Ижод оламида бахти кулган шоира


    Мунаввархоним!  
    Туғилган кунингиз муборак бўлсин!
   Доимо яхшиликка дўст, нурга ошно кўнглингизга фақат ва фақат хушхабарлар ташриф буюрсин! Илҳом парисининг эркалаган парвозларидан баҳра олиб, руҳиятингиз ҳар куни янги куй, янги сатр, янги қувонч билан безансин! Яшанг, яйраб яшанг, яшнаб яшанг! Юз ёшга кириб соғликда, фаровонликда, баракали ризқ ва саодат ила, дадил қадамлар билан яшанг, азиз сингилжон!
    Сизни таниган ҳар бир инсон биладики, сиз ҳамиша ЯХШИЛИКни соғиниб юрасиз, яхшиликни қидириб юрасиз. Қийналган ижодкорларни топиш учун худди меҳрибон она йўқотиб қўйган фарзандини излагандек излайсиз. Улар эса ҳатто ўзлари ҳам билмаган ҳолда сиз томондан аввал шамолдек, сўнг баҳордек, кейин эса мусаффо булутдек гўзал наволи рағбат, илтифот ва меҳрни олади, қалбларига қувонч, умид ва ишонч уруғлари сепилади. Сиз уларни ижод боғига олиб кириб, янги гуллар экишга ундайсиз, юракларига қанот бағишлайсиз!
   Бежизга Сизни «САОДАТ»нинг саодатли раҳбари, хоними ва маънавият посбони дейишмайди! Сизнинг меҳрибонингиз, ғамхўрлигингиз кўплаб аёллар ва ёшлар учун ибрат, қўллаб-қувватлаш манбаидир. Ижод оламида ҳам бахти кулган шоира сифатида юзлаб қалбларга юлдуз, юракларга қўшиқ бўлиб кириб бордингиз. Ўнлаб шеърий тўпламларингиз, юзлаб қўшиқлар матни – халқ оғзида юрадиган руҳий озуқа, маънавий неъматдир. Сиз севимли ёр, меҳрибон она, суюкли бувижон сифатида бир неча авлодга меҳр қудратини кўрсатиб келаётган инсонсиз.
    Давлатимиз сиз каби фидойи аёлнинг меҳнатларини ҳар жиҳатдан эътироф этиб, юксак унвону мукофотларга муносиб деб топгани ҳам бежиз эмас. Бу эътироф – бутун ижод аҳли, бутун зиёлилар, халқингизнинг сизга бўлган миннатдорлиги, дуоси ва мухаббатининг ифодасидир. Бир аёлга берилган тўкислик шу бўлса керак – юрагингизда муҳаббат, лабларингизда шукроналик сўзлари, кўзларингизда умид, қадамларингизда жасорат акс этади! Аллоҳга беҳисоб шукр!
    Мунаввархоним, сизнинг борлигингиз – атрофингиздаги инсонлар учун бир мактаб, бир даргоҳ. Сиздан сабоқ олган ҳар бир инсон меҳр, ихлос, садоқат, меҳнатсеварлик, инсонпарварлик нима эканини амалий ҳаётида ҳис қилади. Қачонки бир ижодкор умидсизлик гирдобига тушса, сиз унга нурли кўзларингиз ва самимий табассумингиз билан йўл кўрсатасиз. Қачонки бир аёл ҳаёт бўронида йўқолиб қолса, сиз қўлини ушлаб, унинг бошини силаб, қалбини тинчлантирасиз. Шундай юлдуз мисол аёлнинг ёнида юриш, дуосини олиш ҳам катта бахт.
    Эзгулик йўлидаги барча хайрли амалларингиз, мўътабар ишларингиз, қилаётган яхшиликларингиз муродбахш бўлсин, самаралари янада юксаклардан намоён бўлсин, илоҳим! Сизнинг ҳар бир қадамингизни Аллоҳ таоло ўзи мустаҳкамласин, ҳар бир ниятингизни хайрли ва баракали қилсин! Қалбингиздаги нур янада ёрқин шуъла сочсин, руҳиятингиздаги илҳом париси янада кенг қанот ёзиб, кўкларга парвоз қилсин, атрофингиздагиларнинг сизга бўлган меҳр-муҳаббати юз чандон ошсин!
    Мунаввархоним!  
   Туғилган кунингиз яна бир бор муборак бўлсин!

Санобар ФАХРИДДИНОВА










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:



Маълумот