Маъсуда Отажоновага табрик!
Муқимий номидаги Ўзбекистон Давлат мусиқали театри актрисаси, устоз санъаткор, "Меҳнат шуҳрати" ордени соҳибаси - Маъсуда Отажоновани туғилган куни билан табриклаймиз!
Маъсуда Отажоновага узоқ умр, ижодий ва ижобий ютуқлар, бахт-саодат тилаб қоламиз.
Камоли эҳтиром ила - Муқимий номидаги Ўзбекистон Давлат мусиқали театри ва Muzaffar.uz сайтининг ижодий жамоалари.
Маълумот: Маъсуда Отажонова Йўлдошевна 7 январ 1961 йилда Наманган вилояти Чортоқ туманида таваллуд топган. Аслида, Маъсуда Отажонова 17 Январь куни туғилган, аммо туғилганлик ҳақидаги гувоҳномада 1 ни қолдиришиб, 7 ёзиб юборишгани сабабли, ҳужжат бўйича 7 санада туғилган деб ёзилган. Шу сабабли, Маъсуда Отажоновани туғилган куни билан икки санада табриклашади.
2018 йилда “Меҳнат шуҳрат” ордени билан мукофотланган.
Маълумоти олий. 1985 йили Тошкент театр ва рассомлик санъати институтининг мусиқали драма ва комедия факультетини битирган.
Муқимий номидаги Ўзбекистон Давлат мусиқали театрида 1985 йилдан буён ишлаб келмоқда.
Маъсуда Отажонова ижодий фаолияти давомида 50 дан ортиқ спектаклларда бош роллар ижро этган ва катта-кичик турли образлар яратган. Актёр яратган образлари ичида севги ёшидаги қизлардан тортиб, она ва қайнона роллари мавжуд бўлиб, уларни ижро этганда томошабин завқланиб, мароқ билан олқишлайди. Жумладан, У А. Иброхимов, М. Бафоевнинг “Зўлдир” мусиқали комедиясида Хотима, К.Яшин, Т. Жалиловнинг “Нурхон” мусиқали драмасида Нурхон, Х. Ғулом, Ш. Шоймардонованинг “Муҳаббат навоси” мусиқали драмасида Бодомхон, Т. Минуллин, Н. Халиловнинг “Дилафрўзга тўрт ошиқ” мусиқали комедиясида Дилафрўз, К. Амиров, М. Бафоаевнинг “Узилган торлар” мусиқали драмасида Зулфия, Р. Азизхўжаев, Т. Ҳасановнинг “Куёвлар конкурси” мусиқали комедиясида Феруза, Ҳ. Ғулом, М. Левиевнинг “Тошболта ошиқ” мусиқали комедиясида Саломат, У. Умарбеков, Ф. Олимовнинг “Фотима ва Зухра” мусиқали драмасида Фотима, Р. Маъдиев, Б. Лутфуллаевнинг “Тақдир” мусиқали драмасида Ойжамол, Х. Хурсандов, Ф. Олимовнинг “Хотинимнинг уч шайдоси” мусиқали комедиясида Маъсума, Х. Даврон, Б. Лутфуллаевнинг “Бобур” мусиқали драмасида Дилдорабегим, С. Имомов, Ф. Олимовнинг “Сойибхўжа операцияси” мусиқали комедиясида Нодира, С. Имомов, Ф. Олимовнинг “Суперқайнона”, “Суперқайнона -2” мусиқали комедияларида Муяссар, Ҳожар, Н. Қобул, Б. Лутфуллаевнинг “Тўда” мусиқали драмасида Она ролларини ижро этган.
Айниқса, унинг “Ойонам-қайнонам” спектаклидаги Маръям образи ўзининг ички кечинмаларга бойлиги, ўзбек аёли тимсолида кўпчиликка маъқул бўлди.
Маъсуда Отажонова “Севги фариштаси”, “Меҳригиё”, “Ягона юлдуз”, “Қизи борнинг нози бор” фильмларида, “Вақт қадри”, “Олтин даврим”, “Зурриёд”, “Таваллуд”, “Ўгай она”, “Опа-сингиллар”, “Туташ тақдирлар”, “Чорраҳадаги уй” телесериалларида, “Оталар сўзи ақлнинг кўзи”, “Денгиздан томчи”, “Умр йўллари”, “Уйдаги гап”, “Кунларнинг бирида” телетуркумларида эсда қоларли роллар ижро этган.