Нурилло Аббосхон
Ёзувчи ва драматург – Нурилло Аббосхонни таваллуд топган куни билан табриклаймиз! Нурилло Аббосхонга мустаҳкам соғлик, узоқ умр, ижодий ишларига улкан ривож тилаймиз!
Камоли эҳтиром ила – Muzaffar.uz сайтининг ижодий жамоаси.
Маълумот: Ёзувчи ва драматург – Нурилло Аббосхон (Нуриллохон Аббосович Ғозиев) 1958 йилнинг 10 октябрь куни Наманган вилоятидаги Чортоқ туманида туғилган.
Ўзбек ва рус тилларида ижод қилади. Ўқувчилик давридан китоб ва мусиқага мойил бўлиб, туғма истеъдод уни адабиёт ва санъат йўлига етаклади. Аввал мусиқа мактабида, кейинчалик ҳаваскорлик тўгаракларида таҳсил олди. Мактабни битиргач, оилавий шароити оғирлиги туфайли ишга киришга мажбур бўлди. Моҳир мусиқачи бўлгани сабабли, дипломсиз бўлишига қарамай, Чортоқ шахар маданият уйида услубчи бўлиб иш бошлади. Кейин туман маданият саройида мусиқа раҳбари, ҳунар-техника билим юртида бадиий раҳбар сифатида фаолият кўрсатди. Шу даргоҳларда ишлаш жараёнида ўз устида ишлаб, кутубхона хизматидан унумли фойдаланиб, ўзи ижод қилишга бошлашди. Аввалига у Муслим тахаллуси билан байрам сценарийлари ва қўшиқлар ёзди. Маданият саройида очилган қўғирчоқ театрида, эртак-пьесалари саҳналаштирилди. Педагогик коллежда очилган халқ театрида илк маротаба “Ғафлат қурбонлари” номли пьесаси саҳналаштирилиб, вилоят бўйича ёшлар аудиториясига кўрсатилди. У басталаган куй, ёзган шеър ва қўшиқлари (“Ўзбекистонни асра, Худойим”, “Наврўз”, “Омон бўлинглар”) вилоят ва республика танловларида қатнашиб, юқори ва рағбатли ўринлар олган.
1998 йилдан буён Нурилло Аббосхон тахаллуси остида турли хил бадиий жанрларда ижодий фаолият юритмоқда.
ВИЛОЯТ МАТБУОТИДА
Муаллиф бир неча йил давомида вилоят газеталари билан узлуксиз иш олиб борди. У ёзган “Хамса хазинаси” туркумидаги мақолалар ҳамда турли мавзулардаги пьеса, қисса ва романлари “Наманган ҳақиқати”, “Суҳбатдош”, “Тамаддун”, “Дилкаш”, “Ҳайрат”, “Маърифат гулшани”, “Ал-Машриқ” газеталарида “Кемтик дунё”, “Алвасти китоби”, “Севги соҳили”, “Аравакаш муҳаббати” асарлари чоп этилган.
КИТОБЛАРИ
Муаллиф бадиий адабиёт соҳасида хам қизғин ижодий фаолият юритиб келмоқда. Алишер Навоий ва “Хамса” достонлари, кино ва театр мавзуларида кўплаб илмий-оммабоп мақолалари газета ва журналларда чоп этилган. Шунингдек, “Ўзбекистон” нашриётида “Шўрқишлоқ” романи ва “Шарқ” нашриётда “Дилмурод” номли қиссаси давлат бюджети ҳисобидан чоп этилган. Наманган вилоятида муаллифнинг “Устоз” номли китоби “Наманган” нашриётида нашр қилинди. “Севги соҳили”, “Зилола”, “Шаҳзода Мушнинг саргузаштлари”, “Алвасти китоби”, “Ибрат” номли роман ва қиссалари, рус тилида ёзилган “Ангел дождя” ва “Мы все одной крови” номли асарлари ҳам нашр қилиниш арафасида турибди.
ВИЛОЯТ ТЕАТРЛАРИДА
2000 йили Нурилло Аббосхоннинг илк бора “Гўзал дунё зулмати” номли драмаси Наманган вилоятининг Алишер Навоий номидаги мусиқали драма театрида саҳналаштирилган. Шундан сўнг, унинг асарлари водий театрларига тарқалиб, “Боғ”, “Салом ёки хайр”, “Азиз”, “Кулгисини йўқотган бойлар”, “Баҳор шамоли” “Қуриётган дарахт” драмалари бирин-кетин саҳналаштира бошланди. Шунингдек, бу асарлар (Қашқадарё, Сирдарё, Жиззах, Қўқон, Фарғона, Андижон, Бухоро, Самарқанд) вилоят театрларида ҳам саҳналаштирилди. Андижон ёшлар театрида “Бахтли бўлинглар”, “Супер мусофир” номли пьесалари ҳам саҳналаштирилди.
Яқин ўтган йилларда эса Марғилон мусиқали мақом театрида “Навоий”, “Бобур”, “Сеҳрли чимилдиқ” номли асарлари саҳна юзини кўрди. Наманган вилоят театрида “Ибрат”, “Мактаб” номли пьесалари саҳналаштирилди.
ПОЙТАХТ ТЕАТРЛАРИДА
2009 йилда Ўзбек Миллий Академик драма театрида Нурилло Аббосхоннинг “Ўзбекча рақс”, “Танҳо юлдуз”, 2013 йилда “Менинг танҳо юлдузим”, 2017 йилда “Ўжарлар” номли таржима асари, 2020 йилда “Ўзгалар дарди”, 2021 йилда “Офицерлар” номли асарлари саҳналаштирилди.
