Ўзбек аёлларининг бахтли кулгусини соғинаман
Ўзбек аёлларининг бахтли кулгусини соғинаман
(Олис Франциядан йўлланган, соғинч ва самимиятга тўла табрик)
Муҳтарама ва қадрли Мунаввара Усмонова!
Сизни бугунги қутлуғ сана — таваллуд кунингиз билан чин қалбимдан, чексиз ҳурмат ва эҳтиром ила муборакбод этаман!
Инсон Ватандан йироққа кетганида, унинг ҳар бир қарич тупроғи, ҳар бир таниш чеҳраси ва ҳатто она тилида чоп этилган журнал саҳифалари нақадар азиз эканлигини чуқурроқ англаб етади. Парижнинг гўзал ва шовқинли кўчаларида кезсам-да, хаёлим тез-тез жонажон Ўзбекистонимга, қадрдон Фарғонамга қайтиб кетади. Фарғона вилоят мусиқали драма театрининг ҳароратли саҳнаси, томошабинларнинг гулдурос қарсаклари, айниқса, менинг ҳаётимда ўчмас из қолдирган, Шароф Бошбеков асари асосида саҳналаштирилган «Темир хотин» спектаклидаги Аломатхон образи... Буларнинг барчаси бугун менинг юрагимда энг ширин ва айни пайтда кўзларимни ёшга тўлдирувчи ҳазин хотиралар бўлиб яшайди.
Мунаввара Усмонова, мен ёшлигимдан «Саодат» журналини қандай интиқиб кутган бўлсам, қандай катта меҳр билан мутолаа қилган бўлсам, бугун мусофирликда туриб ҳам унинг мазмунли саҳифаларини худди шундай соғинч билан эслайман. «Саодат» журнали бизга етиб келмаса-да, унинг Saodatjurnali.uz веб-сайти ва электрон нусхаларини мутолаа қилиб бораман.
Ўтган йили муҳташам 100 йиллигини нишонлаган бу улуғ даргоҳ мана шундай қутлуғ ёшида ҳам айнан Сизнинг жонкуярлигингиз, тинимсиз меҳнатингиз туфайли ўзбек аёлларининг ҳақиқий қалб кўзгусига, энг яқин сирдошига айланган. Журнал саҳифаларидан уфуриб турадиган ўзбекона ифор ва аёлларимизнинг матонати мени ҳамон руҳлантиради ва юртимга бўлган меҳрим янада жўш уради.
Шу чиройли кунда Сизга мустаҳкам соғлиқ, оилавий хотиржамлик ва чексиз бахту саодат тилайман. Ижод булоғингиз ҳамиша лиммо-лим тўлиб, товланиб турсин, қаламингиз ҳозиргидек равон ва ўткир бўлсин. «Саодат» журнали орқали ўзбек аёлларининг бахтли кулгуси ва доно сўзлари бутун дунёга жаранглаб тураверсин!
Олис Франциядан чексиз ҳурмат ва Ватан соғинчи билан,
Сизнинг собиқ Аломатхонингиз — Айкира ШАВАЕВА.