Солиқ низоларининг судгача ечими


Солиқ низоларининг судгача ечими: янги механизм, янги имконият

    Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан қабул қилинган 2025 йил 11 июлдаги “Солиққа оид низоларни судгача ҳал қилиш механизмларини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-223-сон Қарор мамлакатимизда тадбиркорлик муҳитини яхшилаш, солиқ органлари ва бизнес вакиллари ўртасида юзага келаётган низоларни адолатли, тезкор ва муросали тарзда ҳал этишга қаратилган муҳим қадам бўлди.
    Мазкур қарор асосида солиқ, молия, иқтисодиёт ва ҳуқуқ соҳаларида билим ва малакага эга мутахассислардан иборат Эксперт кенгаши ташкил этилиб, тадбиркорлар ва солиқ органлари ўртасида юзага келаётган низоларни судгача ҳал қилиш амалиётлари орасига яна бир самарали механизм қўшилди.
   Бу билан тадбиркорлар солиқ органлари қароридан норози бўлган тақдирда, судга мурожаат қилмасдан аввал ушбу кенгашга мурожаат қилиб, ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилиш имконига эга бўлдилар.
    Президентимизнинг қарори билан Эксперт кенгаши фаолиятининг асосий йўналишлари сифатида тадбиркорлик субъектлари ва солиқ органлари ўртасида юзага келган солиққа оид низоларни кўриб чиқиш ва улар юзасидан хулосалар бериш, солиқ қонунчилигига оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва уларнинг қўлланишини ўрганиш, шунингдек, ҳуқуқни қўллаш амалиёти сифатини ошириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш ҳамда солиққа оид низоларни кўриб чиқишда бизнес ҳамжамияти, давлат органлари ва ташкилотлари ҳамда илмий ташкилотлар билан ўзаро ҳамкорлик ўрнатиш белгиланди. 
   Эксперт кенгашининг фаолияти мунтазам (ойига камида икки мартда) ташкил этилиши, унда тадбиркорлар мурожаатлари холис ва адолатли кўриб чиқилиши, ҳужжат ва далиллар асосида хулоса тайёрланиши, мазкур тизимнинг ишончли ва самарали фаолият юритишини таъминлайди. 
    Шу билан бирга, қарорда солиққа оид низоларни кўриб чиқиш жараёнларини рақамлаштириш, сунъий интеллект технологияларини жорий қилиш, масофавий иштирок ва электрон маълумот алмашинувини такомиллаштириш каби илғор ёндашувлар белгиланган.
    Мазкур механизм тадбиркорлик субъектлари учун ҳуқуқий кафолатларни янада мустаҳкамлайди. 
    Энг муҳими, давлат билан фуқаро ўртасидаги муносабатларда ишонч ва очиқликни таъминлашга хизмат қилади. Қарор ижросини таъминлаш бўйича аниқ масъул шахслар ва идоралар белгиланиб, ҳужжат ҳаётда самарали амалга ошиши учун институционал кафолатлар яратилди.
    Қонун устуворлиги ва адолат мезонлари устуворлик касб этган бугунги ислоҳотлар даврида ушбу қарор нафақат тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, балки солиқ муносабатларини ҳуқуқий асосда барқарорлаштириш, низоларни кескинлаштирмасдан ҳал қилишга хизмат қилувчи муҳим ҳужжат сифатида тарихга киради.
    Зеро, қарорнинг мақсади тадбиркорлик субъектлари ва солиқ органлари ўртасида юзага келаётган солиққа оид низоларни ҳал қилиш учун сарфланадиган вақт ва харажатларни камайтиришга қаратилган. 

Мирзоҳид ҲАЙДАРОВ
Андижон туманлараро маъмурий судининг судьяси.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:



Маълумот