Меҳрлар қоясида унган Лола


Меҳрлар қоясида унган Лола

Лола Элтоева сиймосига чизгилар


    Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Лола Элтоева 2021 йил “Дўстлик” ордени билан тақдирланди.
   Бу мукофот унинг кўп сонли мухлисларини, устозларини, дўстларини, 1994 йилдан буён фаолият юритиб келаётган Ўзбек Миллий Академик театридаги ҳамкасбларини ва албатта азиз оиласини қувончларга тўлдирди. Бу жуда муносиб мукофот бўлди.
    Лолахон элимизнинг иззатли актрисаларидан бири.
    У гўзал Тошкентда туғилиб камол топди.
   1993 йилда Маннон Уйғур номидаги Тошкент Давлат санъат институтини “Драма театри ва кино актёри” факультетлини тамомлади. Уни ўзи орзу қилган театрга ишга қабул қилинди.
    Баҳор лоласидек очилиб турган бу гўзал қиз биринчи кунидаёқ театр жамоасига қўшилиб – қоришиб кетди.
    Лола Элтоева табиатан тортинчоқ инсон. “Тортинчоқлик артистга ярашмайди. Тортинчоқлик сени кўп нарсадан маҳрум қилади” – дейдиганлар кўп бўлди. Аммо, у нима қилсин бошқача бўлолмайди.
  Аёл зотига ярашмайдиган сурбетлик, юлиб олиш, иззатталаблик каби қусурларнинг ёнидан ҳам ўтмади У. Айнан шудир унинг бахти ва омади.
  Театрда ҳам, кинода ҳам қандай роль беришса миннатдор қабул қилди ва маромига етказиб ижро этади.
  Айрим аёлларда учрайдиган мешчанлик - ҳамма нарсага бирданига эга бўлиш иштиёқи унинг тарбиясида бўй кўрсатмади.
    Лолахон битта нарсани - Аллоҳ томонидан истеъдод билан сийланганлигини биладиган актриса. 
    Исм ҳам инсон ҳаётида ўз аксини намоён этади.
   Лола тоғу тошлар орасида ўсадиган гул. Уни ҳеч ким парваришламайди. Унга ҳеч ким сув қуймайди. Атрофини ўраб ҳимояламайди. У мағрур тоғларнинг эрка қизи. Лоласиз баҳор баҳор эмас. Баҳорсиз умр эса умр эмас. Лола меҳр қояларида ўсади. Энг тоза найсонларда юзини чаяди. Энг тоза ҳаволарда ял-ял яшнаб оламга, одамларга гўзаллик ҳақиқатларини бахш этади. 
   Актёрликни Лола тинимсиз меҳнат ва машаққат билан забт этиладиган муқаддас майдони деб билди.
   Бу майдонга не-не буюк устозларнинг пешона терлари томган. Ўзбекистон Халқ артистлари: Тўти Юсупова, Рихси Иброҳимова, Гулчеҳра Жамилова, Ёқуб Аҳмедов, Эркин Комилов, Турғун Азизов, Саидкомил Умаров, Теша Мўминов, Ёдгор Саъдиевларнинг фаолияти, саҳна ортидаги фидойиликларини қай бирини айтсин?!
    Улар саҳнани жонларидан ортиқ севдилар ва ёшларга ҳар лаҳза ўрнак бўлмоқдалар.
    Лола Элтоева ҳам ижод машаққатлари шараф деб билди.
   У театрда саҳналаштирилган  “Муҳаббат султонида” Лайли, “Уфқ йўллари” да Зеби, “Чимилдиқ”да сингил, ”Жиноят устида ушлансин”да Суюнгул, “Соҳибқирон Темур”да канизак, ”Адибнинг умри”да Зарифа Саидносирова, ”Жаҳон отин Увайсий”да Қуёшхон, “Пири коинот”да Зуҳал, “Макр ва муҳаббат”да Луиза, ”Рашк”да Марям, “Бевалар”да Қумри, “Бор эканда, йўқ экан”да Малика, ”Тонг отган тарафлар”да Тонгёруғ, “Ўзбекча рақс”да Мария Понамарёва, “Иймон”да Азиза, Мирзо Улуғбек”да Феруза, “Кулойим”да Кулойим, “Рашк”да Марям, “Келдию кетди”да Қумри ролларини ижро этди.
   Лола Элтоева “Ўткан кунлар”, “Воиз”, “Дилхирож”, “Домла”, “Қуёш ботмайдиган юрт”, “Акбарнинг саргузаштлари, “Фазли”, “Қор қўйнида лола”, “Кўзларинг маъюс”, “Чашма”. “Музаффар”, “Келгинди куёв”, “Гап”, “Ҳайвонот боғи”, “Паризод”, “Бахт уйи”, “Унутма мени”,  “Қудуқ” каби элликдан ортиқ кино ва видеофильмларда образ яратди. 200 га яқин фильмга ва бир неча телесериалларга овоз берди. 
    Лола Элтоева 1998 йилда “Ўткан кунлар” фильми учун Ўзбек кинофильмлар фестивалида “Энг яхши аёл образи” дипломига сазовор бўлди.
     У 2006 йилда Франциянинг Везуль шаҳрида ўтган Осиё мамлакатлари кинофестивалида бош соврин Гран прини қўлга киритди.
     2013 йилда унга ўзбек миллий санъатига қўшган ҳиссаси ҳамда театр ва кинофильмлардаги ўзбек аёли образи учун “Шарқ аёли” мукофоти берилди.
   2020 йилда ”Маданият ва санъат фидокори” кўкрак нишони билан тақдирланди.
    “Бахтли оиланинг саодатли маликаси”, - дедилар уни.
   Турмуш ўртоғи таниқли рассом Баҳриддин Бозоров билан уч фарзандни тарбияламоқдалар. Катта ўғли Фирдавс Латвия техника университети талабаси, иккинчи ўғли Фародис Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти талабаси, кенжа ўғли Фикрат мактаб ўқувчиси.
    Лолахонимнинг театр ва кинодаги фаолияти оиланинг қувонч ва ташвишларига асло халақит бермади. Баҳриддинжон билан умрларини тушуниш ва қадрлаш, қўллаб-қувватлаш, ардоқлаш каби фазилатлар-ла зийнатладилар.
    Ҳа, Лола Элтоева халқимиз назарига тушган санъаткор.
    Ҳукуматимиз эъзозлаган актриса.
    Мухлисларининг меҳр қояларидан унган ЛОЛА.
                     
