Сиз ёлғиз эмассиз
БЕКОБОДДА “СИЗ ЁЛҒИЗ ЭМАССИЗ” ТАДБИРИ МАРОҚЛИ ЎТДИ
Баҳор она заминга ўз сепини ёйган ва дарахтлар яшил тўнини кийган, Наврўз шодиёналари кўпчилик қалбида эзгулик улашаётган дамларда “Ниҳол” мукофоти соҳибаси, раҳматли хонанда Ширин Абдуллаеванинг онаси, қадрдоним Гулнозхон Абдуллаева ва унинг набираси Шаҳзодабону билан Тошкент вилоятининг металлурглар шаҳри бўлмиш Бекобод сари йўл олдик. Суҳбатлашиб икки ярим соат йўл юрганимизни ҳам сезмай қолдик.
Мана Бекобод шаҳрининг ҳашаматли “Бахт уйи” кошонаси.
Бу ерда бизни миллий атлас кўйлак кийган аёллар очиқ чеҳра билан кутиб олишди. Энг завқлиси, бир хил баҳорий либослар кийган қизлару йигитлар табассум ва қувончларини изҳор қилиб, Гулнозхонни кўришлари билан ўзларини унинг қучоғига отиб кутиб олишлари бўлди. Гулнозхон уларнинг ҳар бири билан кўп йиллик қадрдонлардек қучоқлашиб кўришди.
Гулнозхон бағрига босаётган болаларнинг аксарияти имконияти чекланганлар эди. “СИЗ ЁЛҒИЗ ЭМАССИЗ” номли тадбирнинг асосий иштирокчилари 2021 йилда Марҳабо Абдумуталиповна Холиқованинг ташаббуси билан Бекобод шаҳрида имконияти чекланган болалар учун ташкил этилган “Меҳржон” тўгараги аъзолари ва уларнинг оналари эди. Бугунги тадбирга уларнинг астойдил тайёрланганликлари юз-кўзларида акс этиб турарди. Ҳатто шу тўгаракнинг бир иштирокчисининг дугонасига: “Бугун туни билан ҳаяжонланганимдан ухлолмадим. Ахир саҳнага биринчи марта чиқиб, онажонларга тожикча қўшиққа рақс тушиб бераман” деган сўзлари қулоғимга чалинди.
Гулнозхон ўзининг дил тубидаги чиройли тилаклари билан файзли дастурхонни очиб берди. Биргалишиб бошланган байрамда болажонларга олам-олам завқ бағишлаган санъаткорлар, “Меҳржон” тўгарагининг болалари томонидан ижро этилган куй ва қўшиқлар, айниқса Мадинанинг ижросидаги рақслар, Асалойнинг ширали овозида қўшиқлар, шу жумладан Гулнознинг тўгаракнинг гўзал қизлари учун саҳналаштирган “Баҳор” вальси барчага манзур бўлди.
Дарвоқе, тадбирда меҳмон бўлган Гулнозхонинг набираси Шаҳзодабону “Сурхонча” рақси билан даврага ўзгача шукуҳ бағишлади.
Болалару оналарнинг ғубори тарқади. Ахир бундай шодиёналар уларнинг ҳаётида ҳар доим ҳам юз беравермайди. Улар ҳар доим ҳам ўзлари истаган жойга боролмайдилар, ўзлари орзулаган нарсаларни амалга ошира олмайдилар. Шу боис оддий болаларга қараганда кўпроқ эътиборга муҳтождирлар. Ушбу тадбирда барча меҳру муҳаббат уларга қаратилгани туфайли болажонларнинг қувончи ичига сиғмасди. Уларнинг биронтасининг юзида маҳзунлик, ўз жисмоний ҳолатидан қониқмаслик акс этмаганди.
Дарвоқе, тадбирда оналар иштирокида қизиқарли танловлар ўтказилди. Онажонларнинг кўпчилиги танловда фаол иштирок этишиб, ғолибликда бир бирларидан устун бўлишди. Бундай баҳсдан завқланган бошловчи барчани ғолиб деб топди ва иштирокчиларга эсдалик совғалари улашилди.
Меҳри дарё Гулнозхон Абдуллаева ғояси ва ҳомийлиги остида ўтган ушбу тадбир ногирон болаларнинг катта хурсандчилигига сабаб бўлди.
Тадбирнинг асосий мақсади ижтимоий ҳимояга муҳтож, ногирон болаларнинг оналарини оз фурсатга бўлса-да, ташвиш-ғамлардан узоқлаштириш, дилларига куй-қўшиқлар орқали таскин бериш эди. Шунингдек, юқорида келтирганимиздек, улар ёлғиз эмасликларини, доимо дардларига шерик бўладиган инсонлар борлигини ҳис этишлари эди.
Тадбирда барча оналар юрак тубларидаги сезилмас, аммо оғриқли дардларини бироз унутишди, дарди бир дугоналари билан яйраб, даврада фарзандлари билан бирга шодон ўйнаб кулишди.
“Меҳржон” тўгараги аъзоларининг онажонларини барчаси тадбирни мароқли ўтказилишида ўз ҳиссаларини қўшишди.
Зеро, ушбу тадбирдаги меҳр ва қувончдан баҳра олган болаларнинг доимо яхшили ҳамда, эзгулик томон интилишларига шак-шубҳамиз йўқ.
Орамизда шундай тадбирларга бош бўлувчи ва ҳисса қўшувчи саховатпеша сахий инсонлар кўпаяверсин!
Маъпура НАБИЕВА.




