Таисияга табрик
Тележурналист, сухандон – Таисияни таваллуд топган куни муносабати билан чин қалбимиздан табриклаймиз! Таисияга мустаҳкам соғлик, узоқ умр, ишларига улкан ривож тилаймиз!
Маълумот: Таисия Сергеевна Рўзиева – 1984 йилнинг 27 сентябрида Сурхондарё вилоят Термиз шаҳрида туғилган.
2004 – 2017 йилларда Сурхондарё вилояти Телерадиокомпаниясининг сухандони, дастур бошловчиси ва муҳаррири вазифаларида фаолият юритган.
Табрик ўрнида Таисия ҳақида унинг дўстлари битган дил сўзларини келтириб ўтишни жоиз топдик.
СУРХОННИНГ СУХАНДОН ҚИЗИ
Унинг жарангдор ва соҳир овози дастлаб ҳали ўқувчилик йиллариданоқ мактаб саҳнаси ва томошагоҳларида янгради... У зиё маскани ижодий тадбирларида фаол иштирок этар, матн ва шеърларни ширали овозда ўқиш билан бирга ўқув даргоҳидаги байрам дастурларида бошловчилик қиларди.
Кейинчалик ундаги сўзамоллик маҳорати Таисия Рўзиева Термиз педагогика билим юртида таҳсил олиб юрган кезларда яна-да бўй кўрсата борди. Ўзининг бадиий чиқишлари билан талаба қиз устозлари ҳамда тенгдошлари эътиборини қозонди.
Эндиликда наинки билим юртидаги ижодий кечаларда, балки туман ва вилоят миқёсидаги байрам ва анжуманларида бошловчилик қила бошлади.
Айниқса, Сурхондарё вилоят телерадиокомпанияси маъмурияти томонидан ўтказилган танловда унинг бу борадаги юксак иқтидори эътироф этилиб, Таисия Рўзиеванинг мазкур телерадиокомпаниянинг танлов асосида ишга қабул қилинганлиги унинг истиқболи учун янги имкониятлар эшигини очди...
Таисия бу ижодий даргоҳда бир неча йил самарали хизмат қилиб, ўзининг тиниқ ва жозибадор овози, ранг-баранг мавзудаги радиоэшиттиришлари билан тингловчилар қалбидан жой олди.
Айни пайтда Таисия пойтахтда яшаб ижод қилади. Бугунги кунда унинг ижтимоий тармоқлардаги ўзига хос оҳанрабо бадиий чиқишлари, айниқса, Ватан, Истиқлол, Соғинч ҳақидаги бадиий оҳангда ўқишларини юртимиз аҳли мамнуният билан қарши олади.
Шу билан бирга сухандон Таисия Рўзиева бадиий ижод билан ҳам мунтазам шуғулланиб келади. Унинг битиклари ижтимоий тармоқлар ва интернет сайтларида кўп сонли мухлисларнинг олқишларига сазовор бўлмоқда.
Биз ҳам асли Сурхон воҳасининг иқтидорли фарзандларидан бири бўлган ижодкор синглимиз, бетакрор овоз соҳибаси – Таисия Рўзиева ижодига юксак парвозлар тилаймиз.
Абдунаби БОБОЁР –
"Шуҳрат" медали соҳиби,
шоир ва журналист.
ТАИСИЯХОН СИНГЛИМГА
ЧИНОР УМРИН КЎРИНГ
Ҳуснингизни кўриб, хижолат ҳилол,
Оҳу кўзларингиз беғубор бирам.
Соҳир овозингиз айлар дилни лол,
Қалбингиз саройи ўзгача кўркам.
Яратмиш Худойим шунчалик аъло,
Ибо-ю, ҳаёнгиз жуда ярашган.
Ўзбегим қизисиз оқила, зукко,
Элига маърифат, зиё улашган.
Оналик катта бахт, оналик шараф,
Фарзандлар камолин кўринг илоҳим.
Чулғанган зиёга тўртта-ла тараф,
Бу қутлуғ йўлларни тўсолмас ҳеч ким.
Тилагим ҳамиша бўлинг саломат,
Толе қуёшингиз чарақлаб турсин.
Қучсин сизни ҳеч ҳам кетмас омад, бахт,
Ул қодир Худойим суйдирсин суйсин.
Учраштирди тақдир, йўлларда қутлуғ,
Эзгу орзулар-ла кўнгил муштарак.
Устозлар йўлларин берсин Ҳақ улуғ,
Парвозлар тилайман ижодда юксак.
Чинор умрин кўринг, дилдан тилагим,
Дадил қадам ташланг қутлуғ ёш сари.
Дунёда тенги йўқ гўзал малагим,
Ушалсин сиз қилган орзулар бари.
Шоира Давлетова,
Қорақалпоғистон Республикаси.
01. 09. 2024 йил.