Инсон ҳуқуқларининг умумжаҳон эътирофи



Муносабат 

Инсон ҳуқуқларининг умумжаҳон эътирофи 

  Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашнинг 46-сессиясида ўз маърузалари билан иштирок этди. 
  Бу давлатимиз раҳбарининг БМТ минбаридан туриб иккинчи бор ўзбек тилида нутқ сўзлаши. Дастлаб, Президент Шавкат Мирзиёев Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 75-сессиясида ўзбек тилида маъруза қилганди. Айнан ўшанда президентимиз ушбу нутқи орқали она тилимизнинг нақадар жозибали, оҳангдор эканлигини бутун дунёга намоён этган эдилар. 
  Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаш фаолияти бутун дунё бўйлаб инсон ҳуқуқлари ҳимоясини таъминлашга қаратилган БМТ тизимидаги энг нуфузли ҳукуматлараро органлардан бири ҳисобланади. Кенгашга 47 та давлат аъзо бўлиб, ўтган йилнинг октябрида Ўзбекистон 2021−2023 йиллар даврига ушбу тузилма аъзоси этиб илк бор сайланган. Коронавирус пандемияси муносабати билан кенгашнинг навбатдаги йиғилиши Женева шаҳрида видеоанжуман шаклида ўтказилди.
  Давлатимиз раҳбари ушбу чиқишида мамлакатимизда демократик янгиланишларни чуқурлаштиришнинг устувор йўналишлари ҳамда мамлакатимизнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши доирасидаги фаолиятининг асосий йўналишларига тўхталиб ўтди. Жумладан, 2030 йилгача мўлжалланган Барқарор ривожланиш мақсадлари мамлакатда ҳар бир инсоннинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини таъминлашни кўзда тутадиган «ҳеч кимни эътибордан четда қолдирмаслик» тамойили асосида амалга оширилиши; 
  гендер сиёсати масалалари борасида мамлакатнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётида ва ишбилармонлик соҳасида аёлларнинг ролини тубдан оширишга қаратилган ишларни қатъий давом эттирилиши, Ўзбекистонда Марказий Осиё мамлакатлари етакчи аёлларининг мулоқоти ва хотин-қизларнинг минтақавий бизнес-форумини ўтказилиши; 
ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисидаги янги қонун кучга кирганлиги, Ўзбекистон Парламенти Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияни ратификация қилиниши кутилаётганлиги ва Ўзбекистон имконияти чекланган шахсларнинг ўз қобилиятини тўла рўёбга чиқариш масалалари бўйича Минтақавий кенгаш тузишни таклиф этганлиги;
  БМТ шафелигида Ёшлар ҳуқуқлари бўйича бутунжаҳон конференциясини ўтказиш, БМТ Иқтисодий ва ижтимоий кенгашининг ўнинчи форумида Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенция лойиҳасини тақдим этиш, шунингдек, Ёшлар ҳуқуқлари бўйича махсус маърузачи институтини таъсис этиш масаласини киритишга тайёргарлик кўрилаётганлиги;
  Ўзбекистон Халқаро меҳнат ташкилоти ва Жаҳон банки билан ҳамкорликда мажбурий меҳнат ва болалар меҳнатига барҳам бериш бўйича Болалар Омбудсмани тўғрисидаги қонун қабул қилиниши;
  «Инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим» декларациясининг 10 йиллигига бағишлаб Олий комиссар бошқармаси билан биргаликда глобал форум ўтказилишини таклиф этилиши;
фуқаролиги бўлмаган шахслар сонини камайтириш мақсадида ўтган йилда 50 минг нафар киши Ўзбекистон фуқаролигига қабул қилинганлиги, бу йил яна 20 мингдан зиёд киши фуқароликка эга бўлиши ҳақидаги қатор масалалар юзасидан олий минбардан туриб сўз юритган давлатимиз раҳбари юртимизда инсон ҳуқуқлари борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар келгусида янада самарали давом этишини алоҳида таъқидлади.
Аниқ режа, қитъийлик ва узоқни кўра билиш салоҳиятига эга юртбошимизнинг маърузаси юртдошларимиз қалбида ишонч, орзу, умид оловини ёқди. Бу эса мамлакатимиз эртанги тараққиёти, ислоҳотлар самарасида муҳим омил бўлиб хизмат қилиши шубҳасиз. Зотан, бугун давлат раҳбарининг оддий ҳалқ билан халқнинг орасида оддий тилда сўзлашаётган халқпарвар сифатида, юрт равнақи, тараққиёти учун ечим излаётган иқтисодчи сифатида, халқ фаровонлиги, инсонларнинг эмин-эркин яшашлари учун фидойилик қилаётган ислоҳотчи сифатида, олий минбарларда туриб шу юртнинг порлоқ келажаги учун изланаётган сиёсатчи сифатида олиб бораётган фаолиятини алоҳида эътироф этиш, қадрлаш ва қўллаб-қувватлаш лозим. 
  Мазкур анжуманда давлатимиз раҳбари эришилган натижалар билан кифояланиб қолмасдан, бундан буён ҳам фуқаролик жамияти институтларини янада ривожлантириш, Ўзбекистонда сўз эркинлигини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш қатъий мақсад қилинганини таъкидлаб ўтдилар. 
  Шу билан бирга, БМТнинг дин ёки эътиқод эркинлиги, судьялар ва адвокатлар мустақиллиги, қийноқларнинг олдини олиш бўйича миллий механизм жорий этиш,  ҳамкорликда ишлаш мақсадида қийноқлар масаласи бўйича махсус маърузачини Ўзбекистонга таклиф этиш ҳақидаги фикрлари инсон ҳуқуқлари ҳимояси борасида юртимизда олиб борилаётган ишлар самарали йўлга қўйилганлигини ва биз бу борада ҳақ сўзни айта олишимиз мумкинлигини намоён этди.  
  Президентимизнинг БМТ минбаридан туриб илгари сурган ғоя ва таклифлари дунё жамоатчилиги томонидан юксак эътирофга сазовор бўлганлиги эса инсон ҳуқуқларининг умумжаҳон эътирофи сифатида барча ватандошларимизни беҳад қувонтирди. 

Гуллола Исакова,
Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирининг
маънавий - маърифий ишлар ва давлат тилини
ривожлантириш масалалари бўйича маслаҳатчиси.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:


Маълумот