Юракларнинг тилмочи, шеъриятнинг гултожи


    Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, “Шуҳрат” медали соҳибаси, «Саодат» журнали бош муҳаррири, дилбар шоира Мунаввара Усмоновани таваллуд топган куни муносабати билан чин қалбимиздан муборакбод этамиз!
   «Саодат» журнали – бу оддий нашр эмас, балки аждодлардан авлодларга ўтиб келаётган, оналаримиз ва қизларимиз, опа-сингилларимиз қалбини нур билан тўлдириб турган муҳташам минбар, яхшилардан бизга қолган бебаҳо маънавий меросдир.
   Мамлакатимиз хотин-қизларининг ҳаёти ва фаолиятини ҳаққонийлик билан ёритиб, уларнинг ташвиш ва қувончларига ҳамдард, ҳар бир муваффақиятига шерик, орзу ва мақсадларига йўлбошчи бўлиб келаётган ана шу онахон нашрнинг руҳини юксак тутаётган, маънавий юкини елкасида олиб кетаётган бош муҳаррири — Мунаввара Усмоновадир.
    Азиз устозим – Мунаввара Усмонова йиллар давомида камина учун нафақат устоз, балки ўз туғишган опамдек қадрли инсон бўлиб қолган. У жуда бамаъни, меҳрибон, оқила ва саховатли аёл. Ҳар бир сўзи ҳаётдан олинган хулоса, ҳар бир маслаҳати – қалбларга шифо ва қувват бағишлайди.
    Биринчи фарзандим дунёга келганида, раҳматли Падари бузрукворимдан исм қўйиб беришларини сўраганман. У киши ўйлаб, “маърифатли” деган маънони англатувчи Маъруф исмини қўйгандилар. Иккинчи фарзандимга эса, раҳматли Волидаи муҳтарамим отасининг номини бериб, Мирзомуҳаммад деб исм қўйгандик. Шу тариқа, аждод ила авлодни боғлаб турувчи муқаддас ришталару хотираларни фарзандларим исмида муҳрладик.
    Кенжа, учинчи ўғлим дунёга келганда эса, бу оламда ардоқлаган, энг меҳрибон икки устуним – Ота-Онам аллақачон бошқа оламга риҳлат қилишганди... Ота-Онанинг ўрнини ҳеч ким боса олмайдиган, тасаллига муҳтож бўлган оғир дамларимда, ҳам устозим, ҳам опам, ҳам маслаҳатчим, дуогўйим бўлиб қолган Мунаввара опамдан ўғлимга исм қўйишда маслаҳат сўрадим. Мунаввара опам кенжа ўғлимга Муҳаммадумар деб, дилга яқин чиройли исмни топиб бердилар.
   Мунаввара опамнинг ходимларига, шогирдларига қилган беминнат ёрдамлари, яхшиликлари инсоний фазилатларининг бепоён денгизидан бир томчи, холос. Аслида эса, у кишининг меҳрибонлиги, инсонпарварлиги, садоқати, ҳамиша қўллаб-қувватлашга шай туриши, ҳар қандай ҳолатда ҳам хотиржамликни сақлай олиши, дардларга малҳам бўла оладиган сўзлари, кўнгилларни кўтарадиган табассуми ҳақида соатлаб сўзлаш мумкин.
    Шундай мўътабар, камтар, дилбар аёл – «Саодат» журнали каби муқаддас минбарнинг бошида турган, минглаб аёллар тақдирига бевосита дахлдор опамизнинг табаррук кунини нишонлар эканмиз, Мунаввара Усмоновага:
– метиндек мустаҳкам соғлиқ,
– чинордек узоқ ва баракали умр,
– хонадони ва оиласига тинчлик-фаровонлик, бахт-саодат,
– ижодий парвозлар, янги-янги чўққиларни забт этиши,
– дунёдаги энг юксак, энг эзгу орзу-истаклари рўёбга ошишини тилаймиз!

    Устозимизнинг беғубор қалбларида ёнаётган илҳом чироғи ҳамиша ёрқин шуъла таратиб, ижод боғларида яна кўп йиллар давомида анвойи ва муаттар гуллар очилсин!
    Устоз, умрингиз зиёда, мартабангиз янада юксак бўлсин! Сиз билан фахрланамиз! Борингизга шукур! 

