Илҳом парилари сизни ҳеч қачон тарк этмасин!
Қадрли матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари! Сўз — бу шунчаки товуш ёки ёзув эмас. Сўз — бу инсон қалбига йўл очувчи, жамиятни уйғотувчи, эзгуликка ва гўзалликка чорловчи буюк кучдир. Биз — саҳнада, кадр ортида, микрофон қаршисида ёки қалам билан қўлда меҳнат қилаётган ижодкорлар — ана шу буюк кучнинг фидоийларимиз. Саҳна ва экран ҳаёт кўзгуси бўлса, матбуот ва ОАВ унинг тирик, уриб турган юрагидир.
Бугун, 27 июнь – Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни муносабати билан барча заҳматкаш журналистларни, публицистларни, муҳаррирлар, операторлар ва ушбу шарафли соҳада меҳнат қилаётган ҳар бир инсонни чин қалбимдан муборакбод этаман!
Режиссёрлик нигоҳи, актрисалик туйғуси ва сухандонлик масъулияти билан яхши биламанки, халққа тўғри сўзни, юксак маънавиятни ва ҳақиқатни етказиш — бу улкан жасорат ва тинимсиз меҳнат талаб қилади. Сизларнинг ҳар бир чиқишингиз, ёзган мақолангиз ёки тайёрлаган кўрсатувингиз одамлар қалбига маърифат улашади, уларни фикрлашга ундайди.
Азиз ҳамкасблар, ижод йўлингиз ҳамиша ёруғ, қаламингиз ўткир, овозингиз жарангдор бўлсин! Ҳамиша эл назарида, халқ ардоғида бўлинг. Халқимизга хизмат қилишдан, уларнинг дарду қувончини баҳам кўришдан ҳеч қачон чарчаманг.
Сизларга сиҳат-саломатлик, оилавий хотиржамлик, қалб хотиржамлиги ва янги-янги ижодий зафарлар тилайман. Илҳом парилари сизни ҳеч қачон тарк этмасин!
Ҳурмат билан,
Насибахоним ИСМОИЛОВА – режиссёр, актриса ва сухандон.