйлаб ҳам ўтирмай, акасини танлабди. Подшоҳ:
— Нега тўққиз ой қорнингда кўтариб, азоб тортган фарзандингни эмас, не умидлар билан бир ёстиққа бош қўйган жуфтингни эмас, акангни танладинг? — деб сўрабди.
    Аёл эса:
— Аллоҳ тақдир қилса, яна бошқа эр қиларман, пешанамда бўлса, фарзанд кўрарман. Аммо онам қайта тирилиб, менга ака туғиб беролмайди. Мен учун жигарим улардан азизроқ, — деб жавоб берибди.
    Аёлнинг ақл-заковатига тан берган подшоҳ ҳар учала гуноҳкорни кечириб, асирликдан озод қилган экан. Мана, сингил жигари учун нелерга қодир...
    ...Абдуҳолиқ оилада бош фарзанд бўлиб, икки синглиси бор эди. Ота-онаси эрта оламдан ўтди. Кичик синглиси Инобатнинг эри автомобиль ҳалокатида вафот этиб, уч фарзанди билан бева қолди. Шу сабаб ота уйига уч сағири билан қайтиб келди. Ўзи ёш, у ер-бу ердан совчилар келган бўлди. У эса:
— Эримнинг руҳига хиёнат қилмайман, шу уч гўдагим учун яшайман, — деб қайта турмуш қурмасликка аҳд қилди.
    Абдуҳолиқ етти сотихли ҳовлида беш фарзанди, кексайиб қолган ота-онаси ва уч болали синглиси билан яшай бошлади.
     Орадан йиллар ўтди. Фарзандлар улғайиб, улар ўртасида ўзаро жанжаллар чиқа бошлади. Шунда отаси раҳматли Абдуҳолиққа колхоздан ер олиб, икки хонали уйни тиклаб, янги ҳовлига чиқарди, ўз ҳовлисини эса бева қизининг номига хатлаб берди. Хотини Фазилатнинг фиғони фалакка чиқди:
— Синглингга тайёр уй-жой қоляпти, сенга ҳеч вақо йўқ! Менинг ҳам ўғилларим катта бўляпти. Бир уй кўтариш осонми? Аслида ҳовли ёлғиз ўғилники бўлиши керак, нега индамайсан?! Уйнинг ярмини бузиб чиқиб кетаман! — деб роса жанжал кўтарди.
    Абдуҳолиқ хотинини аранг тинчитиб:
— Сенга уй қуриш керак бўлса, қурганим бўлсин, — деб оғайниларига қўшилиб хорижга пул топишга кетди...
    Шу воқеа сабаб Абдуҳолиқ билан сингиллари орасига Хитой девори тушди. Ака-сингилларнинг орасига совуқчилик солиб, бир-биридан узоқлаштирган хотин, эрининг юбораётган пулларига қувониб, ҳовли ҳақида унутди. Абдуҳолиқ хотинининг гина-қудратлари туфайли тиним билмай меҳнат қилди. Бу орада аввал онаси, кейин эса отаси қазо қилди. Ёлғиз ўғил бўлиб, уларнинг корига ярамади. Ота-онаси розилигини сингиллари олди. У маърака-маросимларини ўтказиб, яна хорижга ишлашга кетди.
    Сингилларини кўргиси келганда, хотини:
— Сени ота ҳовлингдан бенасиб қилган сингилларингни йўқламайсан, — деб турткилаб турарди. У эса бор аламини фақат ишдан оларди. Россиянинг совуқ ўлкаларида тирикчилик учун кунни тунга улаб, тер тўкарди. Бу не савдоки, кунларнинг бирида бир кечада оёқ-қўли ўзига бўйсунмай қўйди. “Не бўлганда ҳам ўз юртимда жонимни олгин”, деб Худога нола қилди. Хайрият, ўз уйига ярим жон ҳолатда бўлса ҳам, етиб келди.
    Инсон яшаш учун курашади, меҳнат қилади, бойлик орттиради, бу дунёга бир умрга келгандай ҳаёт кечиради, аммо умри бир лаҳзада якун топиши мумкинлиги ҳақида ўйламайди. Қачонки боши деворга урилганда ёки бошига бирор мусибат тушгандагина умр ўлчовли экани, яқинлар ҳам ғаниматлиги, бу қисқа умрда яхшилик соғиниб яшаш, меҳр-оқибат кўрсатиш ҳам бахт эканлигини, қолаверса, у дунёга ҳам савоб эканлигини тушуниб етадилар.