Камоли эҳтиром ила — Музаффар Муҳаммадназар.

    Маълумот: Мунаввара Абдуҳоким қизи Усмонова 1965 йилнинг 13 июнь куни Андижон вилоятидаги Марҳамат туманида туғилган. Болалигидан-оқ китоб, сатр ва сўзга ошно бўлган бу қизалоқ кейинчалик Тошкент давлат педагогика институтининг «Ўзбек филологияси» факультетида таҳсил олиб, сўз гулшанини касб даражасига олиб чиқди.
    Мунаввара Усмонова:
– 1984–1990 йилларда Андижон вилояти, Марҳамат тумани аҳолига маиший хизмат кўрсатиш корхонаси кадрлар бўлими инспектори сифатида инсонлар билан ишлаш, уларни тинглаш ва тушуниш мактабидан ўтган;
– 1990–1992 йилларда Марҳамат туман ижроия қўмитасининг оналик ва болаликни муҳофаза қилиш сектори мудири сифатида она ва бола тақдирига дахлдор муҳим вазифаларни бажарган;
– 1992–1996 йилларда Марҳамат туман ҳокимининг ўринбосари лавозимида жойлардаги ижтимоий ҳаёт, айниқса, аёллар билан боғлиқ масалаларни ҳал этишда фаол иштирок этган;
– 1996–2001 йилларда ўзбек ва хориж тиллари гимназияси директорининг ўринбосари сифатида ёшлар қалбига маърифат уруғини экиш билан шуғулланган;
– 2001–2007 йилларда Тошкент давлат аграр университети қошидаги академик лицей директори ўринбосари сифатида минглаб ўқувчиларнинг кенг дунёқарашли, юксак маънавиятли инсон бўлиб камол топишига ҳисса қўшган;
– 2008–2010 йилларда «Саодат» журнали адабий бўлим муҳаррири сифатида кўплаб ижодкорларнинг илк қадамларига қанот бағишлади, уларнинг сўзига журъат, йўлига ёруғлик берди;
– 2010–2018 йиллар мобайнида Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси адабий маслаҳатчиси ва бир вақтнинг ўзида «Саодат» журнали адабий бўлими муҳаррири сифатида янада кўпроқ қалам соҳибларига йўл-йўриқ кўрсатди, сатрларини сайқаллаб, ижодини қўллаб-қувватлаб, матбуотда уларнинг ижод намуналари ёритилишида кўмаклашди;
– 2018 йил май ойидан эътиборан эса «Саодат» журнали бош муҳаррири сифатида бу журналнинг янги босқичга кўтарилиши, мазмунан бойиши, шаклан замонавийлашувида беқиёс хизмат қилиб келмоқда.

    Таниқли ижодкор, хассос қаламкаш Мунаввара Усмонованинг “Дийдор”, “Сизга ўхшасин”, “Соғинч манзили”, “Юрагимдасан, Ватан”, “Бундай элни қайдан топасан”, “Керагимсиз” каби шеърий тўпламлари, шунингдек, “Ватан − улуғ дарсхона” номли публицистик мақолалар китоби кенг китобхонлар муҳаббатини қозонган. У кишининг кўплаб шеърлари куйга айланиб, қўшиқлар орқали миллионлаб юракларга йўл топган. Бир қанча асарлари озарбайжон, немис, тожик, рус ва қорақалпоқ тилларига таржима қилиниб, ижоди чегаралардан ўтиб, дунё кўламида ҳам ўқилмоқда.
     Мунаввара Усмонова 2013 йилда “Шуҳрат” медали, 2022 йилда “Маданият ва санъат фидокори” кўкрак нишони билан тақдирланиши юрт ва миллат олдидаги хизматларининг муносиб эътирофидир. Бу мукофотлар, аввало, унинг қалами, меҳнати, ватанпарварлиги, аёлларга, ёшлар ва ижод аҳлига бўлган меҳру эътибори давлат даражасида тан олинганлигини англатади.
    Мунаввара Усмонова мустаҳкам ирода, ғайрат ва шижоат ила сидқидилдан амалга ошираётган меҳнати билан кўпчилик учун ўзига хос ибрат мактабидир. У киши шоира сифатида юракларнинг тилмочи, муҳаррир сифатида ёш ижодкорларнинг меҳрибон устозидир.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:



Маълумот