Мавлуда Арслоновага табрик!
Мавлуда Арслоновани таваллуд топган куни билан чин юракдан табриклаймиз! Мавлуда Арслонова узоқ йиллар мобайнида Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлигининг "Ватанпарвар" газетасида фаолият юритиб келган!
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист, дубляж устаси, бетакрор санъаткор - Ҳошим Арслонов умр йўлдоши ҳақида гап кетганда, фахр билан: "Рафиқам журналист" деган сўзни кўп бора айтганларининг шоҳиди бўлганмиз. Санъаткорнинг умр йўлдоши бўлиш осон эмас. Сабаби, актёр ҳали у фильмда суратга тушиш учун югуради, сериалларга боради, дубляжда соатлаб овоз беради, интервьюларда гоҳ мазмунли, гоҳида тутуриқсиз саволларга жавоб беришга мажбур бўлади, натижада асаблари толиқади ва ҳоказо! Айниқса, Ҳошим Арслонов сингари ҳақиқатпарвар актёрлар рост сўзлари учун дакки эшитишади, баъзида тазйиқларга дуч келишади! Гастроль сафарларида кунлаб йўқ бўлиб кетишини гапирмасак ҳам бўлади. Аёл киши барибир рашк қилади, севган кишисини ёт нигоҳлардан қизғанади (айниқса, турмуш ўртоғи таниқли, баланд бўйли, хушмуомала бўлса)! Шунинг баробарида, санъаткорнинг рафиқасига ҳам кўп нарса боғлиқ. Санъат аҳли ижодкор, истеъдодли бўлиш баробарида кўнгли бола каби нозик, нозиктаъб кишилар бўлишади ва уларни биргина ширин сўз билан кўкларга кўтариш ёинки ножўя, эҳтиётсизлик туфайли айтилган битта сўз орқали қалбини жароҳатлаб қўйиш, вайрон қилиш жуда осон! Қачонки, оилада тинчлик-тотувлик, ўзаро ишонч ва меҳр-муҳаббат ҳукмрон бўлар экан, ўша оиладаги санъаткорнинг ишлари муваффақият сари олға силжийди! Бу оилага назар ташлар эканмиз, ижодкорлар оиласида фарзандлари ҳам тарбияли, халқ хизматида камарбаста эканликларини, ота-онанинг рисоладагидек тарбия бера олишганини кўриб қувонамиз!
Таассуфки, Ҳошим Арслоновни бешафқат ажал орамиздан барвақт олиб кетди... Бугунги таваллуд айёмида у кишини ёдга олмоғимиз ҳам қарз, ҳам фарздир. Инчунун, оилавий даврада Ҳошим Арслоновнинг ўрни жуда-жуда билинади. Илоҳим руҳлари шод, охиратлари обод, жойлари Жаннатда бўлсин!
Мавлуда Арслоновага энг аввало, метиндек мустаҳкам соғлик, Бойсун чиноридек узоқ умр, бахт-саодат тилаймиз! Барча орзу-умидлари рўёбга ошишини тилаб қоламиз! Дунёдаги жамики энг юксак истакларимиз Мавлуда Арслоновага ҳамроҳ бўлсин!
Камоли эҳтиром ила - Музаффар МУҲАММАДНАЗАР.