Лазиз Раҳматовга табрик


   Истеъдодли журналист, адиб, моҳир таржимон, сценарист ва драматург – Лазиз Раҳматовни таваллуд топган куни муносабати билан муборакбод этамиз!
   Туғилган куни муносабати билан Лазиз Раҳматовга чин юракдан мустаҳкам соғлик, узоқ умр ва янада юксак муваффақиятга эришишини тилаймиз!

Камоли эҳтиром ила – Muzaffar.uz сайти ва «Ижод чашмаси» журналининг ижодий жамоаси.

   Маълумот: Лазиз Хасанович Раҳматов 1981 йил 21 апрель куни Қашқадарё вилоятининг Шаҳрисабз тумани, Наматон қишлоғида туғилган. 
    Унинг ҳаёт йўлига назар ташлар эканмиз, жўшқин фаолияти, серқиррали ижодкор ва чуқур билим ва тажрибага эга зукко, камтар, чинакам ИНСОНни кўрамиз. Лазиз Раҳматов фақат журналист бўлибгина қолмай, балки моҳир таржимон, тадқиқотчи, сценарист ва драматург сифатида ҳам ўзини намоён қилган.
    У 1997 йилда Шаҳрисабз туманидаги Қори-Ниёзий номли ўрта умумтаълим мактабини тамомлагандан сўнг, 1997 – 1998 йилларда Қашқадарё вилоят, Шаҳрисабз тумани маданият бўлими кутубхонаси мудири бўлиб ишлаган. 
   Лазиз болаликдан китобларга ошно бўлиб улғайган бўлса-да, айнан кутубхонада китобхонларга китоблар улашиш орқали ўқувчиларни хурсанд қилиш унинг келгусидаги матлабига айланган. У ҳозиргача нуфузли давлат идораларининг бирида масъул лавозимда ишласа-да, кўпчиликка китоблар туҳфа қилиш баробарида, бир қанча адиб ва шоирларнинг китобларини нашр қилишда беминнат ёрдами теккан. Аммо у бу кўмаклари ва хизматларини ошкор қилинишини сира истамайди. «Ўзини тарғиб қилаяпти деб ўйлашади, қолаверса савоб кўз-кўзланмай, пинҳона қилинади», деган шиорга қатъий амал қиладиган камтаринлик фазилати бор. 
  Лазиз 1998 – 2002 йилларда Ўзбекистон Миллий университетининг "Журналистика" факультетини (бакалавр), 2011 йилда Ўзбекистон давлат Жаҳон тиллари университетининг "Халқаро журналистика" факультетини (магистр) тамомлаган. Сиёсатшунослик фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD) унвонига ҳам эга.
    Лазиз Раҳматовнинг касбий фаолияти жуда ранг-баранг. У турли йилларда “Фидокор” ижтимоий-сиёсий газетаси (2002 – 2003), “Ўзбекистон миллий энциклопедияси” (2003 – 2004), Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги (2004 – 2006), “Жаҳон” ахборот агентлигида (2006 – 2008) фаолият кўрсатган. Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Республика кенгаши Ахборот хизмати бошлиғи (2017 – 2018) лавозимида меҳнат қилган. 
     Унинг қаламига мансуб мақолалар ЎзА, “Жаҳон”, “Халқ сўзи – Нородное слово”, “Ўзбекистон овози”, “Правда Востока”, “Миллий тикланиш”, “Туркистон”, “Жамият”, “Соғлом авлод”, “Оила даврасида”, “XXI аср”, “Нуроний”, “Ўзбекистон бунёдкори”, “Садо”, “Даракчи”, “Ташхис”, “Парвона”, “Қашқадарё”, “Кеш” ва “Мўъжизавий дунё” каби кўплаб нашрларда чоп этилган. Шунингдек,  50 дан ортиқ илмий мақолалари республика ва хорижий журналларда ва илмий тўпламларда ўрин олган.
   Лазиз Раҳматовнинг ижодий фаолияти фақат журналистика билан чегараланмайди. Унинг сценарийлари асосида “Интернет” (2009) ва “Шанхай Ҳамкорлик ташкилоти” (2011) ҳужжатли фильмлари суратга олинган.  
   Унинг таржимаси асосида Ўзбек Миллий академик драма театрида поляк драматурги Славомир Мрожекнинг “Чегара устидаги уй” асари (2007), “Илҳом” театрида Марказий Осиё ёш режиссёрлари фестивали учун бир гуруҳ ёш ижодкорлар томонидан тайёрланган “Доктор Фауст ҳақида афсона” спектакли (2008 йил) саҳнада намойиш этилган.
    Ўзбек Миллий академик драма театрида “Севги жилолари” либреттоси (2011), Тошкент давлат Мусиқали рус комедия театрида 2013 йилдан “Простите, дорогой” (“Дадажониси, кечиринг”) пьесаси қўйилган.
   “Ўзбекистон миллий энциклопедияси” давлат илмий нашриётида “2015 йил – Кексаларни эъзозлаш йили” муносабати билан “Дунё кексалари: «Кексалар дунёси» (хорижий мамлакатлар тажрибаси мисолида), “2016 йил – Соғлом она ва бола йили” муносабати билан “Соғлом она ва бола: халқаро амалиёт (хорижий мамлакатлар тажрибаси мисолида)”, шунингдек, 2017 йили “Тамаддун” нашриётида “Оналик ва болалик: Ўзгараётган дунё” илмий-оммабоп китоблари босмадан чиққан.
  2019 йили “Янги китоб” нашриётида босмадан чиққан “Дунё мамлакатлари: Австралиядан Ҳиндистонгача” энциклопедик қўлланмаси ўқувчилар орасида айниқса машҳур бўлди ва қайта тўлдирилган нашри қайтадан чоп этилиш арафасида.
    Лазиз Раҳматовнинг илмий-оммабоп китоблари ҳам кенг ўқувчилар оммаси томонидан қизғин кутиб олинган.  
    Лазиз Раҳматовнинг хизматлари Ўзбекистон адабиёти, маданияти ва илми ривожига салмоқли ҳисса қўшиб келмоқда.  










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:



Маълумот