АЁЛЛАР ВА БОЛАЛАР ҲУҚУҚЛАРИНИ ҲИМОЯ ҚИЛИШ


АЁЛЛАР ВА БОЛАЛАР ҲУҚУҚЛАРИНИ ҲИМОЯ ҚИЛИШ — 
ЖАМИЯТ БАРҚАРОРЛИГИНИНГ МУҲИМ ОМИЛИ

   Андижон вилояти Избоскан туман адлия бўлимида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 3 мартдаги ПФ–33-сонли «Аёллар ва болалар ҳуқуқларининг ҳимоясини кучайтириш ҳамда уларга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик ҳолатларининг олдини олиш бўйича қўшимча ташкилий-ҳуқуқий чоралар тўғрисида»ги Фармони мазмун-моҳиятини кенг тарғиб этиш мақсадида давра суҳбати ташкил этилди.
   Тадбирда Фуқаролик ишлари бўйича Избоскан туманлараро суди судьяси Н. Гаппарова иштирок этиб, мазкур Фармоннинг асосий мақсад ва вазифалари, унинг аёллар ва болалар ҳуқуқларини ишончли таъминлаш, уларни турли шаклдаги тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилишдаги ҳуқуқий аҳамияти ҳақида атрофлича маълумот берди.
  Таъкидланганидек, янги ҳужжатда эрта никоҳ ҳолатларининг олдини олиш, ота-оналарнинг вояга етмаган фарзандлари учун масъулиятини ошириш, ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш билан бир қаторда, никоҳланувчиларни «маиший зўравонликсиз бахтли оилавий ҳаётга тайёрлаш» махсус курсларига қамраб олиш чоралари ҳам белгиланган. Жумладан, Оила ва хотин-қизлар масканларида никоҳланувчиларни бепул ўқитиш қамровини босқичма-босқич кенгайтириш назарда тутилмоқда. 
   Давра суҳбатида аёллар ва болаларнинг ҳуқуқ ҳамда қонуний манфаатларини таъминлашда профилактиканинг ўрни алоҳида қайд этилди. Зўравонликнинг олдини олиш фақат ҳуқуқбузарлик содир этилганидан кейин чора кўриш билан чекланмаслиги, балки уни келтириб чиқариши мумкин бўлган омилларни барвақт аниқлаш, оилалар билан тизимли ишлаш ва аҳоли, айниқса, ёшларнинг ҳуқуқий онгини юксалтиришни талаб этиши таъкидланди.
   Фармонда бу борада идоралараро ҳамкорликни кучайтиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Эрта никоҳ ва 16 ёшгача бўлган ҳомиладорлик билан боғлиқ ҳолатлар ҳақида тегишли органларни хабардор қилиш тартибининг белгиланиши, ахборот алмашинуви ва электрон тизимларни ўзаро интеграция қилиш чоралари ҳолатларни барвақт аниқлаш ҳамда уларга ўз вақтида ҳуқуқий ва ижтимоий ёрдам кўрсатишга қаратилган. 
   Шунингдек, ҳимоя ордери берилган жабрланувчи хотин-қизларга тазйиқ ва зўравонлик ҳолатлари ҳақида зудлик билан хабар бериш имконини берувчи «SOS» чақирув тизимидан фойдаланиш имкониятини яратиш белгиланган. Бу эса жабрланган шахсларни ҳимоя қилиш механизмларини янада такомиллаштиришга хизмат қилади. 
  Мулоқот давомида иштирокчилар оилада соғлом муҳитни қарор топтириш, хотин-қизлар ва болаларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, зўравонликка муросасиз муносабатни шакллантириш ҳамда ҳуқуқий саводхонликни ошириш масалалари юзасидан фикр алмашдилар. Зеро, Фармонда маҳаллалар аҳолиси, айниқса, ёшлар ўртасида «зўравонликка тоқатсизлик» тамойилини ижтимоий меъёр сифатида қарор топтириш, аёллар ва болаларга нисбатан тазйиқ ва зўравонликнинг ҳуқуқий оқибатларини кенг тушунтириш вазифалари ҳам белгиланган. 
   Тадбир сўнгида иштирокчиларга Фармонда белгиланган янги тартиб-таомиллар ва ҳуқуқий механизмларнинг мазмун-моҳияти юзасидан тушунтиришлар берилди. Бундай ҳуқуқий-маърифий тадбирлар аҳолининг ҳуқуқий билимларини юксалтириш, оила институтини мустаҳкамлаш ва жамиятда хавфсиз, соғлом муҳитни қарор топтиришда муҳим аҳамият касб этади.

Андижон вилояти, Избоскан туман адлия бўлими бошлиғи –
Ш. АБДУРАҲМОНОВ










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:



Маълумот