ЁЗСИЗ ЙИЛ


ЁЗСИЗ ЙИЛ
Зулфия Қуролбой қизининг шу номли асари асосида олинган бадиий фильм ҳақида

    Тошкент фармацевтика институтида таҳсил олаётган бўлсам-да, мен фақат кимё, патология, физиология, ботаника, биоэтика каби фанлар билан чекланиб қолмайман. Адабиёт оламига ҳам жуда катта қизиқиш билан қарайман. Чунки, менинг фикримча, адабиёт инсоннинг дунёқарашини кенгайтиради, фикрлаш қобилиятини ривожлантиради, унинг қалбида меҳр-оқибат, ҳамдардлик ва инсонийлик туйғуларини уйғотади. Адабиётсиз инсон ҳаётни фақат ташқи томондан кўриши мумкин, адабиёт эса унинг ички моҳиятини англашга ёрдам беради.
    Фармацевтика йўналишининг иккинчи босқичида ўқиётиб, ўзбек адабиётининг кўплаб намуналарини ўқишга ва ўзбек адиблари асарлари асосида суратга олинган фильмларни томоша қилишга улгурдим. Ана шундай асарлардан бири қалбимдан алоҳида жой олган Зулфия Қуролбой қизининг сценарийси асосида режиссёр Ҳотам Файзиев томонидан олинган «Ёзсиз йил» бадиий фильмдир.
    Ростини айтсам, ушбу фильмни биринчи марта томоша қилганимда қалбимда ўзгача бир туйғу пайдо бўлди. Мен бу фильмда она меҳрининг чегарасизлигини, она учун фарзандининг соғлом ёки бемор, бой ёки камбағал бўлишининг аҳамияти йўқлигини ҳис қилдим. Она ҳар қандай ҳолатда ҳам фарзандини «менинг болам» деб қабул қилади. У фарзандининг аҳволидан уялмайди, унинг дардини ўз дарди деб билади, унга ғамхўрлик қилади, парваришлайди, дуолар қилади ва унинг бахти учун қўлидан келган барча ишни қилишга тайёр бўлади.
    Мен учун асарнинг энг таъсирли жиҳатларидан бири ҳам айнан шу бўлди. Қайси миллатда, қайси жамиятда ёки қайси даврда яшамасин, она барибир она бўлиб қолади. Унинг меҳри фарзандининг ташқи кўринишига, соғлиғига ёки жамиятдаги мавқеига боғлиқ эмас. Она учун фарзандининг бахтли бўлиши, унинг азоб чекмаслиги ва ҳаётда ўз ўрнини топиши муҳимдир.
    Бироқ, менимча, ушбу асарни фақат она меҳри нуқтаи назаридан баҳолаш тўғри бўлмайди. Унда яна бир муҳим масала — икки инсоннинг муҳаббати, ўз бахти учун курашиши ва жамиятдаги қарашлар туфайли орзуларнинг чекланиши ҳам ёритилган.
   Йигитали ва Марвариднинг муҳаббати орқали биз чин севги инсоннинг ташқи ҳолати ёки жисмоний имкониятларига қараб белгиланмаслигини кўрамиз. Марвариднинг отаси унинг Йигиталига турмушга чиқишига қаршилик қилади. Бунинг асосий сабабларидан бири Йигиталининг беморлиги ва жисмоний ҳолатидир. Аммо инсоннинг қадрини фақат унинг соғлиғи билан ўлчаш мумкинми? Унинг қалби, ҳис-туйғулари, орзулари ва севиш қобилияти-чи?
    Асардаги бу ҳолат мени жуда ўйлантирди. Йигиталининг онаси ўғлининг бахтли бўлишини истаб, Марвариднинг отасидан бир неча бор розилик олишга ҳаракат қилади. Бу ерда онанинг фарзанди учун қанчалик фидойи бўлишини кўрамиз. Она ўғлининг қувончини кўришни, унинг ҳаётда ўз бахтига эришишини истайди. Аммо унинг қайта-қайта қилган уринишларига қарамай, Марвариднинг отаси розилик бермайди.
    Мен учун бу воқеанинг оғир томони шундаки, баъзан инсоннинг бахтига унинг ўз хатолари эмас, балки бошқаларнинг қарашлари, қўрқувлари ва жамиятдаги нотўғри тушунчалар тўсиқ бўлади. Айрим ҳолларда биз инсонни қандай бўлса, шундайлигича қабул қилиш ўрнига, уни ўзимиз истаган мезонлар асосида баҳолаймиз. Натижада эса унинг қалбидаги орзуларни, умидларини ва бахтга бўлган ҳуқуқини унутиб қўямиз.
    Асарнинг «Ёзсиз йил» деб номланиши ҳам менда чуқур таассурот қолдирди. Ёз фасли кўпинча илиқлик, қувонч, гўзаллик ва ҳаётнинг гуллаб-яшнаши билан боғланади. Аммо инсон қалбида дард, соғинч ва амалга ошмаган орзулар бўлса, энг гўзал фасл ҳам унга бахт олиб келмаслиги мумкин. Мен бу номни қаҳрамонлар ҳаётида етишмаган бахт, қалбдаги совуқлик ва амалга ошмай қолган умидларнинг рамзи сифатида қабул қилдим.
    Хулоса қилиб айтганда, «Ёзсиз йил» мен учун шунчаки бир бадиий асар ёки таъсирли фильм эмас. У инсоннинг қадри, она меҳрининг буюклиги, муҳаббатнинг поклиги ва бошқаларнинг ҳаётига ҳурмат билан муносабатда бўлиш зарурлиги ҳақидаги чуқур ўйдир. Ушбу асар менга инсонларни ташқи кўриниши, соғлиғи ёки имкониятларига қараб баҳоламаслик кераклигини яна бир бор англатди.

Лайло ЙЎЛДОШЕВА, 
Тошкент Фармацевтика институти 2-босқич талабаси.
    Маълумот: Лайло Йўлдошева 2006 йили Тошкент шаҳрида туғилган. 
    Айни пайтда Тошкент Фармацевтика институтининг 2-боқич талабаси. Адабий-илмий мақолалари газета-журналларда чоп этилган.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:



Маълумот