ҚАЛБИМДА ЧЕКСИЗ ИФТИХОР УЙҒОТДИ...
Баъзан инсоннинг ўзи ҳақида эмас, қилган ишлари ҳақида гапириш унинг кимлигини тўлароқ очиб беради. Бир китобни дунёга келтириш — ижод, уни ўқувчига етказиш эса маърифат йўлидаги хизмат. Ўзидан бошқа ижодкорнинг китобини чоп эттириш, ҳали кенг жамоатчиликка танилмаган қалам соҳибини қўллаб-қувватлаш, мактабларга минглаб китоблар етказиш эса шахсий ижод доирасидан чиқиб, ижтимоий масъулиятга айланади. Лазиз Раҳматов фаолиятининг бир-биридан анча узоқдек кўринган йўналишларини аслида битта тушунча бирлаштириб туради: изланиш. Журналистикадан илмга, таржимадан драматургияга, сценарийнависликдан қомусий китоблар яратишгача бўлган ижодий йўлда у турли соҳаларда қалам тебратди. Поляк драматурги Славомир Мрожек асарини ўзбек тилига ўгирди, пьеса ва либреттолар ёзди, ҳужжатли фильмлар учун сценарийлар яратди. Ўн йиллик изланишлар маҳсули бўлган «Дунё мамлакатлари» эса унинг дунёга қизиқиши ва билишга интилишининг яна бир кўриниши бўлди.
Бироқ ижодкор фақат ўз китоблари билан чекланиб қолмади. Дастлаб вафот этган қаламкашларнинг ижодий меросини китоб ҳолига келтиришдан бошланган эзгу ҳаракат кейинчалик «Қанот» ижодий лойиҳасига айланди. Унинг доирасида ўнлаб ижодкорларнинг китоблари нашр этилди, адабий тақдимотлар ва танловлар ташкил қилинди. «Дастхат» ва «Китобхонлик маданияти» лойиҳалари орқали эса минглаб китоблар ўқувчилар қўлига етиб борди.
Шу боис Лазиз Раҳматов билан суҳбатимизни унинг лавозимлари ёки унвонларидан эмас, ижодкорнинг замон олдидаги масъулиятидан бошладик. Адабиёт бугун жамиятни ўзгартиришга қодирми? Бир инсоннинг китоб йўлидаги ҳаракати «чўлдаги қудуқ» бўлиб қолмайдими? Жаҳон драматургияси ўзбек саҳнаси билан қандай тиллашади? Дунёни ўрганган сари Ватанни англаш туйғуси қандай ўзгаради? Суҳбатимиз ана шу саволлар атрофида кечди.
– Авваламбор, замон ва ижодкор масъулияти ҳақида гаплашсак. “Қанот” лойиҳаси доирасида 50дан ортиқ ижодкорларнинг асарларини чоп этиш, кўплаб мактабларга китоблар етказиб бериш ана шундай ички бир масъулият ҳисси билан дунёга келган лойиҳами ёки бошқачароқ мақсадларингиз бормиди.
Сизнингча, ўзбек адабиёти ҳозир ўзини ифодалаш босқичида қолмоқдами ёки жамиятни ўзгартирувчи қудратли кучга айланиш арафасидами? Ҳаракатларингиз “чўлдаги қудуқ” бўлиб қолмайди?
– Ҳар бир инсон ҳар қайси жамиятда яшар экан, аввало, чуқур бир ички ижтимоий масъулият ҳисса бўлиши керак. Адабиёт эса, китобхонлик ва доимий ўқиш-изланиш эса ҳар биримизнинг ички эҳтиёжимизга айланиши керак.
Мен журналист, шоир ёки ёзувчиларимизнинг китобини чиқариб бераётган пайтимда бу келажакда қанақадир лойиҳа бўлади, деб ўйламаган эдим.
2019 йилда таниқли журналист ва сценарист, узоқ йиллик қадрли акамиз Тоҳир Шомуродовнинг тўсатдан вафот этгани ҳақидаги хабар қалбимга қаттиқ изтироб етказди. Бир муддат ўтиб, синглисига газеталарда чиқарган мақолалари, кино ва видеофильмлар ишланган сценарийларини жамлашни илтимос қилдим ва бир йил давомида кўплаб ижод намуналари тўпланди. “Мен ёнингдан йироқман” тўплами дунёга келди.
Кейинроқ эса пандемия касаллиги таъсирида истеъдодли журналист Жавоҳир Кудратов ҳам қазо қилиб қолди. Турмуш ўртоғи, магистрликда курсдошим Ирода Хайриддинова билан унинг ижод намуналарини жамлаб “Мен мангу қоламан тушларда” китобини чоп этдик.
