Журналист – жамиятнинг ҳарорат ўлчагичидир
27 Июнь - Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни. Шу куни чин маънода озига шукр, йўғига сабр, борига қаноат қилиб яшаб келаётган журналист ўзини унутиб яшайдиган инсон. Бугун улар ўзларининг касб байрамларини нишонлайдилар. Аслида, журналист менинг назаримда жамиятнинг ҳарорат ўлчагичидир. Уларсиз мезон ва меъёрларни англай олмаймиз. Уларсиз ҳақ ва ҳақиқатга эришолмаймиз. Журналист ўзини унутиб яшайдиди. Улар адолат учун курашади, меҳр учун жафо чекади, эзгулик учун куйиб ёнади. Доим ўзгалар дарду ҳасрати билан яшайди. Журналист ҳеч қачон, гарчи муҳтож бўлса-да, ўзи учун ҳеч кимдан ҳеч нарса сўрамайди. Аммо ўзгаларни бой қилиши, уйли, даромадли қилиши, ҳуқуқини ҳимоялаши, эрк ва бахт хадя эта олиши мумкин. Уларсиз на инсонийлик, на бурч, на масъулият ва на ўзлик асралади.
Журналист деганда ўпкам тўлиб нафас оламан, юрагим ҳапқириб роҳатланаман, қалбим қувониб фахрланаман. Шу соҳада меҳнат қилаётгани, касбни эъзозлагани, касбга садоқат сақлагани ва фарзандини шу касб орқали улғайтираётгани учун.
Мен узоқ йиллик журналистик фаолиятим давомида, асосан қаламга суяниб яшадим. Журналист деган номни оқлашга, унга муносиб бўлишга интилдим. Чунки, мен бу соҳага катта ва равон йўлдан эмас, ўнқир-чўнқирлардан, мусофирлигу йўқликлардан кириб келдим. Шу боис мен журналист эканлигимдан фахрланаман!
Азиз ҳамкасбим, устозим, дўстим ва қадрдоним, сизни байрам билан самимий қутлайман. Ҳаётингиз байрамлардек гўзал, қувончли, файзли бўлсин. Сиз доим энг яхшиларига муносибсиз!!!
Чексиз ҳурмат билан,
Феруза ОРИПОВА – «Саодат» журнали бош муҳаррир ўринбосари.