     Абдуҳолиқ шулар ҳақида жиддийроқ ўйлаб кўрмаган экан. Кейин эслади: ўша куни унинг тушига отаси кириб, сингилларидан хабар олишини сўраган, улар ака дийдорига ташна эканлигидан азоб чекишаётганини билдирган эди. У буни шунчаки оддий тушдек қабул қилганди. Мана, энди англаб етдики, бу дард бекорга эмас экан: ота-онасининг қабрида тинч ётмагани, унинг тушига кириб аён қилаётганининг сабаби — жигарларини ўйламай, дийдорига зор қилгани учун экан.
    Сингиллари бир-бирига жуда меҳрибон чиқди. Катта синглиси Муқаддаснинг эри инсофли, диёнатли, ўқимишли йигит бўлиб, институтда домла эди. У ўз фарзандларини ҳам, Инобатнинг фарзандларини ҳам ўқитди. Ҳам поччалик, ҳам акалик, ҳам оталик қилди уларга. Ҳозир ҳамма жиянлари ўқимишли, уйли-жойли, усиз ҳам ўз араваларини ўзлари тортишяпти.
    Шулар ҳақида ўйларкан, Абдуҳолиқнинг юраги безовта бўла бошлади. Хаёллар гирдобига ғарқ бўлиб, ниҳоясиз саволлар уни азобларди:
    “Менинг фарзандларим мен топган пуллар эвазига танти бўлиб улғайишди. Меҳнатга бўйин эгмадилар. Ўқишни чала ташлаб кетдилар. Бу менга Аллоҳнинг жазосимикан? Ака бўлиб сингилларим учун нима қилдим? Мен қилишим лозим бўлган ишларни куёв бажарса-я! Бу не кўргулик, ахир? Бундан ортиқ азоб борми?!”
   Келин қиймали мастава келтирди ва қайнотасига ичира бошлади. Шу пайт қўшниси Турсунбой ҳангомалашгани кириб келди. Абдуҳолиқ хурсандлигидан кўзига ёш олди, у худди гўдакдек бўлиб қолганди. Мана икки кундан буён тушига ҳадеб ота-онаси киряпти. Шу ҳақида гапираркан:
— Дўстим, сизга қиёмат қарз. Сингилларимга айтинг, улар мени кечиришсин, мендан рози бўлишсин, — деди.
   Унинг кўз ёшлари юзини юварди, елкалари силкиниб-силкиниб йиғларди. Улар алламаҳалгача суҳбатлашиб ўтиришди, кейин Турсунбой уни “ухлаб қолди”, деб аста қўзғолди. Аммо Абдуҳолиқ ухламаган, фақат бироз толиққан эди.
    Орадан қанча вақт ўтди — билмади, аммо бир пайт болалигидан ўзига таниш ёқимли ифор, илиқликни туйди. Кўзини очишга қўрқарди: гўёки бу тушдай, кўзини очса, йўқотиб қўядигандай эди.
— Ака! — таниш овоздан юраги ҳапқириб кетди.
    Инобат! Инобатнинг овози-ку. У аста кўзини очди ва тепасида йиғлаб турган икки синглисини кўрди. Шу он унинг тили калимага келмай қолди. Фақат ўксиб-ўксиб йиғлади.
— Йиғламанг, акажон. Бизларни ота-онамизнинг руҳи ҳайдаб келди олдингизга. Қаранг, опам иккаламиз ҳам бир хил туш кўрибмиз. Гўёки отамиз сизни излаётганмиш, “Акангга қийин бўлди-да, ундан хабар олинглар”, дермиш ҳадеб. Шундан кейин келинойим бизларни калтакласа ҳам, ўғилларингиз уришиб ҳайдаб юборса ҳам — майли, акамизни бир кўриб, дийдорлашсак бўлди, деб кириб келавердик.
  Абдуҳолиқ кўзларига ишонмас, ўзини йиғидан тўхтатолмасди. Шу кўйи улар алламаҳалгача дардлашдилар, бир-бирларининг дийдорларига қондилар.
— Акажон, энди тез-тез келиб турамиз. Истасангиз, ўзимиз олиб кетиб қараймиз. Сиз бизга кераксиз. Отамиз ўрнида ҳали тўйларимиз бошида ўзингиз турасиз, — деб меҳр билан аканинг кўнглига тасалли бердилар.
    Афсуски, улар билан саломлашгани на жиянлари, на келинойиси — ҳеч ким кирмади, ҳатто бир чойнак иссиқ чойни ҳам уларга раво кўришмади.
    Эртаси куни тонгда Абдуҳолиқнинг жони узилди. У гўёки фақат шу кунни кутган, сингилларидан розилик олиш умидида яшагандай эди. Бу учрашув улар учун видолашув эканини билгандек эди гўё, шунинг учун хотиржам омонатини топширгандир.

Феруза ОРИПОВА










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:



Маълумот