Музаффар Муҳаммадназар

Музаффар Муҳаммадназарович Умбаров (Музаффар Муҳаммадназар) 1973 йилнинг 6 Февраль куни Тошкент шаҳрида зиёлилар оиласида таваллуд топган.
1983–88 йилларда «Мусиқа ва санъат мактаби»ни "Қашқар рубоб" мутахассислиги бўйича тамомлаган.
1990–1995 йиллар ТошДУ (ҳозирги ЎзМУ)нинг «Рус филологияси» факультетида таҳсил олган. Инглиз, рус, турк ва тожик тилларини билади ҳамда таржимонлик фаолияти билан ҳам шуғулланади.
Иш фаолиятини 1990 йилда «Сирли олам» журналида бўлим муҳаррири вазифасидан бошлаган.
«Кўнгил кўчалари», «Оила тилсими», «Сабо» газеталари ва «Ҳамшира» журналида бўлим муҳаррири, Тошкент шаҳар, Шайхонтоҳур туманидаги 186-умумий ўрта таълим мактабида ижодий ва маданий масалалар бўйича тарғиботчи, «Адолат» сиёсий-демократик партияси Марказий аппарати бош мутахассиси, Ўзбекистон Театр Арбоблари уюшмасининг бош мутахассиси вазифаларида ишлаган.
«Янги аср авлоди» нашриётида «Ёнаётган тирик ҳайкаллар», «Сўнгги манзил», "Oltin meros press" нашриётида "Парда ортидаги ҳаёт" номли китоблари нашрдан чиққан.
Айни вақтда «Саодат» журнали ходими, «Ижод чашмаси» журнали ҳамда Muzaffar.uz веб сайтининг бош муҳаррири вазифаларида фаолият юритиб келмоқда.
Ўзбекистон «Адолат» социал-демократик партияси, Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси ва Ўзбекистон Театр Арбоблари уюшмаси аъзоси.
Халқаро «Олтин мерос» хайрия жамоат фонди томонидан "Ижтимоий тармоқларда санъат ва маданият тарғиботига кўшган муносиб ҳиссаси учун" «Олтин мерос» ва Қозоғистон Республикасининг «Улуғ улус» медаллари билан тақдирланган.