Муқимий номидаги мусиқали драма театрида 2005-2009 йиллар давомида драматургнинг “Кўнглимнинг кўчаси”, “Жайдари келин”, “Ой онам - қайнонам” асарлари саҳналаштирилиб, намойиш этилди.
Ўзбекистон Республика Қўғирчоқ театрида “Қулоқчасиз улоқча” номли шеърий эртаги болаларга туҳфа этилди. Драматург Шуҳрат Ризаев билан ҳаммуаллифликда Аброр Ҳидоятов номидаги республика драма театрида “Эзгулик йўли” асари саҳна юзини кўрди.
ҚЎШНИ РЕСПУБЛИКАЛАРДА
Муаллифнинг “Боғ” асари туркман ва тожик тилларига таржима қилиб, саҳналаштирилган. Қозоғистондаги (Чимкент) ўзбек академик театрида ҳам саҳналаштирилди. “Танҳо юлдуз” номли пьесаси қримтатар тилига таржима қилиниб, Қримдаги Боғчасарой театри саҳнасида намойиш этилган эди. Бу спектакль 2015 йилда қорақалпоқ тилига таржима қилиниб, Нукус театрида томошабинлар ҳукмига ҳавола этилган.
ТАРЖИМАЛАРИ
Нурилло Аббосхон чет тиллари билан ҳам шуғулланиб келмоқда. 2015 йилда Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон халқ ёзувчиси Ўрозбой Абдурахмоновнинг “Ўжарлар” асарини қорақалпоқ тилидан ўзбек тилига таржима қилди. Асар Ўзбек Миллий академик театри ва Қозоғистондаги Чимкент ўзбек академик театрида саҳналаштирилди. Кейинги йилларда у А. П. Чехов қаламига мансуб “Иванов” пьесаси ва М. Булгаковнинг “Иван Васильевич” номли фантастик комедиясини русчадан ўзбек тилига таржима қилди. “Иван Васильевич” пьесаси 2016 йили, “Жаҳон адабиёти” журналида чоп этилди. Кейинги йилларда у рус тилида сценарий, пьеса ва повестлар ёзди. "Звезда Востока" журналида унинг рус тилида ёзган “Ангел дождя” номли повести эълон қилинган.
ТАНЛОВЛАРДАГИ ИШТИРОКИ ВА ЮТУҚЛАРИ
Нурилло Аббосхон самарали меҳнати учун Маданият вазирлиги томонидан бир неча диплом, сертификат ва ташаккурнома, ёрлиқлар, пул мукофотлари ва Ўзбекистон Қуролли Кучлари вазирлиги томонидан кўкрак нишони билан мукофотланган. 2000 йилда муаллифнинг илк асари – “Меҳр қуёши” пьесаси Ўзбектеатр бирлашмаси томонидан эътироф этилиб, рағбатлантирувчи мукофот берилган.
2012 йилда Наманган вилояти Алишер Навоий номидаги мусиқали драма театрида саҳналаштирилган “Баҳор шамоли” асари “Сени куйлаймиз замондош” республика танловида I-ўринни эгаллаган.
“Бурч” номли асари Бухородаги мусиқали драма театрида саҳналаштирилиб, 2015 йилда бўлиб ўтган “Сени куйлаймиз, замондош” республика танловида II-ўринни эгаллаб, дипломлар, сертификатлар ва пул мукофотлари билан тақдирланган.
2018 йилда “Хоразм афсонаси”, 2019 йилда “Миллат виждони”, 2020 йилда “Ўзгалар дарди” номли драматик асарлари билан республика танловларида иштирок этиб, иккала танловда ҳам энг юқори ўринни эгаллаб, пул мукофоти олган.
Наманган матбуот бошқармаси раҳбарияти томонидан совғалар ва ёрлиқлар билан тақдирланган.
КИНО САНЪАТИДА
Нурилло Аббосхон театрдан ташқари Ўзбеккино ва телефильм студияларида ҳам фаолият кўрсатмоқда. 2005 йилда унинг пьесаси асосида икки қисмли “Қарзи хасана” видеофильми суратга олинган. Кейинчалик муаллиф кино ижодкорлари билан ҳамкорликда ишлаб, “Муҳаббатнома”, “Умид”, “Сенга муҳтожман”, “Йигит йиғламасин”, “Севгинатор-2”, “Ўғри келин” “Гардкам” номли кино асарларида муаллиф сифатида иштирок этди. 2016 йили у фарзанди, ёш драматург Муҳаммад Давлатиллох билан ҳамкорликда “Меҳмонхона”, “Она замин”, “Фаришта” телесериал сценарийларини ёзди. Кейинги йилларда Нурилло Аббосхон давлат буюртмасига биноан олинган “Орзулар қанотида”, “Ибрат”, “Мактаб - ҳаётим”, “Доктор Абдуллаев” номли тўлиқ метражли фильмларда муаллиф сифатида иштирок этди.
ОИЛАВИЙ ШАРОИТИ
Бугунги кунда эркин ижодкор Нурилло Аббосхон икки фарзанди қарамоғида Чортоқ шаҳрида истиқомат қилади. Оила аъзолари шаҳар марказида жойлашган “Маърифат” номли китоб дўконида ишлаб, оила тебратишади.