Раҳматли Собир Примов, Соҳибжон Алижонов билан ҳам шундай бўлди. Кейинчалик устозимиз Амирқул Каримов ҳамонки бу тизимли асосда кетаётган бўлса бир лойиҳа қилинг ва китобларга эмблема қўйинг деб қолди. Кейинчалик ўзим кузатиб борган, яхши ижод қилаётган, лекин китоби деярли чиқмаётган ижодкорларни рағбатлантириш зарур, деган фикрларда улар билан мулоқот қилдик ва 2022 йилдан буён 50дан зиёд ана шундай китоблар чоп этилди.
Албатта адади катта эмас. 100-150 та атрофида. Шу билан бирга бу китобларни турли тақдимотларини ташкил қилдик. Менимча, кўнглига малҳам бўлди, ўзига ишончи ортди ва қалби юксалди. Уларнинг аксарияти ҳозир республикага танилган ижодкорлар.
Адабиёт жамиятни ўзгартирувчи қудратли куч эканига шубҳа йўқ. Лекин бунинг учун миллионлаб ўқувчилар ва ўқарманлар китобни қўлидан қўймаслиги керак. Ҳаракатим эса “чўлдаги қудуқ” бўлиб қолади, деб ўйламайман.
Ҳозир мана Ёшлар агентлиги 50га яқин истеъдодли ижодкорларнинг асарларини чоп этишни бошлади, яхшигина қалам ҳақи ҳам беришаяпти. Олқишласа арзийдиган ҳодиса албатта.
– Таржима ва драматургия. Сиз таржима қилган поляк драматурги Славомир Мрожек абсурдизми бизнинг миллий менталитетимиз билан қандай “тиллаша олди”? Таржима пайтида матнни ўзбеклаштирасизми ёки ўзбек томошабиннинг дунёқарашини ўша асар даражасига кўтаришга ҳаракат қиласизми?
Драматург сифатида қалам тебратаётганда, ўзбек томошабинининг “яширин коди”ни топдингизми? Бизни нима кўпроқ йиғлатади ёки нима бизни чуқур ўйга толдиради – ўзимизнинг хатоларимизми ёки жаҳон адабиётидаги умумбашарий фожеаларми?
– Содда қилиб айтганда абсурд жанри орқали ёзувчи ижтимоий муаммоларни ўзини жинниликка солиб айтади. 1930 йилда туғилган поляк ёзувчиси ва драматурги Славомир Мрожек XX аср жаҳон драматургияси ривожига муносиб ҳисса қўшган бетимсол ижодкордир. Драматург ижтимоий ҳаётнинг энг долзарб муаммоларини ўткир танқид остига олар экан, полиция томонидан таъқиб этилди. Натижада у ўз ватанини ташлаб, 1963 йилда Италияга ўтиб кетди. 1970-йилларда унинг асарлари социалистик Польшада таъқиқлаб қўйилди. Тўғритаёқ одам ҳеч қаерга сиғмайди. Мрожек ҳақиқатпарастлиги боис кейинроқ Италиядан ҳам чиқиб кетишга мажбур бўлди, Франция ва Мексикада муҳожирликда яшади. Фақатгина 1996 йилда она юртига қайтди.
Санъатнинг абсурд йўналиши орқали у ҳаётнинг фалсафий, психологик ва ижтимоий асосларини нечоғли кенг ҳамда таъсирчан тарзда кўрсата олиш мумкин эканлигини яна бир бор намойиш қилди. Унинг асарлари жаҳондаги барча номдор ва нуфузли театрлар томонидан кўп маротабалаб саҳналаштирилган.
Нима учун айнан “Чегара устидаги уй” асарини таржима қилдим. Миллий театр бош рассоми Бахтиёр Тўраев шу асарни режиссёр сифатида саҳнага олиб чиқиш иштиёқи ҳақида менга айтиб қолди. Воқеалар ривожи йигирманчи аср ўрталарида Европада кечадиган “Чегара устидаги уй” асарида даврнинг ўткир муаммоси қаламга олинади. Унда инсон характерининг жамият иллатлари билан психологик тўқнашуви ажойиб тарзда очиб берилган.
Бош қаҳрамон – МЕНнинг ҳаёти одатдагидек, бир маромда кечар эди. Кутилмаганда хонадонига ташриф буюрган дипломатлар икки буюк мамлакатнинг чегараси унинг уйи ўртасидан ўтиши кераклигини айтади ва чегара чизиғини белгилаб кетади. Барча муаммо ана шундан кейин бошланади. Паспортсиз ошхонага боргани учун МЕНнинг қайнонаси отиб ташланади. Чунки энди бу хонадоннинг ярми бир мамлакатга, иккинчи ярми эса бошқа бир давлатга тегишли бўлиб қолган эди. Масалан, уй ётоқхонаси чегаранинг бу томонида, ванна эса чегара чизиғининг у томонида жойлашади. Бундай мураккаб шароитда ватанпарварлик ҳиссини туйиш жараёни ҳам ғоят аянчли вазиятда қолади. Соқчилар, божхоначилар ва чегарачилар хонадон соҳибини сира ўз ҳолига қўймайди.
