Театр деворларига сингган болалик
“Дил тори” лойиҳасининг навбатдаги меҳмони — Муқимий номидаги Ўзбекистон давлат академик мусиқали театри директори, Ўзбекистон ва Қозоғистонда хизмат кўрсатган артист Азим Муллахонов.– Устоз, Муқимий театри сизу биз учун қадрдон маскан. Болалигингиз, беғубор дамларингиз шу ерда ўтган. Онангиз — Ўзбекистон халқ артисти Фароғат Раҳматова айни мана шу ерда ижод қилганлар. Кун келиб шу даргоҳга раҳбар бўлишингизни кичкиналигингизда орзу қилганмисиз?
– Очиғини айтсам, бунақа бўлишини умуман ўйламаганман. Лекин инсон ҳаётида олдиндан режалаштирмаган воқеалар кўп бўлар экан. Бу театрда катта бўлганим рост. Саҳнада ўтирсам, кўз ўнгимда илк бор концертмейстерлик қилган устозларимиз — Маргарита Фурман ва Шура Малиналар гавдаланади. Улар онамлар, Эътибор Жалилова, Мақбулжон Ғофуров, Сурат ва Наима Пўлатовалар иштирокидаги спектакллар жараёнида оркестрдан олдин фортепианода арияларни қайтариб ўтиришган. Уларнинг бетакрор овозлари ҳануз қулоғимизда, ёдимизда қолган.
– Спектаклларга тайёргарлик жараёнларидаги сўзлар ҳам ёд бўлиб кетган бўлса керак?
– Албатта! Ҳазиллашиб юрган кичкина болага “Фарғона воқеаси”даги Азимбойваччанинг гаплари ҳам ёд бўлиб қолганди. Маҳмуджон Ғофуров бу ролни маҳорат билан ўйнардилар. Қозининг олдидаги саҳнада: “Азим, сен аралашма” дейишса, мен ҳам болаларча завқ билан: “Нега аралашмас эканман, хотин меникими, албатта аралашаман!” деб жавоб қайтарардим. Ҳамма куларди. Шундай буюк санъаткорлар қуршовида, уларнинг фарзандидек ўсиб, ижодидан баҳраманд бўлганимдан чексиз хурсандман.
– Кўпчилик мухлислар сизни сўнгги йилларда экранларда кам кўраётганимиздан афсус қилишади. Ҳозирги масъулиятли раҳбарлик лавозими ва театрдаги янгиликлар ҳақида тўхталиб ўтсангиз.
– Театрда раҳбарлик ва ижод уйғун равишда олиб борилмоқда. Сўнгги йилларда гастрол сафарларимиз кўпайди. Яқинда Озарбайжонга бориб, “Қайнона” спектаклини қўйдик. Қардош халқ уни жуда илиқ кутиб олди. Спектакль ўзбек тилида бўлса-да, ария ва дуетларни озарбайжон тилида ижро этдик. Шунингдек, Қозоғистондаги фестивалда театр жамоамиз биринчи ўринни қўлга киритди. Албатта, ижод бор экан, камчиликлар, драматургия ва ёш кадрлар билан боғлиқ муаммолар ҳам учрайди. Томошабин ҳар доим юракка яқин, мазмунли асарларни кутади. Бу эса сув билан оловни муросага келтирган каби нозик ва машаққатли жараёндир.
– “Шайтанат”, “Ота”, “Она” каби қўшиқларингиз нафақат юртимизда, балки бутун Ўрта Осиёда машҳур. Айниқса, “Ота” қўшиғи ҳар бир инсонни ларзага келтиради. Ушбу асарнинг яратилиш тарихи қандай?
– Менинг ҳаётим бутунлай унда акс эттирилмаган бўлса-да, оиламиздаги айрим қийинчиликлар бўлган. Отам ва онам мен 7-8 ёшлигимда ажрашиб кетишган, лекин отам билан муносабатларимиз ҳеч қачон узүлмаган. Бу қўшиқнинг яратилиши ҳам бир тасодиф. Ёшлигимда “Шарқ юлдузи” журналини кўп ўқирдим. Бир куни тадбирга кетаётиб, қўлимга ўша журнал тушиб қолди. Варақлаб ўтириб, Хуршид Давроннинг “Деразамнинг остида тонгда сайраган қуш сизмасми, ота...” деб бошланувчи шеърини кўриб қолдим. Уни ўқиб туриб, дарҳол гитара орқали куйга солдим ва жамоамизга кўрсатдим. Орадан йиллар ўтиб, дўстим Қаҳрамон Ашуровнинг ташаббуси билан унга клип ишланди. Мана, яратилганига 35 йил бўлса ҳам, ҳамон мухлислар қалбидан жой олиб келаётганидан хурсандман.
– Ижодда ҳам, ҳаётда ҳам салмоқли натижаларга эришдингиз. Ота сифатидаги энг катта орзуйингиз нима?
– Ҳар бир ота каби фарзандларимизнинг юртимизга, ватанимизга содиқ, жамиятга нафи тегадиган инсонлар бўлиб етишишини истайман. Уларнинг қайси касбни эгаллаши муҳим эмас, асосийси — ортидан фақат яхши гаплар, “Отасига раҳмат!” деган олқишлар эшитилиб турсин. Барча оталарнинг энг олий мақсади ҳам шу бўлса керак.
– Фарзандларингиз санъат йўлини танлашмади. Агар улардан биронтаси шу соҳани эгаллаганида, қаршилик қилмасмидингиз?
