Умид Шодмоновга табрик
Муқимий номидаги Ўзбекистон давлат мусиқали театри ва кино актёри - Умид Шодмоновни таваллуд топган айёми билан табриклаймиз!
Умид Шодмоновга мустаҳкам соғлик, узоқ умр, ижодий ва ижобий парвозлар тилаб қоламиз!
Камоли эҳтиром ила - Муқимий номидаги Ўзбекистон давлат мусиқий театри ва Muzaffar.uz сайтининг ижодий жамоалари.
Маълумот: Умид Шодмонов 5 январ 1977 йилда Тошкент вилояти Ўрта Чирчиқ туманида таваллуд топган.
Мукофотланмаган. Маълумоти олий. 2000 йили Тошкент театр ва рассомлик санъати институтининг мусиқали драма ва комедия факультетини битирган. Муқимий номидаги Ўзбекистон давлат мусиқий театрида 2000 йилдан буён ишлаб келмоқда.
Умид Шодмонов театрдаги фаолияти давомида репертуардан жой олган қатор спектаклларда хилма хил образлар яратиб, томошабинлар эътиборига тушган ижодкорлардан бири. Жумладан, “Матонат” спектаклидаги Кабир, “Ўлдинг, азиз бўлдинг”да Азиз, “Куёвлар конкурси”да Достон, “Суперқайнона”да Мардон, “Қайчи қудалар”да Султонбек, “Хонума”да Викич, “Асл хазина”да Эсонбой, “Ойонам-қайнонам”да Тошвой, “Меҳр нури”да Жалил, “Гаровдаги муҳаббат”да Самандар, “Паривашга парвонаман”да Тўравой, “Қизи борнинг – нози бор”да Иқбол, “Тобутдан товуш”да Шобарот, “Балли, улоқча”да Сарибой, “Бахтли бўл, дугонажон”да Исмат каби образлари мутахассислар эътирофи ва томошабинлар олқишига сазовор бўлган.
У ўзининг роллари орқали ёш авлод онгида Ватанга, элу-юртга, ўз ишига муҳаббат, катталарга ҳурмат, ёшларга иззат каби эстетик ғояларни сингдириш билан миллий мафкурани тараннум этишда фаолият кўрсатиб келмоқда.
Театр билан бир қаторда, кино ва телерадиокомпания томонидан суратга олинадиган сериал ва фильмларда ҳам турли ролларни маҳорат билан ижро этиб келмоқда. Жумладан, “Келгинди куёв” фильмида Арслон, “Келгинди келин”да проводник, “Тундан тонггача”да Умид, “Қайтар дунё” сериалида Сафоёт, “Одамлар орасида”да Аслиддин, “Турмуш чорраҳалари”, “Оталар сўзи-ақлнинг кўзи” сингари кўрсатувларда томошабинлар меҳрини қозонган турли образларни яратган.