Зулфия МЎМИНОВА – шоира.
Манба: "Саодат" журнали. 
2022 йил.










Изоҳлар 1
  1. Инсон дунега келар экан, агар унм ўзи ҳис қилмаса, атроф- муҳитга , ўз фаолиятига эьтиборсиз, оиласини улуғламаса, дўстларини тан олмаса, билмадим у нима учун келди , шунчаки яшаябди. Айнан йўқоридаги фикрларимниннг акси, яьни яшаш учун, юксак малака учун, маьнавий юксаклик учун келган инсонлар ҳам бор, айни шу гўзал, ўта андишали, шарм- хаели, иболи, борини қадрлаб, йўғмни яшириб, инсоф, диенат, иймон- эьтиқод соҳиби деб Лолаҳон Элтоевани айтса бўлади. Мен ҳам Лолаҳон билан бир неча маьрифат учрашувларида биргаликда халқ билан учрашув жараенларида улар билан мулоқотда, наҳотки шундай ноеб, аслий қизларимиз бор экан деб хайратда қолар эдим. Аслида маданият илдизини тарғиб қилувчи саьнат соҳибалари Лолаҳоним каби фазилатли ҳислатларга эга бўлиши, ҳалқ айниқса ҳотин- қизларимиз улардан ибрат ва андоза олишлари даркор. Лолаҳон ҳақиқатдан ҳам гўзал фазилатлари билан ажралиб , ўзларига мафтун қиладилар. Албатта бундай шарқона ҳислатларни оила ҳазиналарида н мерос қилиб, ўз хаетларига угит қилиб олганликлари ни яққол, юриш- туриш, кулиб , очиқчехра билан , муомула маданиятларида ифодаланади, бу ҳаммаси ота- оналарининг Лолаҳонга сарфлаган меҳр ва муҳаббатларининг аксидир. Лолаҳоннинг ота- оналарига минг бор ташаккурларимни, тассанолар айтгим келади. Барча мукофотлар ҳам улврни безаб туради. Мени зукко ва доно шогирд фарзандим Зульфияҳон кимни танлаб, ифода қилишни биладилар, бунинг учун сизга она-устозингиз ролида сизга ўз миннатдорчилигимни билдираман. Ижодий қаламингиз ҳамиша хуш келсин. Омад ва баҳтиерлик ҳамиша сизни безагингиз бўлсин. Лолаҳонимдак асл ва мукаммал, камтар, оддий, мехр- муҳаббатга тўла қизларимизнинг портретини езишни давом эттиринг, чунки Лолаҳондак асл, самимий, , латофатли, интеллект қизаримизга жамият жуда ҳам мухтождир.Лолаҳоним қўша қариб, фарзандларингизнинг камолини кўриб, баҳтиер бўлиб юриш насиб этсин, сиз билан фахрланамиз!

Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:



Маълумот