– Йўқ, қаршилик қилмасдим, аксинча қўллаб-қувватлардим. Аммо санъат йўли жуда мураккаб. Олдимда ҳам катталар: "Агар қўлингдан келса, иқтидоринг бўлса қил, бўлмаса йўқ," дейишган. Мен ҳам фарзандларимни мажбур қилмадим. Фақатгина ижодкор инсон мустаҳкам ғоя, ўз оҳанги ва шахсий ёндашувига эга бўлиши керак деб ўйлайман. Невараларимизнинг интилишларини кузатиб турибмиз, агар шу йўлни танлашса, қўлимиздан келган ёрдамни аямаймиз.Умуман олганда, ҳаётнинг ўзи тинимсиз кураш ва ҳаракатдан иборат. Бирор нарса ўхшамади деб қўл силтаб ўтириб қолиш ярамайди. Инсон умрининг охиригача нималаргадир интилиб, янги билимларни ўрганиши керак. Бу унинг тириклиги ва яшаётганидан далолатдир.
– Кейинги йилларда театр соҳасига, хусусан, 41 та театрнинг ижодий фаолиятига давлат миқёсида катта эътибор қаратиляпти. Жорий этилган театр ҳафталиклари томошабинларнинг қайтишига туртки бўлдими?
– Албатта, жуда катта туртки берди. 400 ўринли залларимизга одамлар сиғмай, минглаб томошабинлар келди. Бу бизни қувонтириш билан бирга катта масъулият ҳам юклайди. Бироқ бугунги кунда драматургия ва композиторлар масаласида муаммолар йўқ эмас. Мусиқали театр учун замон талабига жавоб берадиган, ҳам ижодкорга, ҳам томошабинга маъқул келадиган асарлар яратиш катта машаққат талаб қилади. Бунинг учун ёш драматурглар ва композиторларга кенг имкониятлар яратиб беришимиз зарур. Ривожланган давлатларда биринчи навбатда театрларга бориб, ўша халқнинг тарихи ва урф-одатларини ўрганишади. Биз ҳам янгиликдан қўрқмасдан, замонавий технологиялар ва аранжировкалардан фойдаланган ҳолда мусиқали театрни янада ривожлантиришимиз керак.
– Президентимиз ҳар бир учрашувда саҳнада замон қаҳрамонлари етишмаётганлигини таъкидлайдилар. Муқимий театри бу борада қандай ишларни амалга оширмоқда?
– Бухоронинг Қоракўл мактаби асосчиси, бутун умрини таълимга бахшида этган устоз Тўхтамурод Жумаев ҳақида спектакль яратилди. Шунингдек, мана яқинда олимпиада чемпиони Диёра Келдиёрованинг ҳаёт йўли ва машаққатли меҳнатларига бағишланган спектакль премьераси арафасида турибмиз. Аёл киши Японияда кучли рақибларни енгиб, жаҳон ареналарида юртимиз байроғини кўтариши — катта қаҳрамонлик. Ёшларимизга ўрнак бўладиган шундай инсонларни саҳнада ёритиш бизнинг бурчимиздир. Театримизга академик мақомининг берилиши ҳам жамоамиз учун улкан байрам ва чексиз фахр бўлди. Бунинг учун давлатимиз раҳбарига миннатдорчилик билдирамиз. Бу мақом ҳар бир актёр ва ходимдан янада юксак масъулият талаб қилади.
– Сўз ва ижод эркинлиги берилган бугунги кунда айрим енгил-елпи, савиясиз қўшиқлар трендга чиқаётгани кузатилади. Бунга муносабангиз қандай?
– Санъат ҳеч қачон енгил-елпи бўлмаслиги керак. «Халқ шуни тушунади, буникига ақли етмайди» қабилидаги фикрлар бутунлай нотўғри. Халқимизнинг таҳлил қилиш қобилияти жуда юқори. Устозимиз Шерали Жўраевнинг қўшиқлари ҳамон долзарб ва севиб тинглаланаётгани ҳам санъатнинг залворли ва мазмунли бўлиши кераклигини кўрсатади. Онам Фароғат Раҳматованинг 85 йиллик юбилейида саҳнага чиқиб, халққа таъзим қилганлари ҳали ҳамон ёдимда. Ўшанда онам: "Тошкент ва бутун Ўзбекистон халқи мени қабул қилди, меҳр берди," деб йиғлаган эдилар. Халқнинг меҳрини ҳеч қандай бойлик ёки олтин-гавҳар билан ўлчаб бўлмайди. Ҳар бир санъаткор шу муҳаббатни қадрлаши шарт.
– Ҳаётдаги шиорингиз нимадан иборат?
– Ҳаётдаги бош шиорим — доимо тўғри ва адолатли бўлиш. Онам бизга доим ёлғон гапирмасликни ўргатганлар. Ҳар бир ишда адолат устун туришини хоҳлайман. Инсонларда эса энг қадрлайдиган хислатим — садоқат. Оғир кунда ҳам, хурсандчиликда ҳам ёнингизда турадиган содиқ дўстларни қадрлайман. Аммо иккиюзламачи, юзга кулиб орқадан иш қиладиган кимсаларни умуман ёқтирмайман ва улар билан мулоқот қилмасликка ҳаракат қиламан.
– Сиз билан бўлган бугунги самимий ва мазмунли суҳбат кўпчиликка ҳаёт дастуриламали бўлишига ишонамиз. Вақт ажратганингиз учун раҳмат!
"Гулистон" ва "Театр" журналлари бирлашган таҳририяти Бош муҳаррири – Шаҳрибону ИМОМОВА суҳбатлашди.