МЕН аввалига буларнинг барчасини зарур бўлган ишлар, деб ҳисоблайди ва дипломатлар ғоясини тўлиқ ҳимоя қилиб чиқади. Лекин ҳаёти кун сайин оғирлашиб, турмуши алғов-далғовли бўлиб боргани сари аввал бошидаёқ хато иш қилиб қўйганини англайди. Ўз уйида ҳамма уни тергов қилади, қадамини кузатади. Тинчлик ва осойишталикдай неъматни уни йўқотганидан кейингина англаб етади. МЕН тимсолида одам ўз жўнлиги ва калтабинлиги билан жамиятни, яқинларини ва энг ёмони, ўзини ўзи алдаши фош этилади. МЕН ҳар қандай мафкура оддий инсон манфаатларига хизмат қилмаса, аксинча, унинг зарарига ишласа зиғирча фойдаси йўқ, асоси пуч ва сохта нарса эканини тушуниб етади.
Драматург ҳар бир касб эгасининг фаолиятини энг нозик қирраларигача моҳирона очиб бергани эътиборга молик. С. Мрожек умум томонидан қабул қилинган фикрларга, илмий қоидаларга мос келмайдиган, ақлга зид вазиятларга урғу беради. Унинг қаҳрамонлари одатдагидан ташқари тарзда фикрлаши ва мулоҳаза юритиши билан беихтиёр томошабинни ўзига жалб этади.
Шу маънода турли жанрлардаги турфа асарлар театрларимиз репертуарларидан муносиб ўрин эгаллаши лозим деб ҳисоблайман.
– “Дунё мамлакатлари” қомусий китобингиз адабиёт, илм аҳли орасида, жамоатчилик томонидан кенг эътироф этилмоқда. Унинг асосида танловлар ўтказилмоқда, ғолиблар тақдирланмоқда. Доим китобхонликка бўлган эътиборни кучайтиришга интиласиз.
Бу китобда санъат ва адабиётга қандай ўрин ажратдингиз?
– Албатта ҳар бир давлат, умуман курраи заминимиз ҳақида билишга интилиш ҳар бир инсонни ёшлигидан қизиқтиради. Афсуски, бу каби асарлар авваллари асосан рус тилида бўларди, кейин чиққанлари ҳам тўкис ва кенг қамровли деб бўлмасди.
10 йил давомида ҳар бир мамлакат ҳақида ўқиб-изланиб, энг қизиқарли, энг эътиборли маълумотларни жамлашга ҳаракат қилдим. Айнийса у Ўзбекистон билан боғлиқ бўлса, диққатни шунга қаратдим.
Китобда ҳар бир халқ ва элатнинг машҳур шоир ва ёзувчилари, санъаткорлари, маданият, кино фестиваллари, меъморчилик ютуқлари, китобхонлик анъаналари ҳақида имкон қадар беришга ҳаракат қилдим.
Масалан, хорижий давлатларда, Тожикистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Озарбайжон, Афғонистон, АҚШ, Британияда ўзбек тилининг ўқилиши билан боғлиқ масалаларга алоҳида тўхталдим.
Дунёда адабиёт бўйича Нобель мукофотини олган ёзувчилар, болалар ва ўсмирлар адабиётини ривожлантиришга қўшган ҳиссаси учун Швеция ҳукуматининг Астрид Линдгрен номидаги халқаро адабиёт мукофотига, Шимолий мамлакатлар Вазирлар Маҳкамаларининг адабиёт бўйича халқаро мукофотига сазовор бўлган муаллифлар ҳақида баён этдим.
Машҳур опера театрлари, мусиқа фестиваллари, санъат оламининг ёрқин юлдузлари, турли этник халқларнинг ўзига хос рақслари, ЮНЕСКОнинг Бутунжаҳон маданий мерос рўйхатидан ўрин олган ҳам моддий, ҳам номоддий объектлар тўғрисида ҳам маълумолар кўп берилди.
Дунёнинг 10дан ортиқ давлатларида буюк туркий шоир ва мутафаккир Алишер Навоий ҳазратларига ёдгорлик мажмуалари ўрнатилгани қалбимда чексиз ифтихор уйғотди.
2027 йилда чоп этиладиган нашрда ҳар бир давлат шоир ва ёзувчиларининг қайси асарлари ва ким томонидан ўзбек тилига ўгирилганлари ҳақида ҳам кенгроқ маълумот бериш ниятидамиз. Бу борада менга қўл келувчи муҳим манбалардан бири – таниқли шоир ва журналист Карим Баҳриев томонидан жаҳоннинг 150 та мамлакати шоирларининг сара намуналари таржима қилинганини айтмоқчиман.
Демак, ҳар йил, ҳар ой, ҳар куни ва ҳар соат изланишларимиз тўхтовсиз давом этаверади.
Музаффар МУҲАММАДНАЗАР суҳбатлашди.